Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
16 июнь, якшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Ж.ДЎСТОВ

11.04.2022


СОҲИБҚИРОН СИЙМОСИГА ЭҲТИРОМ

Амир Темур таваллудининг 686 йиллиги

Куни кеча Cоҳибқирон Амир Темур таваллудининг 686 йиллиги муносабати билан Қарши ва Шаҳрисабз шаҳарларида ўтказилган асосий маънавий-маърифий тадбирлар улуғ бобокалонимизга бўлган юксак эҳтиром намунасига айланди.

Шаҳрисабз шаҳри шу куни ҳар доимгидан эрта уйғонди. Раҳбарлар, кекса-ю ёш, кенг жамоатчилик вакиллари Оқсарой мажмуаси ҳудудида жойлашган Шайх Шамсиддин Кулол ва Сайидлар мақбараларини зиёрат қилдилар, жонлиқ сўйилди ва аждодлар руҳига Қуръон тиловат қилинди. Амир Темур ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйилди.

Шундан сўнг вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Муротжон Азимов бошчилигида барча сектор раҳбарлари, ҳарбийлар, давлат ва нодавлат ташкилотлар вакиллари, фаол ёшлар, кенг жамоатчилик вакиллари Оқсарой майдонидаги Амир Темур ҳайкали атрофига жам бўлди.

Муротжон Азимов Буюк Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 686 йиллиги муносабати билан нутқ сўзлади.

Соҳибқирон таваллудига бағишлаб ўтказилган тадбирлар байрам сайлига айланиб кетди. Маълумки, Амир Темур йирик давлат арбоби бўлиш билан бирга буюк саркарда эди. Унинг салтанатида маданият, маърифат ва ҳарбий жанг санъати кенг ривожланди. Шу боис жойларда ўтказилган сайилларда ўша даврнинг ҳаёти турли спорт турлари намойиши орқали гавдалантирилди.

Бундан ташқари, шу куни вилоятимизда "Беш ташаббус олимпиадаси" мусобақалари бошланиб кетди. Йигит-қизлар ўртасида футбол, мини-футбол, волейбол, енгил атлетика, шахмат, шашка, стол тенниси, стритбол каби спорт турлари бўйича турли мусобақалар ўтказилди.

Вилоят мусиқали драма театрида намойиш этилган “Оқсарой” спектакли воҳамиз санъат аҳлининг Амир Темур таваллуди муносабати билан элимизга қилган ўзига хос туҳфаси бўлди.

Ж.ДЎСТОВ

C.НАРЗИЕВ олган суратлар.

Report typo