Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
16 май, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

02.08.2016


ТЕСТ СИНОВЛАРИ: БИЛИМ, КЎНИКМА ВА МАЛАКА ИМТИҲОНИ

Қайд этиш керакки, республикамиздаги олий ўқув юртларига жорий йилда 663 минг 298 нафар абитуриент ҳужжат топширди ва бу кўрсаткич ўтган ўқув йилидагига нисбатан 57 минг 462 нафарга кўп. Бир талабалик ўрнига ўртача танлов эса 11,51ни ташкил этди. Бу мамлакатимизда таълим тизимида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар, олий таълим муассасаларининг моддий-техник базаси тобора мустаҳкамланиб бораётгани самараси, ўз навбатида ёшларда чуқур билим эгаллаш ва маълум бир соҳанинг етук мутахассиси бўлишга иштиёқ кучайиб бораётганининг тасдиғидир.

Эътиборлиси, жорий йилда вилоятимиздаги олий ўқув юртларига ўқишга кириш учун ариза топширганлар сони ҳам кескин ўсиб, 49 минг 873 нафарга етди. Ўтган йилда эса бу кўрсаткич 44 минг 703 нафарни ташкил этганди. Вилоятимиздаги олий ўқув юртларига ўрта ҳисобда бир талабалик ўрни учун  танлов 1:14  кўринишини олди.

Вилоятимиз олий таълим муассасаларида абитуриентлар ўртасида энг жиддий рақобат, ҳеч шубҳасиз, Қарши давлат университетида кечди. Чунки ҚДУда ўрта ҳисобда ҳар бир талабалик ўрни учун 18,88 нафар абитуриент кураш олиб борди. Бу республикамиздаги 76 та олий ўқув юрти орасида абитуриентлар ўртасидаги рақобатнинг кескинлиги бўйича тўртинчи кўрсаткичдир. Ундан олдинги ўринларда Тошкент тиббиёт академиясининг Фарғона филиали (24,83), Термиз давлат университети (20,45) ҳамда Гулистон давлат университети (18,92) бормоқда.

Аҳамиятлиси, Тошкент ахборот технологиялари университети филиаллари орасида абитуриентлар энг кўп ҳужжат топширгани ушбу олий таълим муассасасининг Қарши филиали бўлди. Унда бир талабалик ўрни учун 12,16 абитуриент курашди. 

Эслатиб ўтамиз, жорий тест синовлари натижалари асосида Қарши давлат университети 1395 нафар, Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти 1800 нафар, Тошкент ахборот технологиялари университетининг Қарши филиали эса 225 нафар абитуриентни  талабаликка қабул қилади.

Б.ЖОНИМОВ

ЎзА олган суратлар.

 

Report typo