Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
29 апрел, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Жамият
  • ТАРИХГА АЙЛАНАЁТГАН 2023 ЙИЛ ҚАШҚАДАРЁ ҲАЁТИДАГИ ҚАНДАЙ ВОҚЕАЛАР БИЛАН ЭСДА ҚОЛДИ?

Темур НИЗОМОВ

28.12.2023


ТАРИХГА АЙЛАНАЁТГАН 2023 ЙИЛ ҚАШҚАДАРЁ ҲАЁТИДАГИ ҚАНДАЙ ВОҚЕАЛАР БИЛАН ЭСДА ҚОЛДИ?

 

Сарҳисоб

Соат миллари тобора Янги - 2024 йил сари яқинлашаётган бир пайтда, анъанага кўра, якунланаётган йилда воҳамизда содир бўлган ва қашқадарёликлар ҳаётига сезиларли таъсир кўрсатган, қолаверса, келажакда вилоятимиздаги яна кўплаб ўзгаришларга олиб келиши мумкин бўлган энг муҳим воқеаларни эсга оламиз.

ЯНВАРДАГИ АНОМАЛ СОВУҚ САБОҚЛАРИ

2023 йил қашқадарёликлар ва барча ўзбекистонликлар учун катта синовдан бошланди. Январь ойининг иккинчи ўн кунлигида мамлакатимиз ҳудудига Россиянинг Европа қисми шимолий ҳудудларида шаклланган совуқ ҳаво массаси кириб келиши оқибатида аномал совуқ бошланди.

Вилоят гидрометеорология бошқармаси бош мутахассиси А.Тожиевнинг изоҳ беришича, ҳаво ҳарорати 5 кун ва бундан ортиқ вақт давомида кўп йиллик ўртача қийматлар, яъни меъёрдан анча (7-8 даража ва янада кўпроқ) паст ёки баланд бўлса, аномал ҳисобланади.

- Жорий йил 13-14 январда кечки ҳаво ҳарорати Қарши шаҳрида 21 даража, Шаҳрисабз ва Ғузорда 20 даража совуққача, вилоятимизнинг тоғли  ҳудудларида, табиийки, бундан-да пастроқ даражагача тушиб кетди, - дейди А.Тожиев. - Умуман олганда, вилоятимизда 11 январда бошланган қаттиқ совуқлар ойнинг охиригача давом этди.

Совуқ ҳаво оқими кириб келгач, юртимизнинг барча ҳудудларида энергия ва иссиқлик таъминотида узилишлар кузатилди ва бу, давлатимиз раҳбари таъриф берганидек, бутун тизимнинг аҳволини, қишга тайёргарлик енгил-елпи бўлганини кўрсатди. Ўз навбатида, аномал совуқлар энергия ресурслари таъминоти ва коммунал хизматлар соҳасида мавжуд муаммоларни чуқур таҳлил қилиб, юзага келган вазиятдан тегишли хулосалар чиқариш учун ҳам ўзига хос туртки бўлди. Келгусида бундай ҳолатларга йўл қўймаслик учун аниқ чоралар белгилаш зарурлигини кўрсатди. 

ҲУДУДНИ РИВОЖЛАНТИРИШГА - КОМПЛЕКС ЁНДАШУВ

Жорий йил 3 февралда Ўзбекистон Республикаси Президенти "2023-2025 йилларда Қашқадарё вилоятини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва аҳоли турмуш даражасини янада яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" қарор қабул қилди.

Бундан сал олдинроқ, аниқроғи, ўтган йилнинг октябрь ойида Президент раислигида ўтказилган йиғилишда вилоятимиз ҳокими Муротжон Азимов ҳудудни ривожлантириш ишлари ҳолати ва истиқболдаги мақсадли режалар юзасидан ҳисобот берган эди. Шундан келиб чиқиб, давлат раҳбари мазкур қарорни имзолади ва унда вилоятимизни жорий йилда ривожлантиришнинг бешта асосий йўналиши ва 2023 йил учун асосий мақсадли кўрсаткичларини белгилаб берди.

