Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
29 март, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

20.03.2023


Наврўзи оламнинг руҳи ва фалсафасига ҳамоҳанг

Қашқадарёликлар жорий йилги Наврўз байрамига ўзига хос тайёргарлик билан келишди, барча соҳаларда сифат кўрсаткичини белгилаш, “ўсиш нуқталарини” аниқлаб, ривожлантиришга эътибор қаратилмоқда… Ҳурматли Президентимизнинг жорий йил 24 февралдаги вилоятимизга ташрифи, истиқболдаги лойиҳалар ҳақидаги мулоқотлар воҳамиз аҳлининг кайфиятини кўтариб, меҳнат унумдорлигини таъминламоқда.

Бу ҳақда вилоят ҳокими Муротжон Азимов Қарши шаҳрида Наврўз умумхалқ байрами муносабати билан ўтказилган танатанали тадбирда сўз юритди. Вилоят раҳбари Қашқадарё аҳли ва воҳамиз меҳмонларини янгиланиш ва яшариш айёми билан самимий табриклар экан, ҳудудда халқимиз розилигини таъминлаш йўлида азми шижоат, ишонч билан меҳнат қилинаётганини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Умуман олганда, 19 март куни Алишер Навоий номли маданият ва истироҳат боғида “Ҳар кунинг Наврўз бўлсин, жонажон Ўзбекистоним!” шиори остида ташкил этилган театрлаштирилган тадбирда баҳор айёми, унинг руҳи ва фалсафасида мужассам олижаноб ғоялар билан бир қаторда юртимизда уларга ҳамоҳанг тарзда амалга оширилаётган оламшумул ўзгаришлар, Ўзбекистон, хусусан, Қашқадарёнинг ютуқлари ва муваффақиятлари ҳам тараннум этилди.

Қувонарлиси, байрам дастуридан нафақат профессионал ижрочилар ва машҳур эстрада артистлари, фольклор гуруҳлари ва бахшилар, балки бадиий ҳаваскорлик жамоалари, истеъдодли ёшлар, жумладан, воҳамиздаги болалар мусиқа ва санъат мактаблари тарбияланувчиларининг ҳам чиқишлари ўрин олди.

Амфитеатрда ўтказилган катта концертдан сўнг истироҳат боғининг бутун ҳудудини қамраб олган халқ сайли бошланиб кетди ва унда вилоятимизнинг шаҳар ва туманлари ҳамда миллий маданий марказлари ўзларининг ёрқин  кўргазмалари ва ранг-баранг дастурлари билан фаол иштирок этишди.

Report typo