Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
8 февраль, чоршанба. 2023 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Тиббиёт
  • Жорий йилда вилоятимизнинг қайси туманларида инсонларда қутуриш касаллиги қайд этилган?

Шоҳиста БОЗОРОВА

02.11.2022


Жорий йилда вилоятимизнинг қайси туманларида инсонларда қутуриш касаллиги қайд этилган?

Матбуот анжумани

Вилоятимизда олиб борилган чора-тадбирларга қарамасдан, жорий йилнинг тўққиз ойида баъзи юқумли касалликлар бўйича эпидемиологик вазият мураккаблашди. Жумладан, қўзғатувчиси аниқланмаган ўткир юқумли ичак касалликлари 3637 тани ташкил этди.

Қарши шаҳридаги Журналистлар уйида санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати вилоят бошқармаси томонидан ОАВ ходимлари, журналистлар ва блогерлар учун ўтказилган матбуот анжуманида шу ва яна бир қатор рақамлар ошкор этилди.

Бошқарма масъул ходимларининг айтишича, воҳамизда шу даврда  қайд этилган ўткир юқумли ичак касалликларини этиологик таркиби таҳлил қилинганда, жами касалликнинг 6,9 фоиз улуши қўзғатувчиси аниқланган ва 92,1 фоизи қўзғатувчиси аниқланмаган диарея касалликларига тўғри келади.

Таъкидландики, вилоятда жорий йил январь-сентябрь ойларида юқумли касалликлар билан умумий касалланиш 31 минг 772 та қайд этилиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 6,9 фоизга ошди.

- Вилоятда 2022 йилнинг ўтган даврида 2138 та ҳар хил ҳайвонлардан жароҳатланиш қайд этилиб, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 413 тага ошган, - дейди санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати вилоят  бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Собир Муродов. - Эътиборсизликлар натижасида Косон, Китоб, Деҳқонобод, Чироқчи ва Кўкдала туманларида 1 тадан қутуриш касаллиги қайд этилди.

Ҳозирги кунда дунёнинг барча давлатларида коронавирус юқумли касаллиги бўйича эпидемик вазият сақланиб қолмоқда. Вилоятимизда ҳам жорий йилда 1452 нафар фуқарода касалланиш ҳолати қайд этилган. Коронавирус билан зарарланганликда гумон қилинганларга тез ва сифатли тиббий хизмат кўрсатиш учун шошилинч тиббий хизмат кўрсатиш бўйича шифокор, реаниматолог, инфекционист, эпидемиолог ва вирусологлардан иборат 3 та тезкор гуруҳ тузилиб, тез тиббий ёрдам станциясида 24 соатлик навбатчилик ташкил қилинган.

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати томонидан 9 ой давомида жами 2005 та объектда санитария назорати олиб борилди ва аниқланган камчиликлар юзасидан 1169 нафар мансабдор ҳамда жавобгар шахсларга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, жами 801 миллион сўмдан зиёд миқдорда жарима жазоси қўлланилди.

Шунингдек, матбуот анжуманида ҳудудлардаги ўрганишларда кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқаролар, "Темир дафтар"га киритилган аҳоли қатлами, шу билан бирга, шифокорлар, ўқитувчиларнинг бепул эмланиши бўйича олиб борилаётган ишлар хусусида ҳам тўхталди.

Матбуот анжуманида журналист ва блогерларни қизиқтирган саволларга жавоб берилиб, таклифлар бўйича фикр алмашилди.

Шоҳиста БОЗОРОВА

Report typo