Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
11 октябрь, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Б.САЙФИЕВ

08.02.2024


ҚУЁШ ТОНГДАН ШОМГА ҚАРАБ БОТГАЙДИР, БИРОҚ ОНГ ҚУЁШИ СИРА БОТМАГАЙДИР

Сараланган сатрлар

Алишер Навоий даҳоси ҳақида шу вақтгача кўплаб асарлар яратилган, тадқиқотлар қилинган ва бу жараён тўхтовсиз давом этаверади. Навоий бир уммонки, излаган киши дуру гавҳар топади. Ўзбек адабиётида буюк сўз санъаткори ҳақида ёзилган асарлар ичида Исажон Султон қаламига мансуб "Алишер Навоий" романи ўз ўрнига эга бўлиб улгурди. Асарда мутафаккир, ғазал мулкининг султони саналмиш зотга ҳурмат-эҳтиром акс этиши баробарида, янгича назар, ифода, кўплаб қизиқарли маълумот ва далиллар кўзга ташланади. Муаллиф романда "Хазойин ул-маоний"даги тўрт девон каби "Ғаройиб ус-сиғар", "Наводир уш-шабоб", "Бадое ул-васат", "Фавойид ул-кибар" номли боблар орқали Навоий умрининг турли даврларига чизгилар беради.

Бугун шу асардан айрим лавҳаларни эътиборингизга ҳавола этмоқдамиз.

*  *  *

Билиш ва ўрганиш инсонликнинг энг олий вазифасидир! Инсон - ўргана оладиган, англай оладиган ва ярата оладиган хилқатдир. Яратувчанлик қобилияти инсонда бениҳоя етук. Шу сабабли Тангри таоло ўз каломида инсоннинг энг устун жиҳати ақл юритиш эканини қайта-қайта уқтирди. Ақлингиздан фойдаланинг, дея сизга оятларини изоҳлади. Билган билан билмаган тенг бўлурми, деди. Ақллини кўзи очиққа, нодонни кўрга қиёслади. Жоҳил - фақат еб-ичишни ва ўз оромини ўйлайдиган кимсадир. Етук киши эса яратувчи, бунёд қилувчидир!

*  *  *

Тилларни бир-биридан устун қўювчиларни ёки камситувчиларни Абу Абдуллоҳ Жунайдий жонзотларнинг энг тубани, дедилар. Ҳатто ваҳший ҳам у ёки бу жонлиқни ўзгасидан устун ёки паст кўрмас. Мен шу дамгача у ёки бу тил устун деган кишидан ёмонроғини кўрмадим. Жавҳарингизда Тангри даргоҳларидан келган, тафаккур қилишни севадиган бир руҳ бор. У намоён бўлмоқни истайдир. Тил ўрганурки, ўзимни кўрсатай дея. Бирини ўрганур, озлик қилгайдир. Иккинчисини ўрганур, яна озлик қилур. Учинчисини ҳам ўрганур, қараса, бу ҳам оз. Барча тилларни ўрганса ҳам "Ўзимни ифода қилмоққа булар етмас" деябергайдир. Сўз ила мамлакатлар бунёд этгай, уммонларни сўзлатгай, қуёшни мулозим қилиб, юлдузни девонига ҳошия қилиб қадагайдир.

*  *  *

Қуёш тонгдан шомга қараб ботгайдир, бироқ, онг қуёши сира ботмагайдир. Денгиз Шомдан бошланиб Румда тугаса, илм денгизининг охири йўқдир.

*  *  *

Юлдузлар боқий эмаслар. Вақти келгач, "Бас, қачонки, юлдузлар сўндирилгач" қавлига мувофиқ, чўғ каби сўниб битарлар. Шунингдек, қуёшу ой, туну кун ҳам мангу эмасдир. Маҳшар куни албатта жойларидан силжийдилар ва ўралиб-нурсизланадилар. Тангри таоло мўъжизаларидан бири бўлмиш сўз эса мангуликка айланиб, маҳшардан сўнгра ҳам ҳаётини давом эттиради.

