Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
28 март, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Бахтиёр МЕНГЛИЕВ

24.10.2017


ТИЛ ҚАЧОН ЎЛАДИ?

Тил - моддий, маънавий меросни сақлаш ва бойитишнинг энг кучли воситаси. ЮНЕСКО ҳисоб-китобига кўра, мавжуд 7 мингга яқин тилнинг ярми ХХI асрда ўзининг охирги соҳибидан ажралиши мумкин. Баъзи фаразларга кўра, аср охирига келиб мавжуд тилларнинг 95 фоизи ўлик тилга айланади. Ҳар ойда дунё миқёсида иккитадан тил ўлаётганлиги эса даҳшатли ҳодиса! ЮНЕСКОнинг 2017 йил 15 июндаги хабарига кўра, ўлим ёқасида турган 2,5 минг тилдан 15 таси Марказий Осиё халқларига тўғри келади. Жумладан, Ўзбекистондаги Марказий Осиё араблари тили, Бухоро-Самарқанд яҳудийлари тили, Марказий Осиё лўлилари (парё) тили. Қолган тилларнинг 2 таси Қозоғистон ва Қирғизистонда (дунган тили, ойрот тили), 1 таси Туркманистонда (трухман тили), 9 таси Тожикистонда (вохон тили, ишкомиш тили, санглич тили, рошорв тили, шуғон тили, бартанг тили, рушон тили, язғулоб тили, яғноб тили).

Тилга давлат тили мақомининг берилиши уни йўқолиш муаммосига дуч келиш хавфидан маълум даражада (!) халос қилади, холос. Масалан, удмурт, чукот, чечен тиллари ҳам давлат тили бўлса-да, йўқолиш хавфига юз тутаётганлиги - фикримизнинг далили.  Албатта, давлат тили мақоми тил ва унинг соҳиблари учун жуда улкан ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий, тарихий, ҳуқуқий аҳамиятга эга. У - миллий яхлитликни ва бардавомликни таъминловчи асосий восита. Бироқ  унинг ўзигина тилнинг яшаб қолиши учун етарли эмас.

ТИЛЛАРНИНГ ЎЛИМИ:

САБАБЛАР ВА ОМИЛЛАР

Тил нега ўлади? Чунки одамлар ундан фойдаланмай қўйишади, кенг қўлланишдаги ва "обрўли"     тилларга устунлик берилиши натижасида бу тилда таълим олинмайди. Тиллар ҳам одамларга ўхшайди, ёнма-ён яшайди, бир-бирига таъсир қилади, ўзгаради - ривожланади. Фақат тил ўлганда, мотам тутувчиси бўлмайди, холос.

Тараққиёт тезлашиши натижасида дунёнинг ягона ахборот маконига айланиб бориши тиллар тақдирида ҳам катта роль ўйнайди. Масалан, ўтган минг йилликда дунё тилларининг 500 таси ўлик тилга айланган бўлса, охирги юз йилликда эса 1000 та тил тарих қаърига сингиб кетди.

Тиллараро нотенглик - кичик тиллар яшовчанлигига салбий таъсир қилувчи асосий омил. Қайсидир тил муҳимроқ, обрўлироқ, қулайроқ бўлиб, унга муайян бир жамият ёки дунё миқёсида кўпроқ эътибор қаратилади. Табиийки, одамлар ўзи ва фарзандлари учун ижтимоий мавқе берадиган тилни танлашади. Масалан, бизнинг шароитда рус тилига, инглиз тилига берилаётган эътибор - бунинг бир кўриниши. Одатда, мактаб ва олий ўқув юртларида ўқитилаётган бу "катта" тиллар - мансаб пиллапояларидан юксалишнинг муваффақиятли  гарови. Натижада "кичик" тиллар аҳамиятсиз, иккинчи даражали ёки умуман кераксиз бўлиб қолаверади. Кўптиллилик қадрланмайди, она тили севилмайди, балки "бош" тилни билиш ҳар томонлама рағбатлантирилади. Бу тилни билувчи мутахассисларга устама маошлар берилади, имтиёзлар тақдим этилади. Бироқ, масалан, мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган бошқа миллат мутахассисларининг ўзбек тилини билиши, бу тилда иш кўриши рағбатлантирилмайди. Ҳолбуки, энди мамлакатимизнинг дунё бўйича ўзбек тили таълимини йўлга қўйишга киришиш вақти келди.

