Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
12 июль, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Баҳодир ҲАЛИМОВ

26.01.2017


ШОГИРДЛАРИГА МУҲАББАТИДАН ШАРАФ ТОПАЁТГАН УСТОЗ

Қарши шаҳридаги 2-ихтисослаштирилган мактаб-интернатининг математика фани ўқитувчиси Муҳаббат Шарапова қарийб ярим асрдан буён ўрта мактабда болаларга математика фанидан дарс беради. Рақамлар фалсафаси, инсон ақл-идрокининг юксак маҳсули, инсон закосининг ҳисоб-китоблардаги инъикосини ёш авлодга тушунтириб, уқтириб келади. Бир навниҳолни тўғри йўлга бошлаш, муносиб ҳаётга ундашни ўзининг инсонийлик бурчи деб билади.

Шогирдлари бирор натижага эришса, дейлик, олий ўқув юртига ўқишга кирса ёки нуфузли даргоҳда ўз ўрнини топса, малака ошириш учун хорижга бориб келса, худди ўзи шу ютуқларга эришгандай қувонади. Қилган меҳнатлари беиз, бежиз кетмаганига хурсанд бўлади. Ана шу шодлиги баробарида бугунги куннинг имкониятларини кечаги, ўзи ўқиган, ишлаган даврлар билан таққослаб кўради.

- Юртимиз истеъдод, иқтидор эгаларига бой, энг асосийси, буни рўёбга чиқариш учун имконият, шароит етарли, - дейди Муҳаббат Шарапова. - Биз кўрмаган юртларни ўқувчиларимиз кўраяпти, собиқ тузум даврида поймол бўлган орзу-умидларимизни улар рўёбга чиқараяпти. Ўтган йили эндигина ўн беш ёшга тўлган ўқувчим -   Саидали Муродуллаев Хитойнинг Чанг Чунг шаҳрида ўтказилган   халқаро ёш математиклар олимпиадасида Ўзбекистон терма жамоаси сафида иштирок этиб, умумжамоа ҳисобида 2-ўринни олиб қайтди. Мана сизга ўзбек болалари, мана сизга истиқлол фарзандлари...

Дарҳақиқат, бундай иқтидорли ёшлар юртимизда илгари ҳам кўплаб топиларди. Аммо собиқ иттифоқ даврининг биқиқ сиёсати сабаб на ёшларнинг қобилияти кўринарди, на муаллимнинг қилган меҳнати.

Биргина мисол. Муҳаббат Шарапова собиқ тузум даврида 20 йил ишлади. Қандай ҳурмат кўрди? Нима топди? Ҳеч нарса.

Истиқлол шарофати билан бу жонкуяр устознинг меҳнатлари эътироф этила бошланди. Мустақилликнинг биринчи йилидаёқ у "Халқ таълими аълочиси" кўкрак нишони билан тақдирланди. Эътиборлиси, бу унинг ўқитувчилик  фаолияти давомидаги биринчи рағбат эди.

1992 йилда Ўзбекистон Республикаси "Фахрий ёрлиғи", 1996 йилда "Меҳнат шуҳрати" орденига лойиқ топилди. 2007 йилда "Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган халқ таълими ходими" унвони билан мукофотланди.

Қувонарлиси эса, куни кеча, яъни энг улуғ, энг азиз байрамимиз – мамлакатимиз мустақиллигининг 25 йиллик тўйи арафасида Президентимизнинг фармонига кўра, Муҳаббат Шарапова "Ўзбекистон Қаҳрамони" унвони билан тақдирланди.

- Битта ўқитувчига ҳурмат, бўлса, шундай бўлади-да, - дейди Ўзбекистон Қаҳрамони Муҳаббат Шарапова. - Буларнинг барчаси нимадан? Истиқлолдан. У ато этган қутлуғ кунлардан. Юртимиз ёшлари жаҳонда ҳеч кимдан кам эмаслигини намоён қилаётган, юртимизда яхши кунлар бир-бирига уланаётган шундай нурафшон кунларда муҳтарам Президентимизнинг фармонига мувофиқ энг нуфузли давлат мукофотига лойиқ кўрилганимдан хурсандман. Бошим кўкка етди. Оддий ўқитувчини бу қадар улуғлаш дунёнинг  бошқа бир жойида бўлмаса керак.

Бировга бир ҳарф ўргатишнинг минг ранжини, мушкулини тотиб кўрган Муҳаббат Шарапова бугун шогирдлари, дўст-ёрларининг табригу дил сўзларидан шодумон бўларкан, бу юртда меҳнат қилган кам бўлмаслигини ўйлайди, қалби чексиз ғурур ва фахрга тўлиб, дилидаги тилига кўчади: "Борингга шукур, истиқлол!.."

Баҳодир ҲАЛИМОВ

Report typo