Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
17 май, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Б.САЙФИЕВ

30.04.2024


“Соҳибқирон Амир Темур” викторинаси ғолибларига мукофотлар топширилди

Республика Маънавият ва маърифат марказининг Қашқадарё ва Хоразм вилоятлари бўлимлари ҳамкорлигида Амир Темур таваллудининг 688 йиллиги муносабати билан онлайн викторина ўтказилди.

Аҳолининг буюк шахслар ҳақидаги билимларини бойитиш, ёшлар қалбида улуғ аждодлардан ифтихор туйғуларини кучайтириш, шунингдек, миллий ўзлигимиз ва бирлигимизни мустаҳкамлаш ҳамда билимдон ватандошларимизни рағбатлантириш каби мақсадлар назарда тутилган “Соҳибқирон Амир Темур” викторинаси Телеграм ижтимоий тармоғи орқали икки босқичда ташкил этилди.

Биринчи босқичда иштирокчилар махсус бот орқали 120 та тест саволига жавоб беришлари талб этилди. Тест саволлари 3 кун давомида кунига 40 тадан эълон қилиб борилди. Иштирокчилардан тестларни куннинг исталган қисмида ишлашлари, лекин бир уринишда 40 та тестни ечиш талаб этилди. Энг кўп тўғри жавоб топган 200 нафар иштирокчи кейинги босқичда қатнашиш имкониятига эга бўлди.

Танловнинг якуний босқичида 50 та тест саволига энг кўп ва тез тўғри жавоб берган иштирокчилар ғолиб деб топилди.

Бугун Қарши шаҳридаги Маънавият масканида ғолиб ва совриндорларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

1-ўрин соҳиби – Бухоро вилояти Ромитан туманидаги 41-мактаб тарих фани ўқитувчиси Жасур Латиповга телевизор, 2-ўринни эгаллаган Қарши давлат университети талабаси Улуғбек Ҳасанов (Кўкдала тумани)га планшет, Самарқанд вилояти Нуробод туманидаги 3-давлат ихтисослаштирилган умумтаълим мактаби ўқувчиси Жасмина Тошмуродовага 3-ўрин соҳибаси сифатида смартфон топширилди.

Фаол иштирокчилар китоблар тўплами билан тақдирланди. “Танловнинг энг фаол тарғиботчиси” номинацияси бўйича 10 нафар иштирокчига “ақлли соат”лар туҳфа қилинди.

- Соҳибқирон таваллудининг 688 йиллиги муносабати билан “Амир Темур тарихи билимдони” танловини, сўнг онлайн викторина эълон қилдик ва кўплаб иқтидорли, заковатли инсонларни ўзимиз учун кашф этдик, - дейди Республика Маънавият ва маърифат маркази Қашқадарё вилояти бўлими раҳбари Комила Карамова. – Ушбу лойиҳада Марказ Хоразм вилояти бўлими ҳам қатнашиш истагини билдиргани бизни янада мамнун этди. Шундан келиб чиққан ҳолда, ақлни чархлайдиган, кишиларни ўқишга, билим олишга ундайдиган танловларни қамров ва мазмун жиҳатидан янада юқори даражага олиб чиқишни мақсад қилганмиз.

Б.САЙФИЕВ

Report typo