Президент қарорига мувофиқ бир қатор дастур ва рўйхатлар, бошқа муҳим ҳужжатлар, жумладан, 2023-2025 йилларда Қашқадарё вилоятини комплекс ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар режаси ҳам    тасдиқланди. Унинг доирасида, масалан, ғаллачилик кластерлари маблағлари ҳисобидан буғдойни қайта ишлашга қаратилган кўплаб истиқболли инвестиция лойиҳаларининг рўёбга чиқарилиши, Қарши шаҳрида барпо этилаётган "Она ва бола" марказининг замонавий асбоб-ускуна ва анжомлар билан жиҳозланиши, Яккабоғ-Қарши ичимлик суви тармоғи қурилишига Франция молия вазирлиги ғазначилигидан 120 миллион АҚШ доллари жалб қилиниши назарда тутилди.

Қарорнинг имзоланиши, шубҳасиз, Қашқадарёнинг ҳар томонлама тараққий этиши ва воҳамизда бунёдкорлик кўламининг янада кенгайиб бориши учун  мустаҳкам замин ҳозирлади.

САЛОҲИЯТНИ ЛОЙИҲАГА, ЛОЙИҲАНИ ИШ ЎРИНЛАРИГА АЙЛАНТИРИШ ВАЗИФАСИ

24 февраль куни Президент Шавкат Мирзиёев ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши билан танишиш мақсадида вилоятимизга ташриф буюрди.

Шу куни давлатимиз раҳбари маҳаллалар ҳаёти билан танишиб, таълим муассасалари ва саноат корхоналари фаолиятини кўздан кечирди. Ташриф давомида, шунингдек, янги лойиҳалар ишга туширилиб, вилоятни ривожлантиришнинг муҳим йўналишлари белгиланди.

Жумладан, Шавкат Мирзиёев Қарши туманидаги Янги Батош маҳалласида барпо этилган 71-умумий ўрта таълим мактабида ҳам бўлиб, у ерда ўқувчи ёшлар ва қашқадарёлик ўқитувчилар билан суҳбатлашди.

- Ҳар бир ислоҳотда, қарор қабул қилишда ўқитувчилар кўз олдимда бўлади, - деди давлат раҳбари. - Сир эмас, илгари болалар уч ойлаб пахтага чиқариларди. Биргина Қашқадарёда 155 минг ўқувчи ўрни етишмасди. Бунинг учун вилоятга 1 триллион сўм маблағ ажратилди. 215 та мактаб қурилди. Бугун Қашқадарё мактаблар сони бўйича республикада биринчи ўринда. Ўқитувчиларнинг ойлик маошлари ҳам     оширилди. Албатта, буларни яна давом эттирамиз. Лекин асосийси - сифат бўлиши керак. Бу аввало ўқитувчиларнинг билимига, дунёқарашига, фидойилигига боғлиқ.

Президент мазкур учрашувдан сўнг берган топшириқлар натижасида жорий йил август ойида республика ҳукумати томонидан Қашқадарё вилоятидаги умумий ўрта таълим муассасаларини моддий-техник ҳолатини янада мустаҳкамлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги қарор қабул қилинди. Ушбу ҳужжатга мувофиқ, вилоятимизда мактабларни қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва жиҳозлаш учун 1,4 триллион сўмлик дастур тасдиқланиб, унинг доирасида биргина 2023 йилнинг ўзида қўшимча 350 миллиард сўм ҳисобидан 4 та янги мактаб қуриш, 54 тасини реконструкция қилиш, 3 тасини мукаммал таъмирлаш ишлари бажарилмоқда.

