Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
19 апрел, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

28.03.2022


Шаҳрисабз ва Китобда канализация тизими барпо этилади

Инвестиция лойиҳалари

2022-2027 йилларда воҳамизда Франция тараққиёт агентлиги иштирокида умумий қиймати 91 миллион еврога тенг “Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз шаҳри ва Китоб тумани марказида оқова сув тизимларини реконструкция қилиш ва қуриш” лойиҳаси амалга оширилади.

Унинг ҳаётга татбиқ этилиши Шаҳрисабз ва Китобда аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг оқова сув хизмати билан таъминланганлик даражасини ошириш, ушбу ҳудудларнинг санитария-эпидемиологик ҳамда экологик ҳолатини янада яхшилаш имконини беради.

Мамлакат Президентининг шу йил 18 мартдаги қарори билан тасдиқланган техник-иқтисодий параметрларга кўра, мазкур лойиҳани рўёбга чиқариш учун Франция тараққиёт агентлиги томонидан 20 йилда қайтариш (шундан имтиёзли давр – 6 йил) шарти билан  80 миллион 284,4 минг евро миқдорида қарз берилган. Қолган маблағ (10 миллион 715,6 минг евро) Ўзбекистон Республикасининг улуши ҳисобланиб, қўшилган қиймат солиғини қоплаш ва божхона тўловлари бўйича имтиёзлар бериш тарзида тақдим этилади.

Лойиҳага ажратилаётган сармоянинг асосий қисми (77,5 миллион евродан ортиқ) капитал қўйилмалар қиймати ҳиссасига тўғри келади, жумладан, қурилиш-таъмирлаш ишларини бажаришга 46 миллион 79,5 минг евро, машиналар ва ускуналар харид қилишга 19 миллион 425,9 минг евро йўналтирилади.

Қарорда белгиланганидек, “Ўзсувтаъминоти” акцидорлик жамияти лойиҳанинг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилиши учун зарур ташкилий-техник тадбирларнинг ўтказилиши ва Франция тараққиёт агентлигининг қарз маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланилишини таъминлаш учун масъул ижро этувчи орган ҳисобланади. Айни пайтда “Ўзсувтаъминот” АЖ билан биргаликда вилоят ҳокимлиги ҳам лойиҳанинг сифатли амалга оширилиши, белгиланган кўрсаткичларга эришилиши ва агентлик қарзларининг қайтарилиши учун жавобгар бўлади.

Нафақат Китоб ва Шаҳрисабз, балки Навоий вилоятининг Кармана туманида ҳам оқова сув тизимларини қуришга доир чора-тадбирлар жамланган қарор билан “Қашқадарё сув таъминоти” ва “Навоий сув таъминоти” масъулияти чекланган жамиятларини молиявий соғломлаштириш бўйича “йўл хариталари” ҳам тасдиқланган.

Масалан, вилоятимиздаги сув таъминоти корхонасини молиявий соғломлаштириш учун шу йилнинг ўзида истеъмолчилар сонини амалдаги 132 минг нафардан 165 минг нафарга етказиш (яъни яна 33 минг нафар истеъмолчини қамраб олиш) ва 6,9 миллиард сўм қўшимча даромад олиш, соҳада кўрсатилган хизматлар бўйича мавжуд 66,7 миллиард сўм дебитор қарздорликни 13 миллиард сўмга ёки 20 фоизга қисқартириш, аҳоли ва юридик шахсларнинг сув ҳисоблагич билан таъминланганлик даражасини 37 фоиздан 50 фоизга етказиш, сув таъминоти соҳасида амалга оширилган ишлар бўйича жамоатчилик назоратини ўрнатиш ва яна бир қатор муҳим чора-тадбирларни амалга ошириш режалаширилган.

Report typo