Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
14 июль, якшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Шерхон ҚОРАЕВ

21.04.2022


ШИФОБАХШ РУБОИЙ

"Султони вақт" номи билан танилган буюк тариқат арбоби Шайх Абу Саъид Абулхайр (ваф. 1048 й.) қаламига мансуб "Ҳавроийя" рубоийси, мана, ўн аср мобайнида улуғ муаллифга шуҳрат келтириб, тилдан тилга, манбадан манбага кўчиб юрибди. Ҳатто унга шарҳ тариқасида ўнлаб китоблар ёзилган.

Алишер Навоий "Насойим ул-муҳаббат"да тасаввуфнинг таниқли намояндаларидан бўлган Шайх Абу Саъид Абулхайрни: "Оти Фазлуллоҳдур. Султони вақт ва аҳли тариқат жамоли эрди ва қулуб мушрифи. Ва анинг замонида барча машойих анга мусаххар эрди" деб улуғлаган. Шунингдек, ул зоти бобаракатнинг зикрида қалам ожиз эканлигини эътироф этган.

Мана, ўша - Улуғ шайхнинг "Ҳавро", яъни "Ҳурлар" сўзи билан бошланувчи "Ҳавроийя" рубоийси:

Ҳавро ба назораи нигорам саф зад,

Ризвон ба ажаб бимонду каф бар каф зад.

Он холи сияҳ бир он рух мутрф зад,

Абдол зи бим чанг дар Мусҳаф зад.

(Таржимаси: "Ҳурлар нигоримни кўриш учун саф тортдилар. Ризвон (жаннат эшик оғаси) ҳам ҳайратланиб, қарсак чалиб юборди. У қора хол (маҳбуба) юзларига парда тортганида абдол (Аллоҳнинг хос бандалари, яқинлари) қўрқувдан Қуръонга чанг солди).

Адабиётшунос Замира Исҳоқованинг ёзишича, "рубоийнинг тасаввуфий-ирфоний маъноси қуйидагичадир: Ҳақ таолога ошиқу шайдо бўлмиш камина (Шайх Абу Саъид Абулхайр)нинг ҳузурига жон олувчи фаришта ташриф буюради. Жон фидо қилмай туриб маҳбубга етишмоқлик амри маҳол эканини идрок этувчи ақл шодликдан қарсак чалиб юборади. Жон таслим қилиш асносида, одатда, инсон юзида ночорлик ва хомушлик аломатлари пайдо бўлади. Натижада нафсоний қувватлар инсоний ҳақиқат билан тўқнашади ва мағлубиятга учрайди, яъни Аллоҳга етишган ошиқнинг инсоний ҳақиқати ғалаба қилади".

Навоий ушбу рубоийга улуғ авлиёлар ҳам шарҳ ёзганига эътибор қилиб, "Насойим ул-муҳаббат"да қайд этганидек: "Ва баъзи акобир шарҳлар битибдирлар". Жумладан, рубоийга нақшбандия тариқатининг назарий, амалий жиҳатларини бойитиб, бу таълимотнинг машҳур бўлишига катта ҳисса қўшган тарихий шахс - Хожа Аҳрор тасаввуфий қарашлар асосида шарҳ ёзган. Афтидан, "Хожа Аҳрор Валий" рисоласида ёзилишича, муҳаққиқлар томонидан битилган шарҳлар рубоийнинг ҳақиқий маъносини тўла очиб бера олмагани учун уни қониқтирмаган. Шунинг учун у "Рисолаи ҳавроийя ёки Шарҳи рубоийи Шайх Абу Саъид Абулхайр" номли асарини битган.

Академик Ботирхон Валихўжаевнинг қайд этишича, тасаввуф аҳли ўртасида жуда машҳур бўлган бу рубоийга Сайид Неъматуллоҳ Валий уч рисола бағишлаган бўлса, Сайид Қосим Анвор, Мавлоно Яъқуб Чархий ва Шайх Озарий биттадан шарҳ китоб ёзиб, изоҳлаганлар.

Хўш, асрлар мобайнида тасаввуф аҳлини ҳайратга солган бу рубоийни ёзилиш тарихи қандай?

Тадқиқотчи Нодир Рамазоновнинг ёзишича, кунлардан бир кун Шайх Абу Саъид Абулхайрнинг муридларидан бўлган Устод Абу Солиҳ қаттиқ бетоб бўлиб, тўшакка ётиб қолади. Шунда улуғ Шайх Хожа Абубакр Муаддаб исмли шогирдига давот, қалам ва қоғоз келтиришни буюради. Абу Саъид Абулхайр эса юқоридаги рубоийни бадиҳатан айтади, шогирди эса уни оққа кўчиради. Рубоийни тўшакда ётган Абу Солиҳ устида ўқийдилар ва қоғозни унинг танасига боғлаб қўядилар. Шундан сўнг, у шу куннинг ўзидаёқ соғайиб, ўрнидан туриб кетади.

Бу талқин замирида асос бордек. Яъни Ҳазрат Навоий ҳам "Насойим ул-муҳаббат"да рубоийнинг шифобахш эканлигини қайд этган: "Ҳамул дастур била бу рубоийни сойир марази (касаллик)га ўқурлар ва нафъ еткурурлар".

Шерхон ҚОРАЕВ,

 адабиётшунос

Report typo