Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
16 май, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Феруза ҚОИЛОВА

26.12.2016


СОҒЛОМ ЖАМИЯТ АСОСИ, АДОЛАТ МЕЗОНИ

 

Бир гал синфга киришим билан дарстахта олдида бир-бирига гал бермасдан чуғурлашиб турган бир тўп қизалоқлар орасидан бирови ажралиб чиқди-да, чопқиллаб ёнимга келди.

- Устоз, устоз, - деди ҳовлиқиб. – Айтинг-чи, қонунни бузган одамни жазолашади, а? Қонунни бузиб бўлмайди, тўғрими?

Эндигина 3-синфга ўтган ўқувчиларим учун бу мутлақо янги тушунча бўлгани боис ҳаммалари жим қолиб, менга қараб туришарди. Дарс тарбиявий соат бўлиб, болаларга Конституция ҳақида илк билимларни беришим лозим эди. “Айни муддао, - дея хаёлимдан ўтказдим. – Ҳозирги дарсим учун бу жуда керакли савол бўлди”. Дарс давомида саволга жавоб бўладиган маълумотларни айтиб, болаларга қонун нималигини тушунтиришга уриндим. Ҳаётимизнинг ҳар бир жабҳасида Конституциямизнинг ўрни борлигини, ҳар биримизнинг қонун билан белгиланган ҳуқуқ ва бурчларимиз борлигини айтдим. Сўнгра болалар билан бирга ҳуқуқларимизни ёдга ола бошладик: яшаш ҳуқуқи, таълим олиш ҳуқуқи, даволаниш ҳуқуқи ва ҳоказо...

Буларни санай туриб, яна ўша қизалоқда савол туғилди:

- Устоз, биз шу ҳуқуқларга амал қилишимиз керак экан. Ўзи қонунлар одамга нима беради?

Ҳақли савол эди бу. Чиндан ҳам, қонунлар одамга нима беради? Нега уларга амал қилиш шартлигини кўп айтамизу қонунларнинг одамга нима бериши тўғрисидаги мавзуни очиқ қолдириб кетамиз? Ёки ўқувчига қонун ҳақида ўта жиддий, мураккаб расмий тилда қуруқ тушунча бериб қўя қоламиз?

Ўқувчимнинг саволини болаларнинг ўзларига бериб кўрдим:

- Хўш, бир ўйлаб кўрайлик-чи, қонун бизга нима берар экан? - кейин уларга бироз ёрдамлашдим. – Ҳозир ҳаммангиз мактабда бепул таълим олаяпсиз, тўғрими?

- Тўғри! – маъқуллашди улар.

- Қани, айтинг-чи, агар бу нарса сизнинг ҳуқуқингиз сифатида Конституциямизда белгилаб қўйилмаса, шундай бўлармиди? Ўқиш-ёзишни, ҳисоблашни ўргана олармидингиз?

Болалар қонун уларга нима беришини – қандай ҳақ-ҳуқуқ ва имтиёзлар ато этишини шунга ўхшаган мисоллар ёрдамида исботлай бошлашди. Бирининг айтишича, момосининг нафақа олиши қонунда белгиланган ҳуқуқ экан. Бошқаси эса ногирон қўшнисининг ўзидан сал каттароқ ўғли уйда таълим олаётгани, бу ҳам ўша боланинг қонуний имтиёзи эканлигини айтди. Яна бирининг акаси ҳарбий хизматни муваффақиятли тугаллаб, имтиёзга эга бўлибди ва шу йил олий ўқув юртига ўқишга кирибди. Кимнингдир отаси қонунларимиз берган имкониятдан фойдаланиб, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйибди.

Шу тариқа, тарбиявий соат, “Ўқиш”, “Атрофимиздаги олам” каби дарслар мобайнида ўқувчиларим ўз ҳақ-ҳуқуқлари билан биргаликда, бурч ва мажбуриятларини ҳам ўргана бошлашди. Ҳар бирига ўз ҳаётларидан мисоллар келтирадиган бўлишди. Ота-оналарининг ғамхўрлиги остида униб-ўсаётганликлари, бу ота-онанинг бурчи эканини таъкидлашарди. Ўзлари улғайгач эса ота-оналарига ғамхўрлик қилишга мажбур эканликларини ҳам билиб олишди. Синфдаги ҳар бир жиҳозни авайлаш кераклиги ҳақида айтганимда, яна ўша қизалоқнинг чақноқ кўзлари порлаб кетарди. “Устоз, бу ҳам бизнинг қонуний мажбуриятимизга киради-а?” деб сўраб қўйишни канда қилмасди. Табиат қўйнига сайрга чиққа-нимизда улар ниҳолларни синдирмаслик кераклигини бир-бирларига таъкидлашар, билишларича, бу ҳам фуқароларнинг бурчига киради.

Орадан йиллар ўтиб, қанчадан- қанча ўқувчиларим мактабни битиришди. Кимдир коллежда таҳсил олиб, кичик мутахассис сифатида иш бошлади, кимдир аввал лицейда, сўнг олий ўқув юртида ўқиди. Олий маълумотли мутахассис бўлиб етишди. Бу жараёнда уларга яна ўша қонунда белгиланган ҳақ-ҳуқуқлари йўл кўрсатувчи бўлди. Ўша серсавол қизалоқ ҳозир муаллима: ўзимизнинг мактабда, мен билан ёнма-ён, елкама-елка ишлаб келаяпти, она тили ва адабиётдан сабоқ беради. Ўқувчилари учун у – устоз  Нилуфар Кенжаева. Кўзларида меҳр порлаб турган, ғайрати ичига сиғмайдиган Нилуфарнинг ҳаётидаги ҳар бир ўзгариш, янгилик бевосита қонунлар билан ҳамоҳанг: у ўзи истаган йўналишда таълим олди, ўзи севган соҳада меҳнат қилаяпти. Аҳил оила бекаси. У бугун кечаги каби “Қонунлар бизга нима беради?” деб сўрамайди, чунки бу саволига ўз ҳаёти мисолида аллақачон жавоб топган. Эндиликда у ўқувчиларига дарслари мобайнида Конституциянинг мазмун-моҳиятини ҳаётий мисоллар ёрдамида тушунтириб боради. Зеро, бу -  ҳар биримиз ёшлигимиздан билишимиз, ўрганиб, риоя этишимиз шарт бўлган қоида эканини яхши билади.

Феруза ҚОИЛОВА, Қарши шаҳридаги 27-мактаб ўқитувчиси

Report typo