Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
11 октябрь, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Лола ЎРОҚОВА

01.02.2024


ТАХТАҚОРАЧАМИ ЁКИ ТАХТИҚОРАЧА?

Жой номлари

Қашқадарё ва Самарқанд вилоятларини боғлайдиган Тахтақорача довони бор. Оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда довон номи асосан Тахтақорача, баъзан эса Тахтиқорача деб ёзилади. Аслида қай бири тўғри?  Довон нега шундай номланган?

Ушбу саволларга жавоб топиш учун айрим манбаларни кўриб чиқдик.  Маълум бўлишича, "Ўзбек тилининг изоҳли луғати" китобида довон номи қайд этилмаган. "Ўзбекистон Миллий энциклопедияси"да эса Тахтақарача тарзида ёзилган ва "Зарафшон тизмасидаги довон. Самарқанд вилояти билан Қашқадарё вилояти орасида. Баландлиги 1675 метр...", дея изоҳ берилган.

Профессор Тўра Нафасовнинг "Ўзбекистон топонимларининг изоҳли луғати" китобида ҳам довон номи Тахтақорача деб кўрсатилган ва номланиши бўйича қуйидаги изоҳ берилган: "Тахтақорача - Самарқанд-Китоб оралиғидаги довон. Морфема таркиби тахта+қора+ча. Тахта - тоғ устидаги текис майдон. Туркий-муғул тилларида қора-қара-хара-хира-баландлик, довон. Сўздаги    -ча аффикси оронимлар  (тоғ, чўққи, қоя, қир, тепа, қиялик номлари) ясайди... Тахтақорача - устида текис майдони бўлган довон".

Маълумки, Заҳириддин Муҳаммад Бобур "Бобурнома" асарида мазкур довон номини Итмак деб келтирган. Жумладан, китобда: "Яна Кеш вилоятидур... Самарқанднинг жанубида, тўққиз йиғоч йўлдир. Самарқанд билан Кеш орасида бир тоғ тушган: Итмак довони дейдилар. Тоштарошлик учун тошларнинг ҳаммасини бу тоғдан олиб келадилар...". 

 "Ўзбек классик адабиёти асарлари учун  қисқача луғат" китобида "итмак" сўзининг икки хил маъноси берилган: йўқолмоқ ҳамда элтмоқ, илгари сурмоқ, итармоқ. "Навоий асарлари луғати" китобида эса "итмак" сўзининг маъноси фақат йўқолмоқ деган маънода берилган. Бундан ташқари, мутахассислар манбаларда довон номи Кеш довони (Ақбаи Кеш)   ва Инмакданаки тарзида ёзилгани ҳақида ҳам маълумот беришган.

Савол туғилади: довон номи нега кейинчалик Тахтақорача деб юритилган? Бу сўз  қандай маънони англатади?

Яна манбаларга мурожаат қиламиз. Аҳмаджон Чориевнинг "Соҳибқирон маънавияти 2" китобида қуйидагилар ёзилган: "1398 йил баҳорида Соҳибқирон Самарқанддан Кеш томон йўлга чикди. Йўл тоғдан ошиб тушар эди. Етти йиғоч йўл юрғанларидан сўнг тўхтадилар. Соҳибқирон атрофга назар солиб кўрдики, тоғнинг тепаси жуда хушманзара, баҳаво жой экан... шарқираб бир тегирмон сув оқиб чиқиб турибди… "Иморатга лойиқ ер экан!", деб ўйлади Амир Темур. "Шу ерда боғ қилсинлар, бу сувни боққа олиб кирсунлар, боғнинг ичида қаср қурсунлар", деган олий фармон содир бўлди. Оқибатда, пайтлар келиб Ибн Арабшоҳ, йўқолиб қолган от фақат олти ойдан кейингина топилибди, деб таърифлаган Тахти Қароча боғи барпо этилди…".

Дарвоқе, тарихчи Ибн Арабшоҳ бу боғ ҳақида: "Самарқанд билан Кеш ўртасида бир бўстон барпо этиб, унда бир қаср қурдирди ва уни Тахти Қароча деб атади. Ҳикоя қиладиларки, қаср қурувчилардан бирининг бияси йўқолиб, олти ой шу бўстонда ўтлаб юргандан кейин уни топиб олган".