Ташриф доирасида Президент Шавкат Мирзиёев Қашқадарё вилоятини иқтисодий ривожлантириш масалалари бўйича йиғилиш ҳам ўтказиб, дастлаб рамзий тасмани босган ҳолда 6 та янги корхонани ишга туширди ва воҳамизда энергия таъминотини яхшилаш чораларини кўрсатиб ўтди. Йиғилишдаги асосий масала эса саноатни ривожлантириш, тадбиркорлик ва касаначиликни қўллаб-қувватлашга оид бўлди.

БУЮК ХАЛҚ ҚАТЪИЙ ҚАРОРИНИНГ ИШОНЧЛИ ИФОДАСИ

30 апрель куни юртимизда йилнинг энг муҳим сиёсий тадбирларидан бири - Ўзбекистон Республикаси референдуми ўтказилиб, унда иштирок этган фуқароларнинг 90,21 фоизи томонидан ёқлаб овоз бериш орқали мамлакатимизнинг янги таҳрирдаги Конституцияси қабул қилинди.

Референдумга тайёргарлик кўриш ва уни юксак савияда ўтказишга қашқадарёликлар ҳам муносиб ҳисса қўшишди. "Янги Ўзбекистон - ижтимоий давлат", "Конституция меники, сеники, бизники. Конституция ўзимизники!" каби мавзуларда ташкил этилган тарғибот тадбирларида минг-минглаб воҳадошларимиз қатнашишди.

Янги таҳрирдаги Конституция Янги Ўзбекистон стратегиясини амалга оширишнинг сиёсий-ҳуқуқий асосларини яратиб, миллий давлатчилик тараққиётининг тарихий муҳим босқичида давлат ва жамиятни янада ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилаб беришини яхши англаган қашқадарёликлар бевосита референдумда ҳам фаол иштирок этишди.

9 июль куни юртимиз ҳаётидаги яна бир муҳим сиёсий воқеа - муддатидан илгари Ўзбекистон Президенти сайлови ўтказилди ва ундаги овоз беришнинг якуний натижаларига кўра, Шавкат Мирзиёев 87,05 фоиз овоз билан ғалаба қозонди.

ЭНЕРГИЯ ТАҚЧИЛЛИГИНИ БАРТАРАФ ЭТИШ ЙЎЛИДАГИ ДАДИЛ ҚАДАМЛАР

19 май куни Нишон туманида "China Gezhouba Group Investment Company" Co. LTD" (Хитой) компанияси томонидан қиймати 400  миллион доллар, қуввати эса 500 мегаваттга тенг қуёш фотоэлектр станцияси қурилишига старт берилди.

1000 гектардан ортиқ майдонда барпо этилаётган бу қуёш фотоэлектр станциясини 2023-2024 йилларда икки босқичда ишга тушириш мўлжалланмоқда. Дастлабки босқичда жорий йилнинг охиригача 200 МВт қувватини фойдаланишга топшириб, бунинг натижасида тармоққа 42 миллион кВт-соат электр энергияси етказиб беришни йўлга қўйиш режалаштирилган. Яна 300 МВт қуввати келгуси йилда ишга туширилади.

Яқинда компания томонидан тарқатилган маълумотларга кўра, қуёш фотоэлектр станциясининг биринчи босқич қувватлари, шу жумладан, нимстанция қурилиши жадал суръатларда якунига етказилмоқда. Айни пайтда объектда 1 минг 700 нафар киши меҳнат қилмоқда. Шу билан бирга "Ўзбекистон МЭТ" АЖ янги станцияда ишлаб чиқарилган электр энергиясини ягона энергетика тизимига улаш учун 3 дона узунлиги 36 километр бўлган 220 киловольт кучланишли электр узатиш тармоғини қуриб битказмоқда.

