Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
20 апрел, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Спорт
  • ҒОЛИБ ВА СОВРИНДОРЛАР МАҲАЛЛАЛАРИДА – ЗАМОНАВИЙ СПОРТ МАЙДОНЧАЛАРИ

10.05.2023


ҒОЛИБ ВА СОВРИНДОРЛАР МАҲАЛЛАЛАРИДА – ЗАМОНАВИЙ СПОРТ МАЙДОНЧАЛАРИ

Ёшлар ва спорт

Вилоятимиз шаҳар ва туманларидаги 24 та маҳалла фуқаролар йиғинида тез орада универсал (яъни юриш, югуриш, мини-футбол ва бадминтон спорт турлари билан шуғулланиш учун мўлжалланган) ҳамда стритбол ва воркаут спорт майдончалари ташкил этилади.

Вилоят ҳокимининг бу ҳақдаги қарори билан тасдиқланган рўйхатга кўра, маҳаллаларнинг 11 тасида узунлиги 26 метр, эни эса 15 метрга тенг универсал, яна 8 тасида 10 метрга 20 метр катталикдаги стритбол (кўча баскетболи) ва воркаут (кўча гимнастикаси), қолган 5 тасида эса  фақат воркаут (10 метрга 10 метр) спорт майдончалари қурилади. Келгусида аҳоли ва, айниқса, ёшларни оммавий спортга жалб қилиш учун барпо этиладиган бу мажмуаларнинг деярли барчаси терма жамоалари “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасидаги мусобақаларнинг республика босқичида спортнинг футбол, мини-футбол, волейбол, енгил атлетика, шахмат, шашка, стол тенниси, стритбол, воркаут каби турлари бўйича ғолиб ва совриндор бўлган маҳаллаларда қад ростлайди. Масалан, Ғузор туманидаги Ёнқишлоқ маҳалласининг қизлар терма жамоаси ўтган йили “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасида стритбол бўйича 16-21 ёш тоифасида ўтказилган мусобақанинг республика босқичида иккинчи ўринга сазовор бўлганди. Ёш спортчиларга ўша пайтда топширилган диплом ва қимматбаҳо совғаларга қўшимча соврин сифатида мазкур маҳалладаги 75-мактабда стритбол ва воркаут спорт майдончалари бунёд этилади. Худди шундай майдончалар Китоб тумани Кухсор маҳалласидаги Деновбола қишлоғида жойлашган 60-мактабда ҳам пайдо бўлади. Бунинг асосий сабабчилари эса ушбу маҳалланинг волейбол бўйича 16-21 ёш тоифасидаги йигитлар терма жамоасининг аъзоларидир. Улар ҳам “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасидаги турнирнинг республика босқичида иккинчи ўринни қўлга киритишга муваффақ бўлиб, ўзлари ва бу олис тоғли қишлоқнинг бошқа ёшлари учун ажойиб совға ҳозирлашди. Деновболалик волейболчиларнинг тенгдошлари – Нишон туманидаги Умр бунёдкори маҳалласида яшайдиган ёшлар айнан шу спорт тури бўйича терма жамоа тузиб, “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасидаги спорт мусобақасининг республика босқичигача етиб боришган ва фахрли учинчи ўринни эгаллашган. Уларнинг бу ютуқлари туфайли маҳалла ҳудудида бир сотих майдонда замонавий воркаут майдончаси вужудга келади. “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасидаги финал беллашувларда бир йўла иккита терма жамоаси (16-21 ёшдаги йигитлар ва 22-26 ёшдаги қизлар) енгил атлетика бўйича шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилган Шаҳрисабз туманидаги Чоршанбе маҳалласи спорт мактабида эса майдони қарийб 400 квадрат метрга тенг универсал спорт майдончаси қурилади.

Шу ўринда эслатиш жоизки, мамлакат Президентининг ўтган йил 11 апрелдаги “Маҳаллаларда ёшларни оммавий спортга жалб қилишни янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан 2022 йилдан бошлаб “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасида ҳар йили анъанавий тарзда 30 июнь – Ўзбекистон Республикаси ёшлари куни ҳамда декабрь ойида Ёшлар форуми доирасида спортнинг футбол, мини-футбол, волейбол, енгил атлетика, шахмат, шашка, стол тенниси, стритбол, воркаут турлари бўйича беш босқичли (маҳалла, сектор, туман (шаҳар), вилоят, республика босқичлари) оммавий спорт мусобақаларини ўтказиш тизими жорий этилганди.

Қарор билан тасдиқланган дастурга мувофиқ, “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасидаги мусобақанинг ғолиб ва совриндор бўлган ҳамда ҳудудида спорт инфратузилмаси мавжуд бўлмаган маҳалла терма жамоалари учун стритбол, воркаут ва универсал спорт майдончалари қурилиши белгиланган.

Report typo