Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
6 декабрь, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Н.ХЎЖАЕВ

11.10.2019


"ТОМОША ИЧИДА ТОМОША" КЎРИНИШИДА АКС ЭТГАН МИЛЛАТ ФОЖИАСИ

Хабарингиз бор, Вазирлар Маҳкамасининг халқимизнинг севимли адиби Абдулла Қодирий таваллудининг 125 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисидаги фармойишига асосан кенг кўламли тадбирлар давом этмоқда. Тошкент шаҳрида Абдулла Қодирий ижодига бағишланган адабий музей, ижодий мактаб, кутубхона барпо этилиб, адибнинг маҳобатли ҳайкали ўрнатилиши, ёзувчи яшаб ижод қилган уй - Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур тумани Самарқанд дарвоза кўчаси 35 ва 37-уй манзилларида Абдулла Қодирий уй-музейини ташкил этиш белгиланган.

Ўз навбатида адиб ҳаёти ва ижодига бағишланган бадиий фильм, асарлари асосида қисқа метражли фильм яратилиб, республика театрларида адиб асарлари асосида спектакллар саҳналаштирилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби Исоқ Тўраев режиссёрлигида вилоятимиз томошабинлари, санъат ихлосмандлари эътиборига ҳавола қилинган спектаклни бу борадаги эзгу ишларнинг мантиқий давоми дейиш мумкин.

"Бахтсиз куёв" драмаси ўз вақтида миллат фидокорининг халққа чорлови сифатида майдонга чиқди. "Томоша ичида томоша" кўринишида акс эттирилган спектаклда қатор рамзий ифодалардан ўринли фойдаланилган. Жумладан, бош қаҳрамон Солиҳнинг арқон тўқувчи ҳалол, меҳнаткаш инсон тимсолида ўзи тўқиган арқон қурбонига айланганидан тортиб, ушбу томошаларнинг барчаси бугунги актёрлар труппаси ижросида эканлигини томошабинга англатгунгача бўлган воқеликлар бир тизгинда намойиш этилади.

Саҳна асаридаги эътиборга молик яна бир жиҳат, тўйлардаги ортиқча ҳашамлару дабдабабозликлар, динимиз тамойилларига мутлақо тўғри келмайдиган "қадриятлар" дея таъриф олган кимўзарга қилинган маросимларнинг асл фожиаси сабаблари ва моҳиятини теран ёритишга ҳаракат қилинади. Солиҳ  ролини ижро этган труппа актёри ижро жараёнида фожеликни теран англаши оқибатида юраги миллатнинг бу дардини кўтара олмаслиги бадиий ифодасини топган.

- Абдулла Қодирий ижодининг бошида ёзилган "Тўй", "Аҳволимиз", "Миллатимга бир қарор", "Фикр айлағил" каби шеърлари, "Бахтсиз куёв" драмаси, "Жувонбоз" ҳикоясида маърифатпарварлик руҳи, жадидона кайфият сезилади, - дейди саҳналаштирувчи режиссёр, Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби Исоқ Тўраев. - Спектаклда буюк ижодкор асарига янгича назар солишга интилдик, ўйлайманки, бу изланишларимиз томошабинларга маъқул келади.

Н.ХЎЖАЕВ

Суратларда: спектаклдан лавҳалар.

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

 

Report typo