24 июль куни эса Нишон туманида жойлашган йирик энергетик объект -"Талимаржон ИЭС"да умумий қуввати 1065 МВт бўлган навбатдаги иккита буғ-газ қурилмасини бунёд этиш ишлари бошланди. Лойиҳанинг бош пудратчиси - Испаниянинг "Intecsa Ingeniera Industrial S.A." ва Япониянинг "Mitsubishi Corporation" компаниялари консорциумидир. Умумий қиймати 771,8 миллион долларга тенг бу кенг қамровли ишларини 2025 йил якунига қадар якунлаш режа қилинган. Уларнинг рўёбга чиқарилиши натижасида Талимаржон ИЭС томонидан йилига қўшимча 8,5 миллиард киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқарилади, атмосферага чиқарилаётган ифлослантирувчи моддалар 1500 тоннага камаяди ҳамда 112 та янги иш ўрни яратилади.

ЧИН ЮРТИ БИЛАН ЧИНАКАМ ҲАМКОРЛИК

Жорий йил 18-22 июль кунлари вилоятимиз ҳокими Муротжон Азимов раҳбарлигидаги Қашқадарё делегацияси Хитой Халқ Республикасида бўлди. Ташриф чоғида Осмоности мамлакатининг Аньхой ва Цзянсу провинциялари губернаторлари билан икки томонлама учрашувлар, бир қатор шаҳарларда бизнес-форумлар ва кўплаб нуфузли компаниялар билан музокаралар ташкил этилди.

Вилоят ҳокимининг таклифига биноан шу йил сентябрь ойида Хитой Халқ Республикаси Цзянсу провинцияси губернатори Сюй Кунлин, октябрь ойида эса Аньхой провинцияси губернатори Ван Цинсянь бошчилигидаги делегацияларнинг Қашқадарёга қилган жавоб ташрифлари доирасида ҳудудлар раҳбарлари ўртасида учрашувлар, Ўзбекистон - Хитой бизнес-форумлари, қашқадарёлик ва хитойлик тадбиркорлар ўртасидаги b2b мулоқотлар ҳамда маҳаллий компанияларнинг тақдимотлари ва кўргазмалари ўтказилди.

Ташрифлар доирасида имзоланган икки томонлама келишув, аҳдлашув ва меморандумларга мувофиқ, қашқадарёлик ва хитойлик тадбиркорлар ўртасида мустаҳкам алоқалар ўрнатилди, бу эса бир қатор қўшма лойиҳалар амалга оширилиши учун шароит яратди. Ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг давоми сифатида шу йилнинг декабрь ойида вилоятимизга Цзянсу провинциясидан тўқимачилик, чарм-пойабзал, озиқ-овқат саноати ва сув тежовчи технологиялар соҳаларида фаолият юритаётган 30 дан зиёд ишбилармон келиб, аниқ лойиҳалар бўйича музокаралар олиб борди.

Ўз навбатида вилоят ҳокими Муротжон Азимов бошчилигидаги Қашқадарё делегациясининг шу йил октябрь ойида Россия Федерацияси Татаристон Республикасига Ўзбекистон - Россия ҳудудлараро ҳамкорлик бўйича III форумига қилган ташрифи ҳам воҳамиз ташқи иқтисодий алоқаларининг янада кенгайиши, салоҳиятли инвесторларнинг вилоятимизда мавжуд имкониятлардан хабардорлигининг ошиши ва экспортга йўналтирилган истиқболли лойиҳалар кўпайиши учун қўшимча шароитлар яратди.

ЁШЛАР ИСТИҚБОЛИ УЧУН САРМОЯ

Йил бошида халқ депутатлари вилоят Кенгаши қарорига асосан жорий этилган Қашқадарё олий таълим муассасалари талабалари учун вилоят ҳокими стипендиясининг илк стипендиатлари Мустақиллик куни арафасида аниқланди.

