Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
17 май, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Асрор НОРҚУЛОВ, Ойбек ҲАКИМОВ

04.09.2020


ПАХТА ҚАБУЛ ҚИЛИШ МАСКАНЛАРИ ҚАНДАЙ АҲВОЛДА?

Йиғим-терим мавсумида муҳим роль ўйнайдиган бу инфратузилма объектларининг айримларида тайёргарлик ишлари ҳали умуман бошланмаган

Нигоҳ

Куз фасли қишлоқ хўжалигида ўта муҳим ва масъулиятли палла ҳисобланади. Йил давомида қанча меҳнату машаққатлар эвазига етиштирилган ҳосилни қисқа муддатда, нест-нобуд қилмасдан йиғиб-териб олиш  лозим.

Биргина пахта йиғим-теримининг ўзи нафақат деҳқонлар, балки масъул ташкилотлардан ҳам мавсумга пухта тайёргарлик кўриш, ишни уюшқоқлик билан ташкил этишни талаб этади.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси вилоят бошқармаси инспекторлари томонидан Қашқадарёдаги пахта тозалаш корхоналари ва пахта қабул қилиш масканларининг мавсумга тайёргарлик ҳолати ўрганилди. Натижа эса кўнгилдагидек эмас.

Айтиб ўтиш жоизки, жорий йилда вилоятимизда териб олинадиган пахта ҳосили тўқимачилик кластер корхоналарига қарашли 43 та ҳамда пахта кооперацияларига қарашли 11 та пахта қабул қилиш масканида жамланиши керак. Ушбу масканлар тегишли тартибда "Ўзпахтасаноат" АЖ ҳисобидан пахта тўқимачилик кластерлари ва кооперациялар ҳисобига ўтказилиши белгиланган эди. Аммо йиғим-терим бошланишига жуда қисқа фурсат қолаётган бўлса-да, бу борадаги ишлар ҳануз якунига етказилмаган. Эгалик ҳуқуқи берилмаганлиги боис айрим пахта қабул қилиш масканларида мавсумда ҳосилни қабул қила олмаслик эҳтимоли юқори.

Мисол учун, Қарши туманидаги "Sulton Tex Group" МЧЖга қарашли "Корхона қоши", "Қовчин", "Талликурон" ва "Қарши" пахта қабул қилиш масканлари "Silver Fiber agro" кооперацияси ҳисобига, Нишон туманидаги "Нишон пахта тозалаш" АЖга қарашли "Пахтазор", "Наврўз" ва "Ойдин" пахта қабул қилиш масканлари "Indorama Agro" МЧЖ ҳисобига ўтказилиши белгиланган бўлса-да, ҳанузгача ижара шартномалари тузилмаган, эгалик ҳуқуқи берилмаган, оқибатда тайёргарлик ишлари умуман бошланмаган.

Бугунги кунда Миришкор туманида 10 та пахта қабул қилиш маскани мавжуд бўлиб, улар "Mirishkor nur Cotton klaster" МЧЖ ва "LT Textile International" хорижий корхонаси ҳисобига олиниши белгиланган. Бироқ, ҳали-ҳануз ушбу масканлар тақсимот қилинмаган, тайёргарлик ишлари бошланмаган. Бундай ҳолатни Косон туманидаги "Koson baxt tekstil" ва  "Бунёдкор" МЧЖда ҳам кўриш мумкин. 

Бундан ташқари, Касби туманидаги "Indorama" МЧЖ пахта-тўқимачилик кластерига қарашли  "Қамаши", "Денов", "Ғалаба", "Месит", Шаҳрисабз туманидаги "Oqsaroy tekstil" МЧЖга қарашли "Корхона қоши", "Чоршанбе", Яккабоғ туманидаги "Shahrisabz tekstil" МЧЖга қарашли "Эсат" ва "Синнон" пахта қабул қилиш масканларида мавсумга тайёргарлик ишлари бошланмаган. Айримларида "Ўзпахтасаноат" билан ҳисоб-китоб ишлари якунига етмаганлиги кузатилди.

Қамаши туманидаги "Qamashi yaxshi niyat" кооперациясига қарашли "Тўқбой" пахта қабул қилиш масканининг атрофи белгиланган тартибда девор билан ўралмаган. "Корхона қоши" ҳамда "Чим" пахта қабул қилиш масканларида  ўт ўчириш, ёритиш воситалари, пахтани узатиш, юклаш техникалари носоз.

Ушбу ҳолатлар юзасидан инспекция томонидан вилоятдаги пахта- тўқимачилик кластерлари ва кооперацияларига камчиликлар юзасидан  кўрсатмалар берилиб, бу борада камчиликка йўл қўйган масъул ходимларга нисбатан юқори ташкилотларга маълумотномалар киритилмоқда. 

Асрор НОРҚУЛОВ,

Ўзагроинспекциянинг вилоят бошқармаси бош инспектори

Ойбек ҲАКИМОВ,

катта инспектор

Report typo