Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
2 март, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

М.ЖЎРАЕВ

03.04.2018


РАҚОБАТ КУЧАЙСА, СИФАТ ҲАМ ОШАДИ

Маълумки, айни пайтда юртимизда мактаб ёшигача бўлган болалар таълимнинг илк босқичига тўлиқ қамраб олинмаган, боиси, боғчалар етишмайди. Давлатимиз раҳбарининг тегишли қарори асосида жойларда барча замонавий талабларга жавоб берувчи нодавлат мактабгача таълим муассасалари фаолиятини кенг йўлга қўйишга устувор аҳамият қаратилаётгани ҳам шундан. Соҳадаги ислоҳотларга мувофиқ, ўтган давр мобайнида вилоятимизда ҳам бир қанча хусусий боғча қуриб фойдаланишга топширилди. Шаҳрисабз шаҳридаги “Аҳмедов Актам Бухорович” МЧЖ муассислигидаги “Кеш вундеркиндс” номли мактабгача таълим муассасаси шулардан биридир.

- Боғчамиз инглиз тили ва компьютер билимларини чуқур ўргатишга   ихтисослашган, - дейди мазкур муассаса мудираси Шаҳзода Мухтарова. – Ясли 36 ўринга мўлжалланган бўлиб, ҳозирда 25 нафар бола тарбияланаяпти. Уларни мактабгача тайёрлаш жараёнида шахсини камол топтириш имконини берувчи барча йўналишлар қамраб олинган. Кичкинтойларнинг интеллектуал, эстетик ва жисмоний салоҳиятини ўстириш учун шароит мавжуд. Боғчамизда мусиқа ва рақс тўгараги, спорт заллари, шахмат-шашка хонаси, мўъжаз қўғирчоқ театри ишлаб турибди. Бинодан овқатланиш, тиббиёт хоналари ҳам ўрин олган. Шунингдек, мактабга тайёрлов гуруҳи ва кичик ёшдаги гуруҳлар учун машғулот хоналари, 2 та ётоқхона бор. Ҳовлидаги ўйин майдончаси турли аттракционлар билан жиҳозланган. Бугунги кунда таълим муассасамизда 5 нафар мутахассис фаолият олиб бораяпти.

Дарҳақиқат, бундай мактабгача таълим муассасалари жажжи кичкинтойларнинг қобилият ва истеъдодларини эрта рўёбга чиқаришда, уларнинг маънавий-руҳий, интеллектуал шаклланишида муҳим аҳамиятга эга. Ўз навбатида фарзандининг боғчага қатнашидан ота-она ҳам манфаатдор. Шу орқали фойдали иш билан машғул бўлишга фурсат топади, оиласи фаровонлиги учун бехавотир елиб-югуради.

Айтиш жоизки, Президент Шавкат Мирзиёев вилоятимизга қилган ташрифи чоғида ушбу нодавлат мактабгача таълим муассасаси фаолияти билан яқиндан танишган, унда яратилган шароитларни юксак баҳолаганди. Давлатимиз раҳбари мазкур боғча мисолида Шаҳрисабз шаҳрида, бутун вилоятда бундай нодавлат мактабгача таълим муассасаларини кўпайтириш бўйича мутасаддиларга топшириқ берганди.

М.ЖЎРАЕВ

 Собир Нарзиев олган суратлар.

Report typo