Низом талабига кўра, 2023-2024 ўқув йилидан бошлаб ажратиладиган вилоят ҳокими стипендияси соҳиблари танлов йўли билан 442 нафар ариза топширган талаба орасидан саралаб олинди. Натижада Қарши давлат университетининг 5 нафар, Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институтининг 4 нафар, Шаҳрисабз давлат педагогика институтининг 2 нафар ҳамда Тошкент кимё-технология институти Шаҳрисабз филиали, Тошкент ахборот технологиялари университети Қарши филиали ва "ТИҚХММИ" Миллий тадқиқот университетининг 1 нафардан талабаси 2023 йил сентябрь ойидан 2024 йил июнь ойигача ҳар ойда базавий ҳисоблаш миқдорининг 3 баробари (ҳозирги пайтда - 1 миллион 20 минг сўм) миқдорида қўшимча стипендия олишга муваффақ бўлди.

Бироқ 2023 йилнинг энг муҳим воқеаларидан бири сифатида фақат мазкур стипендия эмас, балки Президент топшириғига биноан вилоятимизда ёшлар билан ишлаш бўйича мутлақо янги тизим жорий қилинганини эътироф этиш жоиздир. Унга асосан 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшларнинг ижтимоий аҳволи, қобилияти ва қизиқишлари ўрганилиб, 3 тоифага ажратилди (яшил, сариқ, қизил). Йил якунига қадар муаммоси аниқланган 15 минг 855 нафар ёшнинг деярли барча муаммолари ҳал этилиб, ушбу мақсадларга қарийиб 22 миллиард сўм маблағ йўналтирилди. Шунингдек, "Ёшлар дафтари" орқали жорий йилнинг ўзида 30 минг 785 нафар ёшга 45 миллиард сўмлик ижтимоий кўмаклар кўрсатилди. "Вилоят ҳокими олимпиадаси"да физика, кимё, биология фанлари бўйича совринли ўринларни эгаллаган 9 нафар ўқувчи Қарши давлат университетига имтиҳонсиз ўқишга қабул қилинди.

783 нафар хорижий тилларни ўрганиб, халқаро сертификат олган ёшларга 1,3 миллиард сўмлик имтиҳон харажатлари қоплаб берилди. "Хорижий тил билан АйТига йўл" вилоят ҳокими гранти ташкил этилди. "Бир миллион дастурчи" лойиҳаси орқали 816 нафар ёшларга ноутбук сотиб олиш учун 6,3 миллиард сўмлик фоизсиз кредитлар ажратилди. 

ЧЕКСИЗ ИМКОНИЯТЛАРНИ ТЎЛИҚ ИШГА СОЛИШ ДАЪВАТИ

Президент Шавкат Мирзиёев жорий йил 24-25 октябрь кунлари вилоятимизга қилган ташрифидан кўзланган асосий мақсад Қашқадарёнинг 3,5 миллионлик аҳолиси турмуш шароитини яхшилаш, оғирини енгил қилиш, саноат, қишлоқ хўжалиги, ижтимоий соҳаларни ривожлантиришдан иборат бўлди. 

Ташриф давомида давлатимиз раҳбари саноат ва коммунал хўжалиги корхоналари, тиббиёт муассасалари, маҳаллалар фаолияти билан танишиб, халқ билан мулоқот қилди, шунингдек, Қашқадарё вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари бўйича йиғилиш ўтказди.

Ташриф чоғида Президент, жумладан,  режадан ташқари тарзда Қарши тумани тиббиёт бирлашмасига борди.

- Йўлдан ўтиб кетаётиб, шифохона қандай экан, деб кирдим, - деди Шавкат Мирзиёев. - Ҳолатни ўзим кўриб, оддий одамлар билан кўпроқ мулоқот қилиб, қарор қабул қилиш - менинг энг катта мақсад-муддаом. Аввал ҳам айтганимдек, таълим билан тиббиёт сифатли бўлса, одамлар рози бўлади. Кўп жойларда шифохоналарни яхши қилдик. Лекин Қарши туманидаги шароит менга маъқул эмас. Бугун кўрганларимдан хулоса қилиб, бу ерда янги шифохона қурамиз.