Цивилизация тилларнинг тақдирида муҳим роль ўйнайди. Шунинг учун, юқорида қайд этилганидек, тараққий этган қитъаларда тиллар сони кам, кам ривожланган қитъаларда эса тиллар сони анча кўп.  Масалан, Еропа қитъасида 240 та тил мавжуд. Буни Осиё ва Африка қитъалари тиллари сони билан қиёслаш етарли.

Тилларнинг тараққиёти ва таназзулида қуйидаги ҳолатлар алоҳида ажралиб туради:

1)      тилларнинг ўлик тилга айланиши (этрусск тили, шумер тили, санскрит тили, қадимги хоразмий тили, сўғд тили);

2)      тилларнинг бошқа тилга айланиши (грек тили, яҳудий тили, арман тиллари);

3)      тилларнинг бўлиниб кетиши (герман тиллари);

4) тилларнинг қўшилиши натижасида янги тилларнинг вужудга келиши (ўзбек, туркман тиллари);

5)      тилларнинг "тирилиши" (иврит тили). Дунё яҳудийларининг саъй-ҳаракатлари билан "ўлган" иврит тили қайта жонлантирилди - мулоқот воситаси тусини олди. Бунда жонкуяр мутахассислар ва     фидойи тил соҳиблари катта роль ўйнадилар.

Ҳар бир даврда тиллар тараққиёти ёки ўлимига турли омиллар сабаб бўлган. ХХ асргача колониализм, ХХ асрда урбанизация (шаҳарлашув), ХХI асрда глобаллашув тилларнинг ўлимига сабаб бўлмоқда.

Европадаги Исландия давлатининг тили бўлган исланд тилининг ўлик тилга айланаётганлиги барча ушбу миллат жонкуяр кишиларини ҳушёр торттириши табиий. Мутахассислар фикрича, Исландияда Интернет тили инглиз тили бўлганлиги учун исланд тилининг қўлланиш доираси тобора тора-йиб бормоқда.

Барча тиллар яшаб қолиш даражаси нуқтаи назаридан қуйидагича тасниф қилинмоқда:

1)      хавфсиз тиллар;

2)      эҳтиётталаб тиллар;

3)      хавф яқинлашаётган тиллар;

4)      хавфга чалинган тиллар;

5)      ўлаётган тиллар.

Энг хавфсиз тиллар қаторини инглиз, хитой, испан, немис, япон, француз, араб тиллари эгаллаган. Уларнинг хавфсизлиги гаплашувчилари сони, мамлакатларининг қудрати, миллатининг тилсеварлиги ва оммавийлашганлик даражаси кабилар билан белгиланади. Бу борада етакчиликни ҳали кўп вақт инглиз тили сақлаб турса керак. Инглиз тилида сўзлашувчилар сони хитой тилига нисбатан кам бўлса-да (450 миллион киши), унинг талабгорлари кун сайин ошмоқда. АҚШ ва Буюк Британия иқтисодда етакчилик қилар экан, бу тилнинг мавқеи сақланиб қолаверади. Бундай ҳол иккинчи жаҳон уруши олдидан немис тили мисолида кўринган эди ва дунё миқёсида бу тилнинг расмий таълими урушдан кейин ҳам узоқ вақт сақланиб қолди. Бу жараён сусая бошлаши билан Германия бу тилнинг дунё бўйича ўқитилишини, ўрганилишини рағбатлантиришга киришди. Зеро, кенг тарқалган тилларнинг ўлими ўз мамлакатидан ташқарида унинг таълими сусайишидан бошланади.

Хитой тилида сўзлашувчилар сони жаҳон бўйича биринчи ўринда туради, аммо уларнинг бари хитойлардир. Таъкидлаш керакки, хитойликлар ҳам ўз   тилларини дунёга таълим йўли билан ёйиш бўйича жидду-жаҳд кўрсатмоқдалар.

ИНТЕРНЕТ - ТИЛЛАРНИНГ ЯШАШ ШАРТИ

Глобаллашув асрида тилларнинг яшаб қолиши кўпроқ ахборот-коммуникациялари соҳасида, Интернет тизимида қўлланиш даражаси билан боғлиқ. Қайси тил Интернет тили эмас экан, бу тилларнинг рўпарасида ўлим хавфи тураверади.

