Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
11 октябрь, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Б.САЙФИЕВ

30.11.2023


ОДАМ БОЛАСИ ОДАМЛАРСИЗ ЯШОЛМАЙДИ, БУНИНГ УСТИГА ОДАМЛАРГА ТОҚАТ ҲАМ ҚИЛМАЙДИ

Сараланган сатрлар

Қиёмат кунида инсон ҳар бир амали - зарра миқдоридаги яхшилигини ҳам, заррача ёмонлигини ҳам кўради. Шунга яраша ажр ёки жазога эга бўлади. Бинобарин, фикрлайдиган инсон борки, қўл ураётган ишларининг оқибати, охири ҳақида чуқур ўйлаб, ҳисоб-китоб онида шарманда бўлмаслик, жазога тортилмаслик умидида яхшиликлар билан ҳамқадам юради, юриши керак.

Амаллар учун жавоб-ҳисоб бериш бу ёруғ оламда ҳам бор. Ёмонликлар учун, одамларга, табиат, балки бутун оламга етказилган зарарнинг хуни гоҳ вақтли, гоҳ кечроқ, гоҳ кичик, гоҳ улкан кўринишда тўланади. Ҳаёт ҳақиқати ва адолати ҳам шу...

Чингиз Айтматовнинг "Қиёмат" романи кўплаб умуминсоний масалалардан сўз юритади. Асар мағзига сингдирилган чуқур фалсафа, инсониятни улкан хавфлардан огоҳлантириш қайғуси китобхон қалбида мустаҳкам ўрнашади. Бир жуфт бўри ва унинг зурриётлари қисматининг фожиавий якуни; умматларига бахт ато этиш учун курашган, алалоқибат айнан ўша бахт улашмоқчи бўлганлар томонидан рад этилган ҳазрати Исонинг чормихга тортилиши; ўзларини жамиятнинг олди кишилари деб билган, аслида эса маънан нопок кишиларга қарши сўз айтгани учун Мўйинқум даштида дарахтга чормих қилиб тортилган Авдий Каллистратовнинг фожиали ўлими; тубсиз жарликка оти билан тушиб кетган ва ҳатто кафансиз қолган Эрназар қисмати; қўрқув ва таҳликанинг зўридан болани олиб қочаётган бўрини отаман деб аслида ўз жигарпорасининг бағрини ўқ билан илма-тешик қилиб юборган Бўстон Ўркунчиев тақдири китобхон қалбини ларзага солади.

*  *  *

Одамлар ақл-идрок билан иш юрита бошлаган замонлардан бери ўзларини ўзлари билишга уриниб келаётганликлари, ўз чигал ишларидан сира қутулиб кетолмаётганликлари ва азал-азалдан нима учун ёмонлик доим яхшилик устидан ғолиб чиқади деган муаммони, бошларини қотириб келаётган жумбоқни ечолмаётганликларини забонсиз махлуқлар қаердан билсинлар...

*  *  *

Одамнинг умри нима, деган саволга жавоб топиб бериш қийин. Инсон муносабатлари шунчалар турфа, табиати, феъл-атвори шунчалар ранг-баранг ва мураккабдирки, ҳатто энг мукаммал, энг замонавий компьютер  системалари ҳам энг оддий инсон табиатининг умумий чизиғини ажратиб беролмайди.

*  *  *

Шу тобда ҳаммасидан ҳам ёлғизлик алами кўнглини ўртаб юборди. Шунда қайсидир Шарқ шоирининг эсида чала-ярим қолган сатрларини такрорлади: "Отадан олтов бўлсанг-да, бир ёлғизлик бошингда, жафодан ёлғиз бўлсанг-да, шу ёлғизлик бошингда".

*  *  *

Жуда қаттиқ сева олган чин севгига ета олмас...

*  *  *

Худо инсонга муҳаббат орқали намоён бўларкан ва шунда одамга тирикликнинг энг олий саодатини ҳадя этаркан. Бунда Тангри таолонинг хайри саховати чексиздир, худди вақт дарёсининг чексизлигидай ва муҳаббатнинг йўли ҳам такрорланмасдир, ҳар бир одам учун, ҳар бир ҳол учун...