*  *  *

Сортлар туркчани черик тили дебдилар. Ҳарбийда иш бир неча сўз ила битгай. Шу боис кимдир шунга қараб, туркчани камситибди. Қолдики, ашъорда эл тилидаги достону равишларни мисол қилиб келтиришади, туркчанинг ўз савти йўқ дея. Ваҳоланки, туркчанинг шундай хўб ва ажаб сўзлари бордирки, ўзгаларда йўқ, - деб бир байт ўқиди:

Ўт агар сувни куюрмас бўлса, эй жони жаҳон,

Не учун бу Лутфийнинг жонин дудоқинг куйдурур?

- Ўт деб ёр дудоғининг қизиллигига, сув деб ўзининг ҳақирлигига ишора қилибдилар. Бу санъатни кўринг! Ўт сувни куйдирмас эди-ку, менинг жонимни нечун куйдирмоқда?

*  *  *

Фикр асоси мулоҳаза илонларига жон ато айлади. Қалбнинг шундай мазмунлардан завқланишининг ўзи ажаб, оламда бундан улуғроқ ганж йўқ, Алишер шу улкан хазинага эга чиққандай эди.

*  *  *

Салтанат шоҳсупасига ғазабнок шердай бўлиб Абусаид Мирзо келиб ўтирди. Шерда адолат не қилсин? Жонзотлар шоҳи деб аталса-да, бу таъриф унга куч-қудрати боис берилгани маълум. У ахир, ҳудудларни кеза-кеза, ўз чегараларини белгилаб, ким даф қилса шиддат ила ташланиб ўлдирадиган, табиат ҳукми боис ов қиладигану чангалига тушган тирик жон қонини оқизиб, суякларини синдира-синдира ғажиб ташлайдиган бир йиртқич эмасми?

*  *  *

Олимнинг яхшиси султонлар ҳузурига бормаганидир.

*  *  *

Унинг махлуқлари орасида ҳунукларию гўзаллари, ваҳшийларию мулойимлари бор. Олимлардан бири айтдики, уларнинг яралишидан мурод инсон гуноҳу савобларининг қиёфа олиши мумкинлигига ишорадир. Гуноҳлар ҳунук, қўрқинчли, ваҳший яратиқлар шаклида, савоблар эса хушсурат қушлар каби ўз эгаси қошига учиб келгайдирлар, деди. Албатта, Тангри билгувчидир. Вақти келиб, теварагингиздаги ҳар нарса ўзининг аҳволидан сўзлаб, хабар бера бошлайди.

*  *  *

Қиёслар, таққослар, инкорлар, завқлар, ҳайратлар, қўрқувлар, хавотирлар, ўзни унутишлар - буларнинг барчаси Тангри ошиқларининг ҳолати эмасми? Менимча, уларга маҳлиё бўлган киши билан оламдан этак силкиган киши ўртасида фарқ бор. Дарвишлар Тангри таолонинг "роҳийм" ва "ғофир" сифатига муштоқ бўлиб таркидунё қиладилар. Менимча, унинг "карийм" сифатига ошиқ бўлиш кишини янада юксакка кўтарур.

*  *  *

Темурий салтанат тўлғанади, фиғон чекади. Боиси, ҳар ким ўзини улуғ Амирга тенг кўришида, унингдек султон ўзимман деб хаёл қилишида.

*  *  *

Тақдир ёй, мусибат ўқ бўлса-ю, уни отгувчи Аллоҳ бўлса, қайга қочиб қутулгайсан? Албатта, отгувчининг ўзига!

*  *  *

Нафақат ер юзи, балки Коинот ҳам тенги йўқ қудрат кўргазмасидир, унинг ҳақиқатлари эса илм туфайли маълум бўлгай. Ҳар дам, ҳар нафасда бир савоб ҳосил қилишга саъй қилингайдир, савоб эса ниятдан пайдо бўлиши маълум. Машҳадда шайх Абу Абдуллоҳ Жунайдийнинг "Тангри таоло яратган барча яратиқларни севмоқ" деган сўзлари шу тариқа ўз маъноларини очди. Авлиёнинг "Ҳар маҳрумият муваффақиятдир, ҳар муваффақият маҳрумиятдир" деган ҳикмати эса у маъно пештоқига олтин сарлавҳа бўлиб муҳрланди.