Мутасаддиларга бўлажак мажмуа ўрни ва лойиҳаси бўйича таклиф киритиш вазифаси қўйилди. Келгусида у энг замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозланади ва дори воситалари билан бепул таъминланади. Туман тиббиёт бирлашмасида ишлайдиган бир гуруҳ шифокор ва ҳамширалар хорижга малака оширишга юборилади. Шу тариқа бу маскан бошқа туман шифохоналари ходимлари учун ўқув-амалиёт марказига айланади.

Президент Қарши шаҳрида барпо этилган Республика ихтисослаштирилган Она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт марказининг ҳудудий филиалини ҳам бориб кўрди. Бу ерда 200 ўринли вилоят перинатал маркази, 200 ўринли шаҳар туғруқхонаси, 50 қатновли скрининг маркази ва 50 қатновли репродуктив марказ ягона мажмуада жамланди. Туғиш ёшидаги ҳамда ҳомиладор аёлларга туғруқ ва туғруқдан кейинги даврларда битта марказда ихтисослашган тиббий хизмат кўрсатиш имкони яратилди.

Президент ташрифидан сўнг бироз ўтгач, фойдаланишга топширилган ушбу маскан 2023 йилда нафақат Қашқадарё, балки бутун республикада ишга туширилган энг улкан ва замонавий тиббиёт муассасаларидан биридир.

ТУРИСТИК МАРКАЗЛАР - САЙЁҲЛАР УЧУН "ОҲАНРАБО"

Жорий йил 28 ноябрда давлатимиз раҳбари "Қашқадарё вилоятининг тоғли-рекреацион ҳудудларида замонавий хизмат кўрсатиш ва туризм объектларини барпо этиш чора-тадбирлари тўғрисида" қарор қабул қилди.

Мазкур ҳужжатга асосан Шаҳрисабз туманининг Мираки, Амир Темур, Улоч ва  Полмон маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудидаги умумий майдони 240 гектар бўлган ер участкасида "Шаҳрисабз", Қамаши туманининг Катта ўра МФЙ ҳудудидаги умумий майдони 58,6 гектар бўлган ер участкасида эса "Майданак баланд тоғ" туристик марказлари ташкил этилиб, уларни ривожлантириш ва бошқариш учун департамент тузилди.

Қарор билан маъқулланган ташаббусларга кўра, юртимиздаги бир қатор тижорат банкларининг инвестиция компаниялари дастлаб туристик марказлар ҳудудида тайёр бизнес шаклида замонавий меҳмонхона мажмуалари, умумий овқатланиш объектлари, дор йўллари, тоғ-чанғи комплекси ва бошқа хизмат кўрсатиш объектларини барпо этиб, кейинчалик уларни "E-auksion" электрон савдо платформасида аукцион савдолари орқали сотишади ёки лойиҳадаги улушларни реализация қилишади. Ушбу тадбирлар учун Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ҳисобидан мамлакатимиздаги тўртта банкка жами 50 миллион АҚШ долларигача миқдордаги кредит маблағлари ажратилади.

Ҳужжатга мувофиқ Ўзбекистон касаба уюшмалари федерациясининг Шаҳрисабз тумани Қани қишлоғидаги "Гулнора" болалар оромгоҳи 2024 йил июнь  ойигача реконструкция қилинади, 2025 йил март ойига қадар у ерда санаторий қуриш ва модернизация қилиш ишлари якунланади. Китоб туманининг Қайнар МФЙ ҳудудида 2025 йил 1 сентябрга қадар янги замонавий санаторий барпо этилиб, фаолият бошлайди.

Умуман олганда, Қайнар МФЙ ҳудудида ҳам тез орада замонавий меҳмонхона, сервис ва хизмат кўрсатиш мажмуаларини барпо этишга қаратилган мастер-режа ишлаб чиқилиб, туристик марказ ташкил этилади ва мазкур ҳудуддаги 16 гектар қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер майдони 15 миллион АҚШ доллари эквивалентида инвестиция киритиш шарти билан аукцион савдоларига чиқарилади.