*  *  *

Мен кўпинча эски грузин қўшиқларини эшитганда, ўзимни шундай йўқотиб қўяман. Буни тушунтириб беришим қийин. Лекин, ҳарқалай, учта оддий грузин йиғилиб қўшиқ айта бошласа, дилинг яйраб кетади. Ўз уйғунлиги билан ғоятда содда ва ноёб санъатнинг баланд парвозини кўрасан, руҳинг ҳам қанотланиб учади. Бу уларга табиатнинг эъзоз туҳфаси, маданият даражаси, балки Худонинг тўппа-тўғри лутфи карамидир. Уларнинг нима ҳақда куйлаётганларини тушунмайман. Лекин менга улар билан бирга қўшилиб айтаётганим муҳимроқ.

*  *  *

Агар душман таслим бўлмаса, уни янчиб ташлайдилар. Аммо шафқатсизликка жавобан шафқатсизлик юзага чиқади - бу ҳам қадимдан қолган қонун.

*  *  *

Нега ахир бундай, нега ахир одамлар бир-бирлари билан урушадилар, қон тўкадилар, кўз ёшларни дарё қилиб оқизадилар, ҳаммалари ўзларини ҳақ, бошқаларни ноҳақ деб ҳисоблайдилар, қани ахир ҳақиқат, ким ҳақиқатни айтади, ким?

*  *  *

Кимни жондан севган эдинг, кимни титраб-қалтираб кутган эдинг, ким сени ташлаб кетди, қанчалар ўртандинг, куйдинг, сени тушунмадилар бундан кўра ўлганим яхшийди дединг, ўлим олдида айтган сўнгги қўшиғингни у эшитишини орзу қилдинг, онанг қанчалар эркаларди сени гўдаклигингда, дов ва танти отангнинг боши қайларда қолди, қандай жанг қилишарди жасур дўстларинг, қайси Худоларга очардинг беғараз ва пок дилингни, ўйлаганмидинг ҳеч одам нега туғилади-ю, нега ўлади ва нега ўлим доим сен билан бирга, сендан нари жилмайди ва ўлгандан сўнг ўлим йўқ, лекин ҳаёт ўлимдан юқори, дунёда ҳаётдан кўра юқори ўлчов йўқ - шунинг учун тирик жонни маҳв этма, лекин элингга ёв бостириб келса, дарҳол ҳимояга отлан, севганингни номусини асра, худди она Ерни ётлардан асрагандай; айрилиқни ҳеч тотиб кўрганмисан, биласанми айрилиқнинг душворлигини, худди елкангга чўнг тоғларнинг юклари ортилгандай; суйганинг бўлмаса, ҳеч нарса кўзларингни қувонтирмайди: на гуллар, на нурлар ва на келажак кунлар...

*  *  *

Инсон муносабатларининг қонунлари алжабр ҳисоб-китобларига бўйсунмайдилар. Замин эса қонли фожиаларнинг кажаваси каби дўнаверади...

Наҳот, ахир, бу кажава то охир замон бўлгунча, Ер офтоб атрофида кезиб чарчагунча эврилади, наҳот айланаверади қонли чарх?

*  *  *

Бир нарсани ўзинг учун кашф қилсанг, ўзингдан ўзинг рози бўласан, юрагинг, руҳинг ёришади, файзу киром топади.

*  *  *

Биз яралганимиздан бери шундаймиз - ўлгандан кейин ҳам яшамоқни истаймиз. Ўз умрини узайтириш мумкинлигига ишонч, шунинг ҳиссиёти билан яшаш одамзотга қанчалар муҳим, қанчалар зарур.

*  *  *

Нашавандлик борган сари ўз комига кўпроқ навқирон ёш йигитларни тортиб кетяпти. Тезроқ бу ҳодисанинг моҳиятини очиб, авра-астарини ағдариб ташламаса бўлмайди...

Турли бемазагарчиликлар қилишга майллар уйғотадиган шахсий ва хусусий сабаблар бўлиши мумкин. Лекин ёшлар ўртасида бу каби касалликлар ва бемаънигарчиликларни келтириб чиқарадиган ижтимоий сабаблар ҳам мавжуд. Бир қарашда бу сабабларни илғаб олиш осон эмас. Улар касалликни бутун танага тарқатадиган, бири-бири билан боғланган қон томирларини эслатарди.

