Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
26 апрел, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Ўз мухбиримиз

27.01.2022


Умакайликлар кутган кун келди

Чироқчи туманининг Умакай маҳалласи қўшни Самарқанд вилояти билан туташ, марказдан олис ва табиий-иқлим шароити оғир ҳудудда жойлашган. Одамлари самимий, хайрли бир иш бошланса, бош қўшишга тайёр туришади.

Улар "Обод қишлоқ" ва "Обод маҳалла" дастурлари асосида жойларда амалга оширилаётган кенг қамровли бунёдкорлик ишлардан яхши хабардор. Шу асосда нафақат қиёфаси, балки одамлари ҳаёти ҳам тубдан ўзгарган, аҳолисини тоза ичимлик суви, электр энергияси ва газ ёқилғиси билан узлуксиз таъминлаш йўлга қўйилган обод манзилларга, уларда яшовчиларга ҳавас қилишарди. Ўзларида ҳам ички автомобиль йўллари, ирригация тизимлари, ижтимоий соҳа ва туризм объектларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш билан боғлиқ тадбирлар амалга оширилишидан умидвор эдилар.  

Мана, умакайликлар кутган кун ҳам келди. Ҳудудни обод қилиш бўйича катта ишлар бошлаб юборилди. Шу муносабат билан вилоят ҳокими Муротжон Азимов бошчилигидаги масъуллар ушбу манзилда бўлишиб, маҳаллада тегишли дастур доирасида амалга оширилиши режалаштирилган ишларнинг бажарилиши    юзасидан ташкил қилинган махсус-тактик ўқув машқини кузатди. Кўпни кўрган оқсоқоллар билан суҳбатлашди, аҳоли вакиллари билан учрашиб, уларнинг муаммолари ҳақида сўради, таклифларини эшитди. Ана шу аснода аҳоли билан биргаликда ҳудудни обод қилиш, бу ердаги тадбиркорликни ривожлантириш йўналишлари яна бир бор таҳлил қилинди. Масъулларга қўшимча кўрсатмалар берилди.     Шу куннинг ўзида, дастурда кўзда тутилганидек, 41 километр ички тупроқ йўлларга тош-шағал тўшаш, мажуд 3 та сув иншоотидан биттасини реконструкция қилиш, 21,7 километр электр линияси тортиш учун 540 та янги таянч устунлари ўрнатиш ва 3 та  трансформатор пункти қуриш, аҳолига маиший газ баллонлари тарқатиш ҳамда 10 мингта манзарали ва мевали дарахт кўчатлари ўтқазиш бўйича ишлар бошланди.

Ўз мухбиримиз

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

Report typo