Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
30 апрел, сешанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

22.06.2023


"ЛОЧИН"ДА ҲАР НАВБАТДА МИНГ НАФАР БОЛА ДАМ ОЛАДИ

Ёз - 2023

Психологлар оромгоҳларга жалб қилинган бола, энг аввало, ўзи ўрганиб қолган дунёдан четга чиқишини ва унда мустақил фикрлаш, ҳаракат қилиш қобилияти ривожланашини таъкидлашади. Шунингдек, у тенгдошлари билан бевосита мулоқотга киришади, натижада ҳаётга, атроф-муҳитга бўлган муносабати ўзгаради. Соддароқ қилиб айтганда, мурғак вужудда катталарга хос хатти-ҳаракатлар шаклланиб боради.

Вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмасидан олинган маълумотга кўра, жорий йил ёз ойларида вилоят бўйича Китоб, Шаҳрисабз, Яккабоғ туманлари ва Шаҳрисабз шаҳридаги сўлим гўшаларда жойлашган 16 та стационар болалар оромгоҳида тўрт навбатда жами 21 минг 440 нафар 7-14 ёшгача бўлган болани дам олдирилиши мўлжалланган. Мавсумнинг биринчи навбатида 5 минг 500 нафарга яқин бола дам олиб қайтди.

"Лочин" болалар дам олиш оромгоҳида ҳам биринчи навбатда минг нафар бола дам олди. Мавсумда 4 минг болани дам олдириш режалаштирилган ушбу масканда асосан "Аёллар дафтари" ва "Ёшлар дафтари"да қайд этилган ота-оналар фарзандлари ҳамда оилавий болалар уйлари тарбияланувчилари имтиёзли ҳордиқ чиқармоқда.

Бугун оромгоҳлар фақатгина жисмоний соғломлаштириш масканлари эмас, балки фарзандларимизнинг маънавиятини юксалтириш, интеллектуал салоҳиятини ошириш марказлари сифатида ҳам фаолият юритади. Янгича ёндашув асосида ишлаб чиқилган махсус дастурлар бўйича оромгоҳларда тарбиявий йўналишлардаги ишлар ва тадбирлар мазмуни тубдан янгиланиб, маънавий жиҳатдан бойитилди.

- Болаларнинг ёзги таътилни мазмунли ўтказиши учун ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда тадбирлар режаси ишлаб чиқилган, - дейди Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси вилоят кенгашининг маданий-маърифий ва спорт ишлари бўлими мудири Файзулла Маҳмудов.

- Унда музейлар, истироҳат боғлари, спорт объектларига саёҳат уюштириш кўзда тутилган. Шунингдек, "Энг яхши китобхон", "Оромгоҳ юлдузлари", "Бизнинг оромгоҳ берган сабоқлар", "Истеъдодларни излаймиз", "Фарзанд соғлом бўлса - она бахтиёр" мавзусида танловлар ва "Биз соғлом турмуш тарзи тарафдоримиз" шиори остида спорт марафонлари дастури ҳам тайёрланди. Болалар кўп вақтини ашула айтиш, расм чизиш, рақс, тўқиш, дизайн, волейбол, баскетбол, стол тенниси тўгаракларида ўтказишади. Оромгоҳларда малакали шифокор ва тиббиёт ҳамширалари болалар саломатлигини назорат қилиб боради. Шунингдек, вилоят мусиқали драма ва қўғирчоқ театрлари ижодий жамоаларининг қизиқарли спектакль ва дастурлари уларга унутилмас қувонч бағишлайди.

Бир сўз билан айтганда, табиат қўйнида ҳордиқ чиқариш, спорт ўйинлари ва мусобақалар, янги дўстлар билан мулоқот имконияти, турли танловларда иштирок этиб, мароқ билан дам олган бола оромгоҳда ўтказган ҳар бир дақиқасини бир умр эсдан чиқармайди.

Шоҳиста БОЗОРОВА

Report typo