Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
7 февраль, сешанба. 2023 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Жамият
  • Ҳокимларнинг биринчи ўринбосарлари қайси айби учун "охирги марта" огоҳлантирилди?

Ўз мухбиримиз

29.10.2021


Ҳокимларнинг биринчи ўринбосарлари қайси айби учун "охирги марта" огоҳлантирилди?

Маҳаллий Кенгашларда

     Қарши шаҳар ҳамда Ғузор, Миришкор, Касби ва Чироқчи туманлари ҳокимликлари маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбаларидан фойдаланишда қонун талабларига риоя этмагани учун шу ҳудудлардаги бир қатор мутасаддилар халқ депутатлари вилоят Кенгаши томонидан охирги марта огоҳлантирилди.

Кенгаш қарори матнида қайд этилишича, жорий йил 7-13 сентябрь кунлари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ишчи гуруҳи Қашқадарё вилоятида қонунларни амалиётга татбиқ этиш, ҳудудни ривожлантиришга қаратилган қарорлар ва дастурлар ижросини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишларни комплекс равишда ўрганган.

Шу жараёнда шаҳар ва туман ҳокимликлари бюджетнинг қўшимча манбаларидан фойдаланишда мазкур харажатларни халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари муҳокамасига киритиш талабига риоя этмагани аниқланган. Хусусан, Ғузор туманида 3 миллиард 651,7 миллион сўм, Қарши шаҳрида 3 миллиард 512,9 миллион сўм, Миришкор туманида 1 миллиард 576,2 миллион сўм, Касби туманида 830,5 миллион сўм, Чироқчи туманида 324 миллион сўм қўшимча манбалар ҳисобидан маблағлар тегишли туман (шаҳар)лар ҳокимларининг фармойишларига асосан сарфлангандан кейингина маҳаллий Кенгашлар тасдиғига киритилган.

Халқ депутатлари вилоят Кенгаши Қарши шаҳри, Ғузор, Миришкор, Касби ва Чироқчи туманлари ҳокимларининг биринчи ўринбосарлари Ж.Раҳмонқулов, Л.Худойқулов, А.Сариқов, М.Жўраев ва Э.Бобоқуловнинг мазкур ҳолатлар юзасидан ҳисоботлари сессия кун тартибидаги масалага тўлиқ жавоб бермаганлиги ҳамда жиддий камчиликларга йўл қўйганлиги учун уларни  охирги маротаба огоҳлантириб, шу каби ҳолатлар такрорланган тақдирда бу мутасаддиларнинг ишда қолиш-қолмаслик масаласи кўриб чиқилиши ҳақида қарор чиқарди.

Шунингдек, Кенгаш қарорига кўра, Касби тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари (М.Жўраевга)га ҳайфсан интизомий жазо чораси қўллаш бўйича таклиф берилди. Халқ депутатлари Қарши шаҳар, Ғузор, Миришкор, Касби ва Чироқчи тумани Кенгашларининг Маҳаллий бюджет, иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш, инвестициялар ва тадбиркорликни ривожлантириш масалалари бўйича доимий комиссиялари раислари мазкур ҳолатларга жиддий эътибор қаратишлари ҳамда камчиликлар такрорланган тақдирда депутатлик мақомидан чақириб олиш бўйича туман (шаҳар) Кенгаш сессияларига киритиш ҳақида огоҳлантирилди. Халқ депутатлари Қарши шаҳар, Касби ва Чироқчи тумани Кенгашлари котибияти мудирларининг фаолиятини танқидий ва таҳлилий кўриб чиқиб, қонунда белгиланган тартибда жазо чоралари кўриш юзасидан якуний хулоса бериш топширилди.

Энг муҳими, халқ депутатлари туман ва шаҳарлар Кенгашлари раислари зиммасига маҳаллий бюджетнинг орттириб бажарилган қисми маблағларини ишлатиш фақатгина маҳаллий Кенгаш сессияларида муҳокамадан ўтгандан кейин амалга оширилишини назоратга олиш вазифаси қўйилди.

Маълумотларга қараганда, шу йилнинг биринчи ярмида вилоятимизда маҳаллий бюджет даромадлари прогнози (1 триллион 39 миллиард сўм) амалда 125 фоизга (1 триллион 297 миллиард сўм) бажарилиб, бюджетда 258 миллиард сўм қўшимча манбалар шакллантирилган.

Ўз мухбиримиз

P.S. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ишчи гуруҳи вилоятимизда жорий йил сентябрь ойининг бошида ўрганиш ўтказиб, унинг натижаларини ўша пайтдаёқ - 13 сентябрда халқ депутатлари  вилоят Кенгаши сессиясида ошкор қилган бўлса-да, Кенгашнинг аниқланган камчиликлар ҳақидаги қарори салкам бир ярим ойдан кейин қабул қилинганини қандай изоҳлаш мумкин? Дарвоқе, тегишли шаҳар ва туман Кенгашлари бу масалани ҳалиям муҳокама қилмаган кўринади.

 

Report typo