Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
15 ноябрь, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

20.07.2023


Мутахассислар - Дубайда тренингда, болалар - Анқарада саёҳатда

Қашқадарё ва дунё

Вилоятимиздаги энг йирик саноат корхоналаридан бири - "Шўртан газ-кимё мажмуаси" масъулияти чекланган жамиятининг мутахассислари Бирлашган Араб Амирликларида ўтказилган тренингда қатнашиб қайтишди. Айни пайтда мажмуада кўп йиллардан бери самарали меҳнат қилиб келаётган ишчи ва ходимларнинг фарзандлари учун Туркияга саёҳат ташкил этилди.

Корхона матбуот хизматининг маълум қилишича, бугунги кунда "Шуртан газ кимё мажмуаси" бир қатор цех ва технологик қурилмаларида модернизация ишлари амалга оширилмоқда. Масалан, мажмуа раҳбарияти томонидан тасдиқлаб берилган "йўл харитаси"га асосан "Қаршитермопласт" цехида асосий ишлаб чиқариш линиялари таъмирланиб ва замонавий талаблар асосида қайта жиҳозланиб, полиэтилен гранулаларидан эгилувчан ва босимга чидамли қувурларни ишлаб чиқаришга мўлжалланган экструдер қурилмасининг ишлаб чиқариш қувватини 30 фоиздан 75 фоизга, диаметри 75 миллиметрдан 250 миллиметргача бўлган босимга чидамли полиэтилен қувурлар ишлаб чиқаришга мўлжалланган яна бир экструдер қурилмасининг самарадорлик кўрсаткичини эса 45 фоиздан 70 фоизга оширишга эришилди.

Шунингдек, бозор талаби ва истеъмолчилар истагини инобатга олган ҳолда мазкур цехга полиэтилен чиқиндиларини майдалаш учун шредер қурилмаси ҳамда диаметри 32 миллиметрдан 90 миллиметргача ва 50 миллиметрдан 250 миллиметргача бўлган босимга чидамли қувурлар ишлаб чиқариш имкониятига эга янги экструдер линиялари харид қилиниб, ўрнатиш ва монтаж ишларига тайёрланган. Бундан ташқари, полиэтилен чиқиндиларни гранулалаш учун мўлжалланган экструдер линияси, диаметри 75, 90, 110 ва 160 миллиметрга тенг фланец втулкалари ва сув оқиш сарфи соатига 0,8 литр бўлган томизғичларни ишлаб чиқариш пресс-қолиплари учун техник топшириқлар расмийлаштирилган бўлиб, уларнинг харидларини амалга ошириш учун маркетинг изланишлари олиб борилмоқда.

Шу билан бирга, мажмуа хавфсизлигини таъминлашда ўта муҳим ўрин тутувчи авария ҳолатларига қарши "HIMA" ҳимоя ва блокировка бошқарув тизимини модернизация қилиш ишлари ҳам шу кунларда қизғин паллага кирган. Улар доирасида "Шуртан ГКМ" МЧЖ ва Германиядаги "HIMA Middle East FZE" компаниясининг Бирлашган Араб Амирликларидаги тармоғи билан тузилган шартномага асосан мажмуа назорат-ўлчов асбоблари ва автоматлаштириш цехининг бир гуруҳ мутахассислари Дубай шаҳрида бўлиб ўтган FAT (factory acceptance testing) синови ва техник хизмат кўрсатиш бўйича тренингда қатнашиб қайтдилар.

Мазкур тренингдан кўзланган асосий мақсад мажмуада ўрнатилиши кўзда тутилган "HIMах" авария ҳолатларига қарши ҳимоя ва блокировка бошқарув тизимини синовдан ўтказиш, қурилмаларга техник хизмат кўрсатиш борасида ўзаро тажриба алмашиш, соҳа ходимларининг малака ва билимларини ошириш бўйича  ҳамкорликни янада кенгайтиришдан иборатдир.

Модернизация лойиҳасига кўра, мажмуада янги ўрнатиладиган "HIMах" тизими кучли киберхавфсизлик компоненти ҳамда аппарат ва дастурий таъминотнинг ноёб комбинацияси орқали барча асосий бошқарув тизимлари интеграциясини таъминлайди. Натижада заводнинг алоҳида компонентларини бошқариш билан чекланиб қолмай, бутун мажмуа тармоғини динамик ва носозликларга бардошли бошқариш имкони туғилади.

Авария ҳолатларига қарши ҳимоя ва блокировка бошқарув тизимини  модернизация қилиш ишларининг якуний босқичи жорий йилнинг октябрь ойига мўлжалланган.

Корхона мутахассислари БАА ва бошқа мамлакатларда билим ва малакаларини ошириш билан машғул бўлган бир пайтда жамоа аъзоларининг фарзандлари учун мажмуа маъмурияти ва касаба уюшма қўмитаси ҳамкорлигида Туркияга етти кунлик саёҳат ташкил этилди. Унинг доирасида болажонлар кўплаб меъморий обидалар ва кўнгилочар масканларга бориб, табиат манзаралари ва қизиқарли шоулардан завқланишди, олам-олам таассуротга эга бўлиб қайтишди.

Report typo