*  *  *

Қандай яшашган экан одамлар бу ерларда, юраклари сиқилиб ўлиб қолмасмикинлар, сувсизликдан қирилиб кетмасмикинлар бу бепоён дашт-биёбонларда? Кечаси-чи, кечаси нима бўлади? Фалак тунда кимсасиз саҳроларга эниб тушади, ўша чоғларда одам ўзини қандай сезаркин? Чексиз само рўбарусида одам ўзини бениҳоя ёлғиз ва ғариб ҳис қилса не ажаб? Шунинг учун ўқтин-ўқтин ўтиб қоладиган поездлар уларга далда берса керак. Поездларнинг шовқинлари катта шаҳарлардагина одамларнинг қулоқларига ёқмайди, зериктириб юборади. Эҳтимол, бари бутунлай аксинчадир. Азим чўлларнинг тунлари кўнгилларда улуғвор баётларни уйғотар, шеърият ахир, олам поёнсизлиги узра инсон руҳининг ҳур парвози эмасми?..

*  *  *

Жаҳон қанчалик улуғ кўринмасин, янги таассуротлар нечоғлик қувончли туюлмасин, агарда онгинг ва хотирангда нўхатдан ҳам кичик оғриқ нуқта бўларкан, буларнинг ҳаммаси на татийди, на ақлинг, юрагингга ҳаловат беради. Ўша оғриқ нуқта яширинча, билинтирмасдан одамнинг кайфиятини ҳам, атрофдагиларга муносабатини ҳам белгилайди.

*  *  *

Яхшилик ёмонлик йўлига кирганларга ёрдам бермоқчи бўлганда ҳам, ёмонлик бари бир яхшиликка қарши тураверади...

*  *  *

Нега одам ерга сиғмайди, доим торлик қилади, тўймайман, оч қоламан, деб қўрқади, баайни ўзига ўхшаганлар билан ҳеч чиқишолмайди. Олдиндан ҳосил қилинган фикрлар, қўрқинч,  нафрат сайёрани стадион даражасида торайтириб қўйяпти. Барча томошабинларнинг умрлари ушбу стадионда гаровга қўйилган, бинобарин, ҳар икки гуруҳ ҳам ўйинда ютиб чиқиш учун ўзлари билан бирга ядро бомбаларини олиб келган, ишқибозлар эса ҳеч нарсага қарамасдан қичқириб ётибдилар: гол, гол, гол! Сайёра - мана шу. Ҳолбуки, ахир, ҳар бир инсон олдида муқаррар бир вазифа кўндаланг бўлиб турибди - одам бўлиш. Бугун, эртага, доим. Тарих шундан яралади. Ҳозир нимага кетиб боряпмиз. Қандай муҳим ҳаётий зарурат ёки эҳтиёж борки, одамлар ўзларига ҳам, бошқаларга ҳам заҳарзаққум ахтарадилар. Уларни бунга нима мажбур қилади?

Ўз-ўзини унутишнинг ўша даҳшатли гирдобидан улар нима топадилар?

*  *  *

Инсон боласи бойиш васвасасида ялпи тус олган тақлидчиликка тақлид қилиш ва манманлик ўртасида овораю сарсон бўлиб юради. Мана шу уч нарса - оммавий онгнинг уч наҳанг балиғи. Ҳамма ерда ва ҳамма замонларда одми одамларнинг ҳаётлари шулар заминида барқарор туради. Барча катта-кичик кулфатлар улардан ҳосил бўлади. Уларга ин қуради. Эътиқодлар ва қарашларнинг қашшоқлиги, ночорлиги ҳам улардан. Одми одамларнинг тенгсиз қудратга эга бўлган бу мафкурасини енгадиган кучни ер юзида топиш мушкул.

*  *  *

Эркинлик қонундан қўрқмагандагина ҳақиқий эркинлик бўлади, акс ҳолда, у саробдир.

*  *  *

Иймон не-не авлодлар бошдан кечирган азоб-уқубатларнинг меваси, иймонга эришмоқ учун минг йиллаб ва ҳар кун машаққат чекмоқ керак.

*  *  *

Қанча ер бор, қанча кўз илғамас маконлар ва ёруғлик бор, шундай бўлса ҳам, одам боласига яна бари бир нимадир етмайди, ҳаммасидан бурун - эркинлик етмайди. Одам боласи одамларсиз яшолмайди, яна бунинг устига одамларга ҳам тоқат қилмайди.

 

Б.САЙФИЕВ тайёрлади.

 

Report typo