Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
3 октябрь, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Ўз мухбиримиз

13.04.2023


Ташқи рекламани жойлаштириш учун йиғимларнинг янги миқдори белгиланди

Маҳаллий Кенгашларда

Халқ депутатлари вилоят Кенгаши "Қашқадарё вилоятида ташқи реклама объектларига ташқи рекламани жойлаштириш учун йиғимлар миқдорини белгилаш тўғрисида" қарор қилди.

Мазкур ҳужжатга асосан вилоятда ташқи реклама объектлари (конструкциялари)да ташқи рекламани жойлаштириш (тарқатиш) учун йиғимлар миқдори ва бундай объектлар (конструкциялар)ни жойлаштириш майдонлари зоналари тасдиқланди. Хусусан, йиғимларнинг табақалашган ставкаларини белгилаш учун Қарши шаҳри учта, Шаҳрисабз шаҳри ва туманларнинг ҳар бири эса иккита зонага бўлинди. Ушбу ҳудудий зоналар коэффициентлари ҳукуматнинг тегишли қарори билан тасдиқланган "Ўрнатилган ташқи реклама объектлари (конструкциялари) учун тўлов миқдорини аниқлаш тартиби тўғрисида"ги низом билан белгиланганлиги таъкидлаб ўтилди.

Кенгаш қарорига асосан туман ва шаҳар ҳокимликларига мазкур ҳужжат кучга киргач, белгиланган йиғимлар миқдорига мувофиқ, ташқи реклама объектлари (конструкциялари) эгалари билан 2023 йил учун тузилган шартномаларга тегишли ўзгартиришлар киритиш топширилди. Шунингдек, улар зиммасига ташқи реклама объектлари (конструкциялари) жойлаштириш учун бериладиган ер участкалари, давлат мулки бўлган бино ва иншоотларни аниқлаш мақсадида доимий равишда хатлов ўтказиш, объектларни тизимли мониторинг қилиш ва қонуний жойлаштирилганлигини ўрганиш, жойлаштирилган рекламалар, шу жумладан, ижтимоий рекламалар ҳисобини юритиш, йўлнинг қатнов қисмида жойлашган аҳоли турар жой биноларининг ташқи қисмида ҳар қандай турдаги шахсий эълонлар жойлаштирилишига йўл қўймаслик чораларини кўриш ва ушбу соҳада аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари бўйича тегишли чора кўриш учун ваколатли ташкилотга таклифлар киритиб бориш вазифалари юклатилди.

Қарор талабига кўра, вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари А.Қодиров ва туман (шаҳар) ҳокимликлари ташқи рекламани жойлаштириш учун йиғимларнинг белгиланган коэффициентларга мувофиқ ундирилишини ташкил этиш устидан қатъий назорат ўрнатишлари зарур.

Мазкур ҳужжат қабул қилингач, халқ депутатлари вилоят Кенгашининг 2021 йил 31 мартдаги "Қашқадарё вилоятида ташқи реклама объектларига ташқи рекламани жойлаштириш учун йиғимлар миқдорини белгилаш тўғрисида"ги қарори ўз кучини йўқотди.

Ўз мухбиримиз

Report typo