Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
2 март, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Азизбек НОРОВ

02.03.2017


Таэквондо: КУЧ, ТАФАККУР ВА САЛОМАТЛИК

Йигит шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилгани, бўйнига олтин медаль илингани ва ниҳоят чемпион шарафига Ўзбекистон байроғи юксакка кўтарилиб, мадҳиямиз янграганида унинг кўзидан ёш чиққанини кўрди. Йигитнинг кўзи тўла ёш эдию, юзида шодлик балқиб турарди. Элбек бу ҳолатга тушунмади. Шу топда кўрсатув шарҳловчисининг бир маромдаги овози янгради:

“Мамлакатимизда таэквондо ITF спорти анча оммалашган. Пўлат  Усмонов, Валерий Пак, Виктор Николаев унинг илк тарғиботчилари саналади. Сўнгра улар етакчилигида Ботир Мамедов, Дмитрий Ним, Насриддин Толипов, Шаҳноза Шуҳратжонова, Алефтина Ким,  Моисей Ногай каби кўплаб спортчилар жаҳон ва Осиё чемпионатлари, нуфузли мусобақаларда ғолиб бўлишган”.

Элбек газета мутолаа қилаётган дадасининг енгидан тортди.

- Дадажон, мен ҳам таэквондо билан шуғулланаман, мусобақаларда иштирок этиб чемпион бўлишни, байроғимиз баланд кўтарилиб, мадҳиямиз янграшига сабабчи бўлишни хоҳлайман. Илтимос, мени таэквондо тўгарагига олиб боринг.

- Албатта, олиб бораман, ўғлим, албатта...

Эрталаб дадаси Элбекнинг жажжи қўлидан тутиб, йўлга тушди. Ёрқин келажак сари...

Сўнгги йилларда вилоятимизнинг ҳар бир туман ва қишлоғига Шарқ яккакурашлари, жанг санъатлари, хусусан, таэквондо спорт тури жадаллик билан кириб бормоқда. Сабаби, бу спорт турига қизиқувчи  ёшлар сони кўпаймоқда.

- Қашқадарё таэквондо ITF миллий федерацияси фаолияти вилоятимизда 2002 йилдан йўлга қўйилган, - дейди федерация президенти Камол Рўзиев. - Бугунги кунда Шаҳрисабз, Косон, Касби, Чироқчи, Қарши туманлари ва вилоят марказида таэквондо тўгараклари фаолият юритаётгани бу спорт турига қизиқувчи ёшлар учун айни муддао бўлмоқда. Ҳозирги вақтда воҳамизда таэквондо ихлосмандлари 500 нафардан ортиқ. Уларга 6 нафар тажрибали ва малакали мураббий устозлик қилмоқда.

Бугунги кунда мазкур спорт тури билан шуғулланаётган спортчилар орасида 10 нафардан ортиқ халқаро ва 50 нафардан ортиқ мамлакат даражасидаги қора белбоғ соҳиблари, юзлаб рангли белбоғ эгалари мавжудлиги ушбу спорт тури бўйича ташкил этилган тўгараклар иши самарадорлигини кўрсатади. Бир қатор нуфузли мусобақалар совриндорлари ва мамлакат чемпионлари саналган Аслиддин Одилов, Шаҳобиддин Октябров, Фарангиз Толипова, Шоҳсанам Шомуродова, Беҳруз Ибодов, Нурбек Эркаев каби спортчилар ана шу тўгаракларда машғулот ўтаган.

Сирасини айтганда, вилоятимизда таэквондонинг ўзига хос мактаби шаклланган.  Уни янада ривожлантириш борасидаги саъй-ҳаракатлар ҳам бесамар кетмаяпти.

 - Спорт мактабимизда 60 нафарга яқин бола уч гуруҳга бўлинган ҳолда таэквондо билан шуғулланаяпти, - дейди Қарши туманидаги 1-болалар ва ўсмирлар спорт мактаби мураббийи Маъруф Жўраев. – Машғулотларда тобланган ёшлар мусобақаларда ўзини кўрсатаяпти. Масалан, ўтган йили Италиянинг Лингьяно шаҳрида ўнинчи бор ўтказилган W.A.S.C.O  йўналиши бўйича жаҳон чемпионатида Беҳруз Шониёзов олтин медални қўлга киритди. Ёшлар ўртасида Беларуснинг Минск шаҳрида бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида    Малика Чориева биринчи, Сабина Махманазарова эса иккинчи ўринни эгаллади. Уларга ҳавас қилиб тўгарагимизга келаётган ёшлар сони йилдан-йилга ортиб бормоқда.

Қайд этиш жоиз, Италияда ўнинчи бор ташкил этилган W.A.S.C.O  йўналишидаги жаҳон чемпионатида дунёнинг 32 мамлакатидан 600 нафардан ортиқ спортчи иштирок этган. Эътиборлиси, таэквондо ITF бўйича миллий терма жамоамиз аъзолари мусобақа давомида жами 25 олтин, 16 кумуш ва 34 бронза медалини жамғариб, якунда умумжамоа ҳисобида биринчи ўринга эга чиқишган эди. Жаҳон чемпионлари сафида ёш мураббий Маъруф Жўраевнинг ўзи ҳам бор. Албатта, мураббий шогирдига нафақат ўргатиши, балки муносиб ўрнак бўлиши ҳам керакда.

Шунингдек, 2016 йил мобайнида вилоятимиз вакиллари Осиё чемпионатида совриндор бўлишди, Ўзбекистон чемпионати ва кубоги баҳсларида самарали иштирок этишди. Натижада, Қашқадарё таэквондо ITF миллий федерацияси Ўзбекистон Республикаси     таэквондо ITF миллий ассоциацияси томонидан “Йилнинг энг яхши федерацияси” дея эътироф этилди.

Азизбек НОРОВ

Report typo