Тарих фанлари доктори Омонулло Бўриев ҳамда ЎзР ФА Темурийлар тарихи давлат музейи илмий ходими Абдулҳамид Муталиевнинг "Амир Темур  бунёдкорлиги ўз даври муаллифлари тавсифида" мақоласида Шарафиддин Али Яздийнинг "Зафарнома" асарига таянган ҳолда "Тахти Қароча" Амир Темур бунёд этган боғнинг номи эканлиги, мазкур номда иккита жой қайд этилгани,  бири Шероз атрофида, яъни, Амир Темур уч йиллик юриши чоғида 1397 йил декабрда лашкар билан Форс мамлакатининг пойтахти Шерозга етиб бориб, шаҳар ташқарисидаги Тахти Қароча деган жойда тўхтагани, иккинчиси  Самарқанддан Кешга борадиган йўлдаги тоғ ён бағрида эканлиги, бу ерда Амир Темурнинг фармонига мувофиқ боғ ва кўшк барпо этилгани,  Соҳибқирон бу манзилни Форс мамлакати маркази Шероз шаҳрида бўлганидан эсдалик сифатида "Тахти Қароча" деб атагани, боғ ва кўшкнинг номи вақт ўтиши билан довон номига айлангани ҳақида маълумот берилади.

Суюн Қораевнинг "Ўзбекистон  вилоятлари топонимлари" китобида довон номи Тахтақорача  дейилган ва номланиши бўйича қуйидаги фикрлар берилган: "Самарқанд билан Шаҳрисабз шаҳри орасидаги Тахтақорача довонидан кимлар ўтмаган. Унинг номи ҳам киши эътиборини тортади. В.В.Бартольд довон Темурнинг 1398 йилда қурилган Тахтақорача деган саройи номи билан аталган", дейди.

Баъзи манбаларда Тахтақорача  Амир   Темурнинг бобокалони  Қорачар нўён номига боғланган. Абдишукур Омоновнинг "Бадиият ҳақиқатлари" китобидаги "Мирзо Улуғбек нега Чингизхонни ўзига қариндош билган?" мақоласида "...Аланқува авлодидан Туминахон подшоҳнинг Қобулхон ва Қочувли Баҳодир исмли эгизак фарзандлари бўлган. Қобулхон Чингизхоннинг учинчи бобоси бўлса, Қочувли Баҳодир Амир Темурнинг саккизинчи бобосидир..." деб ёзилган. Муаллиф китобда яна Туминахон подшоҳнинг эгизак ўғилларидан бири Қочувли Баҳодир авлодидан бўлмиш Қорачар нўён Чингизхон ва унинг ўғли Чиғатойга лашкарбоши бўлганини ёзади. Демак, Қорачар нўён Амир Темурнинг бобокалони.

Аҳад Бердиевнинг "Китоб ҳақида китоб" китобида  ёзилишича, довон "Тахти Қорачар" деб ҳам юритилади. Чингизхон даврида Самарқанд, Кеш вилоятларини Чиғатой номидан Қорачар нўён бошқарган. Бу жой унинг ёзги қароргоҳи бўлган...". Бу билан муаллиф Тахтақорача довони номи Тахти Қорачар, яъни Қорачарнинг тахти деган маънони билдиради, дегувчилар борлигини айтган.

Кўриниб турибдики, довон номининг Тахтақорача ёки Тахтиқорача деб номланиши бўйича юқорида уч хил фикр билдирилган: устида текис майдони бўлган довон; Шероз шаҳри ташқарисидаги Тахти Қароча деган жой номидан олинган; Амир Темурнинг бобокалони Қорачар нўён номи. Суюн Қораевда ёзилишича,  оронимнинг  этимологияси  ҳамон  маълум  эмас.

Гарчи довон бугунги кунда Тахтақорача деб ёзилаётган бўлсада, маълумотлар тарихий манбаларда довон номи Тахти Қорача ёки Тахти Қароча шаклида ёзилганидан далолат беради.

Лола ЎРОҚОВА,

 Китоб тумани ҳокимининг давлат тили масалалари бўйича маслаҳатчиси

Report typo