Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
6 февраль, душанба. 2023 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Жамият
  • Вилоят ҳокимининг ўринбосарлари халққа телевидение орқали ҳисобот беришади

28.07.2022


Вилоят ҳокимининг ўринбосарлари халққа телевидение орқали ҳисобот беришади

Жорий йилнинг август ойидан бошлаб, Қашқадарё вилояти ҳокимининг барча ўринбосарлари халқ билан очиқ мулоқотни таъминлаш учун ҳар ойда камида бир марта “Ҳар бир мурожаат эътиборда” ва “Ислоҳотлар амалда” каби туркум телекўрсатувларда бевосита иштирок этиб, ўзларига бириктирилган соҳалар фаолияти юзасидан халққа ҳисобот беришади.

Бундай талаб вилоят ҳокимининг жорий йил 20 июлдаги “Вилоятда аҳоли мурожаатлари билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармойишида қўйилган.

Мазкур ҳужжат билан тасдиқланган режа-жадвалга кўра, телевидение орқали “халқ билан очиқ мулоқот”ни шу йил 4 августда вилоят ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича биринчи ўринбосари Улугбек Узаков бошлаб бериши керак. Унинг қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни аҳолига ижарага бериш ва озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириш ҳажмини ошириш борасида қилинаётган ишлар тўғрисидаги ҳисоботи ҳамда телетомошабинлар саволларига жавобларга 3 соат (18:30 дан 21:30 гача) эфир вақти ажратилади.

Кейин худди шундай форматда вилоят ҳокимининг бошқа ўринбосарлари ҳам навбатма-навбат ҳисобот беришади, жумладан:

8 августда – вилоят ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари Алишер Қодиров (вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш истиқболлари ва бу йўналишда амалга оширилаётган ишлар тўғрисида);

10 августда – вилоят ҳокимининг қурилиш, коммуникациялар, коммунал хўжалик, экология ва кўкаламзорлаштириш масалалари бўйича ўринбосари Акбар Эшонкулов (қурилиш, ободонлаштириш ҳамда туман (шаҳар) марказларининг замонавий қиёфасини шакллантириш борасида олиб борилаётган ишлар тўғрисида);

12 августда – вилоят ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Рустам Юлдашев (вилоятда мактабгача таълим тизимида амалга оширилаётган ишлар ва хусусий боғчалар фаолияти ҳамда болаларни мактаб таълимига сифатли тайёрлашда мактабгача таълим муассасаларининг ўрни ва янгича ёндошувлари тўғрисида);

16 августда – вилоят ҳокимининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо бошқармаси бошлиғи Уткир Қодиров (соҳада амалга оширилаётган ишлар тўғрисида)

18 августда – вилоят ҳокимининг жамоат ва диний ташкилотлар билан алоқалар бўйича ўринбосари Илҳомжон Арзиқулов (вилоятда жамоат ташкилотлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш, уларининг ижтимоий ва иқтисодий фаоллигини ошириш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида)

23 августда – вилоят ҳокимининг туризм, маданият, маданий мерос ва оммавий коммуникациялар масалалари бўйича ўринбосари Алишер Зокиров (вилоятда мазкур соҳаларда амалга оширилаётган ишлар тўғрисида)

26 августда – вилоят ҳокимининг ўринбосари – оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарувчи Комила Карамова (хотин-қизларнинг ижтимоий ҳаётдаги фаоллигини ошириш, уларнинг  касб-ҳунар эгаллаши ва бандлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида).

Шунингдек, фармойишга мувофиқ вилоят ҳамда шаҳар ва туманлар сектор раҳбарлари ҳам ҳар ойда камида бир марта пухта тайёргарлик кўрган ҳолда очиқ мулоқот ўтказиш орқали жамоатчиликка ва қонунчиликда белгиланган муддатларда халқ депутатлари Кенгашларига ҳисобот тақдим этишлари лозим.

Суратлар Қашқадарё вилояти ҳокимлигининг расмий сайтидан олинган.

Report typo