*  *  *

Баъзилар, нафл ибодати билан машғул бўлиш халққа хизмат қилишдан фойдалироқ деб ўйладилар. Ваҳоланки, хизматнинг самараси кўнгиллардаги муҳаббат ва ҳузурдир. "Қалблар, ўзига яхшилик қилган одамга муҳаббатли бўладиган қилиб яратилганлар" сўзлари буни яхши англатади. Нафл ибодатининг натижаси ва мўъминлар муҳаббатининг ҳосиласи асло бир даражада эмас… Бири дарё бўйидаги ёлғиз дарахт бўлса, иккинчиси яхшилик кўрган мўминлар саноғичалик улкан бир боғдир. Булар менинг эмас, Хўжа Аҳрор валийнинг сўзларидир. У дедики: "Мен бу ҳақиқатларни тасаввуф китобларидан билиб олганим йўқ, халққа хизмат қилиб ўргандим!"

*  *  *

Улуғ Тангри таоло ер тубларидан само тоқига қадар даражотлар бино қилди ва уларга турли-туман яратиқларини жойлади. Бу шундайки, бир жон эгаси ер юзида сургалса, бошқаси елдай учади. Бири хурмо оғочи бўйи қадар қанот қоқса, бошқаси булутлар устида парвоз қилади. Булар инсон даражаларини кўрсатиб туриши билан бирга, юзлаб-минглаб судралувчи, сирғалувчи, сузувчи, одимловчи, югурувчи яратиқларнинг барчаси ягона бир манзилга ишора қилиб туриши ажаб! Бас, шундай экан, гуноҳлар тирик жонни тилка-пора қилгувчи махлуқлар шаклида нечун қайтадан жонланмасин? Бир кишига етказилган ипдай зарар нечун қаттол илонга айланмасин?

*  *  *

Савоб қалбнинг ишидир - шу сабабдан ҳатто ниятга ҳам қиймат берилиши таъкидланди. Билинг, Каъба Тангрининг уйи бўлса, қалб - Аллоҳ таолонинг назаргоҳидир!

*  *  *

Нaҳoт сeнинг лутфу кaрaминг шундaй бўлсa! Сeн, axир, дaстурxoн ёз oчлaргa! Тўқлaр oртиғини ея oлмaйдилaр, aкс хoлдa қoринлaри шишиб кeтиши мумкин. Axир булутлaр чaнқaб, қуриб ётгaн экингa ёғмaй, дeнгиз устидaн ўтaётгaндa ёғaдими - бундaн нимa фoйдa! Кимки oч бўлсa, луқмa унинг нaсибaсидир. Тўнни ким ялaнғoч бўлсa, ўшa кийгaни дуруст-ку!

*  *  *

- Муҳаммад Бурундуққа мартаба тайин этмадик, - деди Султон Ҳусайн. - Шундан норизолиғи бўлса ажабмас. Мартаба тайин этмаслигимизнинг  боиси қушга кўп майли борлиги. Шу қадарки, бир қуши ё ити ўлса, ўғилларининг отини тутуб айтур эканки, бу қуш ўлгунча сен ўлсанг не эди, ёки фалончининг бўйни синса не эди? Мундоқ кишига мартаба тайин этилурми?

*  *  *

Ҳаёт гулзор кабидир. Бир асалари баҳор чоғи сон-саноқсиз чечаклар узра учиб, зарра-зарра гулчанг тўплаб болга айлантирганидай, бир инсон ҳам ҳаёт гул-чечакларидан баҳра олиб, уни неъмату шифо саналмиш билим ва санъатга айлантирур. Қўриқчи асаларилар номақбул гул чангини олиб келган қавмдошини ҳалок қилгани каби, имон қўриқчилари ҳам фикр уйи олдида ўшандоқ тургайлар. Ул муаззам даргоҳга пок, ҳалол ризққина киргайдир.

*  *  *

Инсонга ато этилган ёруғ дунёнинг сон-саноқсиз неъматлари аро сўз - ўзга оламнинг, мангулик диёрининг вакилидир. Шунча жон эгалари орасидан угина мангуликка учгайдир. Тоғлару уммонлар, саҳро-ю кўллар, мулклару салтанатлар - барининг кули кўкка совурилиб кетар экан, фақат угина қиймат топгайдир. Фозиллар айтадиларки, инсон боласи шунчалар мукаррамки, ёруғ дунё унинг биргина нафасига арзимайди! У ҳолда, ўша нафас не? Қай сўзни айтиши учун ато этилмиш?

Б.САЙФИЕВ тайёрлади.

 

Report typo