 "Uzbekistan Airways" АЖга  келгуси йил 1 мартдан бошлаб "Шаҳрисабз" аэропортига парвозларни ташкиллаштириш вазифаси қўйилган.

БОЛАЛАРГА БЕРИЛГАН ДУНЁ

Қарийб 30 йил олдин ташкил этилган ва шу вақт ичида қашқадарёлик ёш томошабинлар бир нечта авлодининг севимли масканига айланишга улгурган вилоят қўғирчоқ театри жорий йил   ноябрь ойида ниҳоят ўз биносига эга бўлди.

Давлат театрлари биноларини қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ҳамда жиҳозлашнинг манзилли дастури доирасида 25 миллиард сўм маблағ эвазига ўзига хос лойиҳа асосида қуриб битказилган муҳташам ва замонавий янги иморатда театр жамоасининг ўз ижодий фаолиятини амалга ошириши ҳамда болажонлар ва ота-оналарнинг спектаклларни мириқиб томоша қилишлари учун зарур шарт-шароитлар яратилган. Бу ерда 200 дан ортиқ  томошабинга мўлжалланган катта ҳамда 60 томошабин сиғимига эга кичик заллар, актёрлар хоналари, ошхона, тиббий хизмат кўрсатиш пункти ҳамда маъмурият ходимлари учун офислар мавжуд. Шунингдек, қўғирчоқ театри музейи учун ҳам алоҳида жой ҳозирланган.

Эътиборлиси, янги масканнинг тантанали очилишида унинг бўсағасидаги рамзий тасмани таниқли театр ва кино актёрлари ҳамда вилоятимиз раҳбари билан бир қаторда ёш томошабинлар ҳам кесишди. Қўғирчоқ театрининг янги бинодаги фаолияти ҳар куни ўтказиладиган мусиқали эртак шоу томошалари билан бошланди. Шу кунларда эса қўғирчоқ театрининг ижодий жамоаси ўз биносида болажонларни "Орзулар бонги" спектакли билан хушнуд этишмоқда. 22 декабрдан намойиш қилинаётган бу эртакнамо Янги йил театр томошаси мактаб ўқувчиларининг қишки таътили охиригача  давом этади.

Якунланаётган йилнинг воҳамиздаги энг муҳим воқеаларидан атиги ўнтасини санаб ўтган бўлсакда, аслида уларнинг сони мингдан ҳам ортиқдир. Зеро, жорий йил давомида Қашқадарёдаги ҳар бир маҳалла ва қишлоқда кўплаб янгилик ва ўзгаришлар рўй бериб, замонавий турар жойлар, таълим ва тиббиёт муассасалари, спорт иншоотлари, инфратузилма объектлари барпо этилди, боғлар ва гулзорлар, яшил ҳудудлар яратилди, ишлаб чиқариш корхоналари ва хизмат кўрсатиш объектлари иш бошлади. Воҳамиз вакиллари турли соҳа ва жабҳаларда кўплаб ютуқ ва муваффақиятларга эришишди. Уларнинг ҳаммасини жамлаш ва қисқача таъриф бериш учун биргина мақола эмас, ҳатто кўп жилдли нашрлар тўплами ҳам етмаслиги аниқ. Лекин энг аҳамиятлиси, бу муҳим воқеалар ҳар бир қашқадарёликнинг ҳаётида ҳам кўплаб ижобий ўзгариш ва янгиланишлар содир бўлишига олиб келаяпти. Ишонмасангиз, 2023 йил якунигача қолган саноқли кунларда   кейинги 12 ойда ҳаётингизда рўй берган янгиликларни бирма-бир санаб кўринг, салмоғидан ўзингиз ҳам ҳайратда қоласиз...

Темур НИЗОМОВ тайёрлади.

 

Report typo