Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
27 июль, сешанба. 2021 йил                         Махсус версия RU

02.07.2021


ОЛИЙГОҲЛАРГА ҚАБУЛ ЖАРАЁНИДА ҚАНДАЙ ЯНГИЛИКЛАР БОР?

2021-2022 ўқув йилида юртимиздаги олий таълим муассасаларига кириш тест синовларида Қашқадарёдан 175 минг нафарга яқин абитуриент иштирок этиши прогноз қилинмоқда.

Бу ҳақда Қарши шаҳридаги Журналистлар уйида бўлиб ўтган навбатдаги матбуот анжуманида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази (ДТМ) вилоят бўлими бошлиғи Анвар Уткиров маълум қилди.

Тадбирда тест синовларини ўтказиш бўйича вилоятимизда олиб борилаётган тайёргарлик ҳақида сўз юритилар экан, мазкур жараённи мамлакатдаги эпидемиологик вазиятдан келиб чиқиб, очиқ ва ёпиқ майдонларда икки сменада ташкил қилиш юзасидан амалий ишлар бошлаб юборилгани алоҳида қайд этилди. Шунингдек, абитуриентларга тест синови топшириладиган фанлар мажмуаси ҳамда фанлар кетма-кетлиги бир хил бўлган бештагача бакалавриат таълим йўналиши бўйича танловда иштирок этиш ҳуқуқи берилиши ҳамда рўйхатдан ўтиш жараёнида танланган бакалавриат таълим йўналишлари устуворлигига қараб дастлаб давлат гранти, кейинчалик тўлов-контракт асосида танловда иштирок этиш бўйича қўшимча имконият яратилиши тушунтирилди.

-Мамлакатимиз Президентнинг шу йил 22 июндаги қарорига мувофиқ, - деди ДТМ вилоят бўлими бошлиғи Анвар Уткиров, - 2021-2022 ўқув йили қабулидан бошлаб, олий таълим муассасаларига имтиҳонларсиз давлат гранти асосида ўқишга кириш бўйича имтиёзга эга бўлган шахслар умумий қабул параметрларидан ташқари қўшимча давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинади.

Айни пайтда матбуот анжуманида қабул жараёнига оид бошқа кўплаб маълумотлар тақдим этилди. Хусусан, абитуриентларни рўйхатдан ўтказиш 22 июнидан 22 июлига қадар (22 июль куни ҳам) бўлган муддатда Ягона интерактив давлат хизматлари портали ҳамда Давлат тест марказининг расмий веб-сайти орқали амалга оширилиши эслатиб ўтилди. Маҳалла ва оилани қўллаб қувватлаш вазирлигининг тавсияномасига эга бўлган хотин-қизлар учун қўшимча 2 мингта давлат гранти асосидаги қабул кўрсаткичлари ажратилиши билдирилди.

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар

 

Report typo