Интернет тили ҳақида сўз кетар экан, ўзбек тили Интернет тили эмасми деган савол туғилиши табиий. Чунки ўзбек тилида Интернет саҳифаларида маълумотлар берилмоқда, ёзишмалар амалга оширилмоқда, тилимизда иш олиб борадиган сайт ва порталлар, ижтимоий тармоқлар кундан-кунга кўпаяётир. Зоҳиран тилимиз Интернет ва ахборот-коммуникация соҳаларида чекланмаган даражада қўлланаётгандек, Интернет тилига айлангандек. Аслида ҳам шундайми?

Интернет компьютер технологияларига таянади. Компьютер лингвистикасида "компьютернинг тилни таниши" деган тушунча бор. Агар компьютер тилни "танир" экан, тилнинг компьютер тили, Интернет тили эканлиги ҳақида сўз юритиш тўғри бўлади.

Компьютер тилни "таниши" учун у бу тилни "билиши" зарур. Компьютернинг матндаги хатоларни тузатиши, матнни қайта ишлаши, таржима қилиши, аннотациялаши, тилни ўргатиши, транслитерация қилиши, тил ифодаларини таснифлаши, тартиблаши, бирор тилда гапириши, ёзиши унинг тилни таниши асосида амалга оширилади. Умуман олганда, сунъий интеллектнинг муайян тил асосида иш кўриши, тилнинг сунъий интеллектнинг тўла маънодаги мулоқот воситасига айланиши унинг тилни "билиши" ва "таниши" асосида содир бўлади.

Хуллас, ХХ асрнинг буюк кашфиёти бўлган компьютер технологиялари соҳаси учун катта вазифаларни вужудга келтирди ва тилларнинг тараққиёти ҳамда яшаб қолиши учун ҳал қилувчи омилга айланиб қолди.

Тилнинг Интернет, компьютер технологиялари тилига айланиши математик лингвистика, унинг давоми бўлган компьютер лингвистикасининг шаклланганлиги ва ривожланиш даражаси билан боғлиқ. Айниқса, сунъий интеллект учун табиий тилларни моделлаштириш компьютер лингвистикасининг асосий, пировард вазифаси ҳисобланади.

Дунё миқёсида сунъий интеллектлар яратиш асосида табиий тилларни математик моделлаштириш ётади. Математик моделлаштириш натижалари сунъий интеллектнинг фаолият дастурини яратишга асос бўлиб хизмат қилади. Бу эса ўзбек тили мисолида ҳали очилмаган қўриқ.

ХУЛОСА

Тилнинг хавфсизлигини таъминлаш учун уларнинг ёзувларига, кўп сонли сўзлашувчиларга (100 мингдан ортиқ), давлат тили мақомига ва ахборот-коммуникация, Интернет тизимида қўлланиш хусусиятига ҳамда сўзлашувчиларнинг муҳаббатига эгалигидан ташқари, зиёлиларнинг тилларни сақлаб қолиш, ривожлантириш ҳақида қайғуришлари ва мутасаддиларнинг эса бу борада бир ёқадан бош чиқариб ташкилий йўл билан курашишлари жуда ҳам зарур.

Шубҳасиз, она тилимизнинг ҳам ўз ёзувига, давлат тили мақомига эгалиги, 30 миллиондан ортиқ сўзлашувчиси борлиги кишини хушнуд қилади. Бироқ аччиқ бўлса-да, таъкидлаш керакки, унинг ахборот-коммуникация технологиялари, Интернет тили даражасига кўтарилмаётгани ва, айниқса, бу борада тегишли илмий-тадқиқот муассасалари ва марказларда концептуал характердаги на назарий, на амалий, на ташкилий ишлар олиб борилаётганлиги унинг ҳам йўқолиш хавфидан буткул холи эмаслигини, рўйхатда эса эҳтиётталаб тиллар қаторида қолиб кетаётганлигини кўрсатади. Ижроси кечикиб бораётган бўлса-да, бу вазифаларни бажаришга енг шимариб киришсак ва уддалай олсак, она тилимиз, албатта, ҳеч қачон ЎЛМАЙДИ!

Бахтиёр МЕНГЛИЕВ, филология фанлари доктори, профессор

Report typo