Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
3 октябрь, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Ўз мухбиримиз

25.05.2023


Янги Ўзбекистоннинг олтин фонди, бебаҳо хазинаси

“Сўнгги қўнғироқ”  тадбирлари

“Ҳеч шубҳасиз, ўз билим ва истеъдодини Ватанимизга муносиб фарзанд бўлишдек мақсадларга сарфлашга бел боғлаган сиз каби ёшлар – янги Ўзбекистоннинг олтин фонди, бебаҳо хазинасидир”.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг умумий ўрта таълим мактабларининг битирувчи ёшларига йўллаган табриги юртимиз ва хусусан, вилоятимиздаги мактабларда “Илмни қадрланг, илмга интилинг!” шиори остида ўтказилган “Сўнгги қўнғироқ” тадбирларида ўқиб эшиттирилди.

- Президентимиз ўз табрикларида битирувчиларга юзланиб, "Мен сиз, азиз фарзандларимдан бир нарсани сўрайман: тинимсиз ўқиб, изланиб, замонавий билимларни эгаллашдан асло тўхтаманг! Доимо вақтнинг қадрига етиб, мунтазам билим ва тажрибангизни ошириб борсангиз, қатъий белгилаб олган режа ва мақсадларингиз сари дадил ҳаракат қилсангиз, албатта келгусида катта муваффақиятларга эришасиз", дея таъкидладилар, - деди вилоят ҳокими Муротжон Азимов ўзи таҳсил олган Китоб туманидаги 49-сонли мактабда ташкил этилган тадбирда. - Бугун таълим соҳасига қаратилаётган эътибор келажакда ўз мевасини бериб, янада буюк, янада ривожланган давлатга айланишимизга ишонаман.

Тадбир якунида вилоят раҳбари ўқувчилик даврларидаги устозлари билан учрашди, мактаб маъмурияти ва фахрий ўқитувчилар, аъло баҳоларга ўқиган битирувчиларга эсдалик совғалари улашди.

Қарши шаҳридаги 29-умумий ўрта таълим мактабида бўлиб ўтган “Сўнгги қўнғироқ” тадбирида эса ушбу таълим масканини тамомлаётган 132 нафар битирувчи, уларнинг устозлари ва ота-оналари, фахрий ўқитувчилар, касаба уюшмаси, маҳалла ва ҳамкор ташкилотлар вакиллари қатнашдилар.

Битирувчиларга табрик сўзлари йўлланиб, ўқитувчиларга чуқур миннатдорлик изҳор этилгач, мактаб ҳаётида фаол иштирок этаётган, шунингдек, одоб-ахлоқи, интилувчанлиги билан тенгдошларига ўрнак бўлаётган ўқувчиларнинг ота-оналарига ташаккурномалар берилди. Олтин медалга сазовор бўлган 7 нафар иқтидорли битирувчининг ютуқлари эътироф этилиб, улардан бир нафари – Фарруҳ Чориқулов муддатидан олдин Тошкент давлат иқтисодиёт университетида таҳсил олиш ҳуқуқини қўлга киритганлиги маълум қилинди.

Вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси умумий ўрта таълим ташкилотлари фаолиятини мувофиқлаштириш шўъбаси бошлиғи Бобоқул Қорабоев томонидан таҳририятимизга тақдим этилган маълумотларга кўра, 2022-2023 ўқув йилида воҳамиздаги 1 минг 215 та мактабни 42 минг 226 нафар йигит ва қиз битирган. Улардан 1 минг 223 нафари ўқишни олтин, яна 214 нафари эса кумуш медаль билан тамомлаган.

Ўз мухбиримиз

Report typo