Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
30 апрел, сешанба. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Иқтисодиёт
  • Ғузорда терини қайта ишлаш бўйича истиқболли инвестиция лойиҳаси рўёбга чиқарилади

Ўз мухбиримиз

22.02.2024


Ғузорда терини қайта ишлаш бўйича истиқболли инвестиция лойиҳаси рўёбга чиқарилади

Қашқадарё ва дунё

Вилоятимиздаги "Xusayn" корхонаси ва Туркиянинг "Ikiler" компанияси тез орада Қашқадарёда терини қайта ишлаш бўйича йирик инвестиция лойиҳасини амалга ошириш ҳақида келишиб олишди.

"Ўзчармсаноат" уюшмаси мутасаддиларининг маълум қилишича, мазкур келишувга яқинда уюшма вакиллари ва аъзоларининг Туркияга қилган ташрифи чоғида эришилган. Унга кўра, вилоятимиздаги корхонада Туркия технологиялари асосида Қашқадарё ва Сурхондарёда ҳосил бўладиган қўй териларини қайта ишлаш ҳамда тайёр чармдан қўшилган қийматга эга маҳсулотлар - пойабзал, чарм-атторлик буюмларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.

- Лойиҳани икки босқичда ҳаётга татбиқ этишни мўлжаллаяпмиз, - дейди Ғузор туманидаги "Xusayn" корхонаси таъсисчиси Абдиназар Нуриддинов. - Дастлаб бир кунда 1,5 минг, бир йилда эса 432 минг дона қўй терисини қайта ишлаб, сифатли чарм ишлаб чиқаришни режалаштираяпмиз. Лойиҳамизнинг ушбу босқичида тахминан 2 миллион 843 минг доллар миқдорида маблағ сарфланиши кўзда тутилган. Шундан 1,8 миллион долларни Туркиядан зарур асбоб-ускуналар сотиб олишга, қолганини мавжуд бино ва иншоотларимизни реконструкция қилишга йўналтирмоқчимиз. Ҳозир юқори малакали мутахассисларни жалб этиб, шу лойиҳанинг техник-иқтисодий асосланишини ишлаб чиқаяпмиз. Кейинги босқичда турли хил пойабзаллар ва бошқа тайёр чарм буюмлари ишлаб чиқаришни мақсад қилганмиз.

Таъкидлаш жоизки, воҳамизда 1992 йилдан буён ишлаб келаётган ва 1998 йилда ҳозирги кўринишида қайта рўйхатдан ўтган "Xusayn" хусусий корхонаси шу пайтгача асосан технологик жараёнларни автоматик бошқариш тизимларини яратиш ва татбиқ этиш соҳасида фаолият юритган. Кейинги икки-уч йил давомида ушбу кичик бизнес субъекти юртимиздаги йирик мобиль алоқа компанияларидан бири томонидан ўтказилган тендерларда ғолиб чиқиб, унинг турли ҳудудлар - Қорақалпоғистон Республикаси, Қашқадарё, Сурхондарё, Навоий, Сирдарё, Фарғона ва бошқа вилоятларда жойлашган объектлари энергия таъминоти ва ташқи электр таъминотини ташкил этиш ва тиклаш бўйича катта ҳажмдаги ишларни бажармоқда.

- Воҳамизда йирик шохли қорамоллар терисини қайта ишлаш йўлга қўйилган бўлса-да, қўй терисига замонавий усулда ишлов бериш ва ундан сифатли чарм ишлаб чиқариш тармоғи ҳали зарур даражада тараққий этмаган,  - дея таъкидлайди Абдиназар Нуриддинов. - Шундай экан, биз бу йўналишга ҳам эътибор қаратиб, уни ривожлантиришга ҳисса қўшмоқчимиз. Барча режаларимиз амалга ошса, шу йилнинг ўзидаёқ технологик линияни олиб келиб ва маҳаллий аҳоли вакилларидан камида 15 нафарига туркиялик мутахассислар кўмагида иш ўргатиб, янги қувватларни ишга туширамиз.

Туркиядаги "IKILER Deri Makinaları" компанияси етакчиси Назим Байток "Xusayn" корхонаси билан Қашқадарёга терини қайта ишлаш учун мўлжалланган 1,8 миллион долларлик замонавий асбоб-ускуналарни етказиб бериш, уларни ўрнатиш, ишга тушириш ва маҳаллий ишчиларга иш ўргатиш ҳақида келишувга  эришилганини тасдиқлар экан, компания мутахассислари тез орада Ўзбекистонга боришга тайёрлигини ҳам билдирди.

"Ўзчармсаноат" уюшмаси матбуот хизматининг хабар беришича, уюшма ва унга аъзо корхоналар вакилларидан иборат делегациянинг Туркияга амалга оширган ишбилармонлик ташрифи доирасида юртдошларимиз терини қайта ишлаш ва пойабзал ишлаб чиқариш корхоналари жойлашган Измир эркин саноат ҳудудида ҳам бўлиб, чарм саноати корхоналари фаолияти ва лойиҳаларни саноат ҳудудида жойлаштириш тажрибаси билан танишишди.

Хусусан, делегация аъзолари "Nevzat Onay" корхонасида бўлиб, ишлаб чиқариш жараёнлари ва маҳсулотлар намуналарини кўздан кечиришди. Премиум классдаги пойабзалларни ишлаб чиқариш ва шахсий брендни шакллантиришни ўрганишди. Туркиянинг "EGE" корхонасида бўлиб ўтган мулоқотлар чоғида эса сунъий чармни ишлаб чиқаришда икки томонлама ҳамкорликнинг истиқболлари кўриб чиқилди.

Вилоят статистика бошқармаси томонидан эълон қилинган дастлабки маълумотларга қараганда, 2023 йилда вилоятимиздан жами 524,3 минг долларлик тери маҳсулотлари ва чарм, шунингдек, 547,4 минг долларлик чарм маҳсулотлари экспорт қилинган. Ваҳоланки, 2024 йил 1 январь ҳолатида йирик шохли қорамоллар (1 миллион 728,2 минг бош) ҳамда қўй ва эчкилар (5 миллион 27,4 минг бош) сони бўйича республикада етакчи ўринларни эгаллаб келаётган Қашқадарёнинг бу борадаги экспорт салоҳияти, шубҳасиз, анча юқоридир.

Ўз мухбиримиз

Report typo