Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
30 апрел, сешанба. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Маданият
  • Шаҳрисабзда – Халқаро ироқи каштачилик фестивали, Касбида – кулолчилик кўргазмаси

15.06.2023


Шаҳрисабзда – Халқаро ироқи каштачилик фестивали, Касбида – кулолчилик кўргазмаси

Жорий йил август ойида Шаҳрисабз шаҳрида халқаро ироқи каштачилик фестивали бўлиб ўтади. Келгуси йил октябрда эса Касби тумани йирик кулолчилик кўргазмасига мезбонлик қилади.

Воҳамизда ушбу тадбирларнинг ташкил этилиши 2023-2024 йилларда ҳунармандчиликнинг турли йўналишлари бўйича ўтказиладиган кўргазмалар, фестиваллар ва халқаро конференциялар рўйхатида белгиланган.

Президентнинг жорий йил 12 июндаги “Аҳолини ҳунармандчиликка жалб қилиш ва ҳунармандчилик фаолиятини ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан тасдиқланган ушбу рўйхатга кўра, Шаҳрисабздаги халқаро фестиваль ва Касбидаги йирик кўргазманинг ташкил этилиши ва ўтказилиши учун вилоят ҳокимлиги, Маданият ва туризм вазирлиги ҳамда “Ҳунарманд” уюшмаси масъул ҳисобланади.

Умуман олганда, фармоннинг иловаларидан бирида келтирилган мазкур рўйхатдан республикамизнинг барча ҳудудларида ўтказиладиган 30 га яқин тадбир, шу жумладан, Хоразм вилояти Хива шаҳридаги “Гиламларга битилган тарих” гиламчилик кўргазмаси (2023 йил август), “Ўзбекистон совғалари” миллий сувенирлар ва ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазма-савдоси (2023 йил август), Андижон шаҳридаги “Миллий қўғирчоқлар — миллий қадриятлар кўзгуси” номли республика фестивали (2023 йил сентябрь), Қорақалпоғистон Республикасидаги Халқаро “Ўтов” ҳунармандчилик фестивали (2023 йил октябрь) ўрин олган.

Шунингдек, АҚШ, Буюк Британия, Франция, Германия, Италия, Россия, Япония, Хитой, Туркия, Индонезия, Ҳиндистон, Малайзия, Қозоғистон, Озарбайжон, Қирғизистон, Тожикистон ва бошқа давлатларда ташкил этиладиган халқаро кўргазма ва фестивалларда Ўзбекистон ҳунармандларининг иштирокини таъминлаш вазифаси ҳам қўйилган.

Report typo