Кураш
Жиззах вилоятида “Полвонлари кўп юрт қудратли бўлур” шиори остида кураш ҳамда белбоғли кураш бўйича ёшлар ва катталар ўртасида анъанавий халқаро турнир бўлиб ўтди. Унда мамлакатимиз полвонларидан ташқари қўшни Қирғизистон, Қозоғистон ва Тожикистон давлатларидан 500 нафардан ортиқ спортчи қатнашди.
Баҳсларда эркаклар кураш бўйича 6 та, белбоғли кураш бўйича 8 та, аёллар эса кураш бўйича 3 та вазн тоифаларида беллашди. Шунингдек, ҳар иккала спорт тури бўйича эркаклар ўртасида мутлақ вазнда ҳам кучлилар аниқланди.
Эътиборлиси, турнирнинг ғолиб ва совриндорлари сафида вилоятимиз спортчилари ҳам бор. Шерали Жўраев кураш бўйича мутлақ вазнда 3-ўринни эгаллади. Аёллар баҳсида эса Шаҳло Ҳамидова биринчи ўрин, Феруза Бобоқулова 3-ўрин эгаси бўлди.
Мусобақа низомига кўра, кураш ва белбоғли кураш бўйича ҳар бир вазн тоифасида 1-ўринни қўлга киритган полвонлар 5.000.000 сўмдан, 2-ўрин соҳиблари 3.000. 000 сўмдан, иккита 3-ўринни қўлга киритган полвонлар 1.500.000 сўмда пул мукофотига сазовор бўлди. Мутлақ вазнларда ғолиб бўлган спортчиларга 2 та “NEXIA-3” русумдаги янги автомобиль, 2-ўринни қўлга киритган полвонларга 30.000.000 сўмдан ҳамда 3-ўринни банд этганлар 10.000.000 сўмдан пул мукофотлари тортиқ этилди.
Мутлақ вазн тоифаларида ғолиблик шоҳсупасига кўтарилган юртимиз полвонлари – Муҳсин Ҳисомиддинов (кураш) ва Нодир Аҳаджонов (белбоғли кураш)га “Nexia-3” русумли автомобиллар тантанали равишда топширилди.
А.ДАВРОН