Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
28 март, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

МИРЖАҲОН

19.04.2019


МУСИҚА ВА САНЪАТГА ОШНО ЁШЛАР МАСКАНИ

- Болалигиданоқ санъатга ошно бўлган кишидан ёмонлик кутиб бўлмайди, - дейди Китоб туманидаги 10-сонли мусиқа ва санъат мактаби директори Латифа Рўзиева. - Ахир яратиб, бунёд этиб, ижод қилиб ўрганган инсон бузғунчиликка қодир бўлиши мумкин эмас. Бундай ёшлар теран фикрлайди, ҳар бир масалага оқилона ёндашади. Президентимиз айни шу масалага катта эътибор қаратгани ҳам бежиз эмас. Муассасамиз мисолида айтадиган бўлсак, ҳозирда бу ерда 260 нафардан зиёд ўқувчи таҳсил олмоқда. Уларга халқ чолғучилиги, эстрада ва анъанавий хонандалик, тасвирий ва амалий санъат, рақс ва театр каби  12 йўналиш бўйича сабоқ берилаяпти. Ютуқларимиз ҳам етарлича.

Шу мактабнинг бошланғич синф ўқувчиси Умиджон Ваҳобов айни пайтда 7 ёшда. Зарбли чолғу асбобларини чалишга жуда қизиқади. Мазкур таълим муассасасига уни бувиси етаклаб келган. Неварасидаги ҳавас ва иштиёқни сўндиргиси келмаган, санъатга меҳрини қадрлаган. Бугун Умиджон севимли чолғу асбоби - доирани ажойиб маҳорат билан чертади. Устози ўгитидан пишган бу боланинг қўли шу ишга аллақачон қовушган. Ёш истеъдод соҳиби туман ва вилоят миқёсидаги йирик тадбир ва танловларда кўзга кўриниб ҳам улгурди. Бироз аввал "Камалак юлдузлари" кўрик-танловининг ҳудудий босқичида биринчи даражали диплом билан тақдирланди.

Китоб туманидаги ушбу болалар мусиқа ва санъат мактабида Умиджонга ўхшаган қобилиятли ёшлар талайгина. Албатта, уларни ҳеч ким шу йўналишни ўрганишга мажбур қилмаган. Иштиёқ ва ҳавас санъатга ошно бўлишга ундаган асосий омилдир. Бинобарин, бу интилиш келажакда уларни янада юқори марралар сари элтишига шубҳа йўқ. Давлат раҳбари бошлаб берган ташаббус самараси ҳам шунда намоён бўлади.

МИРЖАҲОН

Собир Нарзиев олган суратлар.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Report typo