Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
16 июнь, якшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

05.05.2023


“Siemens Energy” компанияси “Муборак ИЭМ” учун иккита газ турбинасини етказиб беради

“Иссиқлик электр станциялари” акциядорлик жамияти ва Германиянинг “Siemens Energy” компанияси ўртасида тузилган битимга мувофиқ воҳамиздаги  “Муборак ИЭМ” корхонасида ҳар бирининг қуввати 54 мегаваттга тенг бўлган иккита замонавий газ турбинаси ўрнатилади.

Акциядорлик жамияти мутасаддилари оммага тақдим этган маълумотларга қараганда, мамлакатимиз раҳбарининг жорий йил 2-3 май кунлари Германия Федератив Республикасига ташрифи давомида ўтказилган Германия-Ўзбекистон бизнес форуми доирасида “Иссиқлик электр станциялари” акциядорлик жамияти ва “Siemens Energy” компанияси томонидан Бухоро шаҳридаги 3-сонли иссиқлик таъминоти қозонхонасида ва “Муборак ИЭМ” корхонасида энергосамарадор газ турбиналари ўрнатиш бўйича умумий миқдори 72 миллион еврога тенг иккита лойиҳа бўйича шартнома имзоланган. Юртимизда когенерация технологияларини жорий этиш  йўналишида амалга оширилаётган ишларнинг узвий давоми сифатида баҳоланаётган мазкур лойиҳаларга кўра, Бухородаги иссиқлик таъминоти қозонхонаси ва Муборак иссиқлик электр маркази учун ҳар бирининг қуввати 54 МВтга тенг бўлган иккитадан, жами 4 та газ турбина ишлаб чиқарилади ва етказиб берилиб ўрнатилади.  

Мазкур лойиҳаларнинг ишга туширилиши мамлакатимизда ишлаб чиқариладиган электр энергиясининг умумий қувватини 216 МВтга оширади. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, бу йилига 1,7 миллиард киловатт-соат электр энергияси ва 1,5 миллион Гкал иссиқлик энергиясини ишлаб чиқариш имконини беради. Шунингдек, 80 та янги иш ўринлари яратилади. Лойиҳаларни амалга ошириш даврида, республикамизнинг минг нафар малакали мутахассисларини иш билан таъминлаш имконияти пайдо бўлади.

Report typo