Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
11 октябрь, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Ғайбулла ХАМИДОВ

29.02.2024


КИШИ МАКТАБ БИЛАН ОДАМ БЎЛАДИ

Олимлар минбари

Маълумки, жадидчилик ҳаракати ғоялари халқни маърифатли қилиш орқали ўзлигини танитиш, ижтимоий-сиёсий тузумни тубдан ислоҳ қилиш, миллат, Ватан истиқлолини таъминлашга йўналтирилганди. Бу мақсадларга эришиш ўша пайтларда осон кечмаслиги аниқ эди. Чунки, жаҳон тараққиётидан бутунлай узилиб қолган, боз устига мустамлака тузум туфайли пароканда аҳволга тушган анъанавий мактабларни замон талабларига жавоб бера оладиган аҳволга келтириш, миллий матбуот ва янги адабиётлар яратиш, олий ўқув юртларини ташкил қилиш жадид мутафаккирлари олдида турган асосий вазифалар сифатида бўй кўрсатганди. Буларсиз халқ, миллат маърифатини юксалтириш, уларни олға интилишга, озод, фаровон яшашга ундаш самарасиз бўлиши аниқ эди.    

Жадидчилик намояндаларидан бири, маорифпарвар адиб Садриддин Айний "Бухоро инқилоби тарихи учун материаллар" асарининг "Бухорода биринчи усули жадида мактаби" бўлимида ёзишича, 1326 йил ҳижрийда, шаввал ойи ўнида (Милодий 1908 йил 23 октябрь, янги ҳисоб билан 1908 йил 5 ноябрь.) Бухоро шаҳрининг Дарвозаи Саллоҳхона гузарида жойлашган Мирзо Абдулвоҳид Мунзим уйида бухороликларга форсий (тожик) тилида таълим берадиган биринчи махсус усули жадида мактаби очилади ва унга  Абдулвоҳид Мунзим муаллим этиб тайинланади. "Бу мактабда дастлаб ўқувчилар қуйидагилар эди: Абдураҳмонбек Абдуллабек ўғли, унинг хизматкори Абдуғани, Афзал ва Акрам - Аҳмад махдум Ҳамдий ўғиллари, Муҳаммадамин - Саиджон махдум ўғли, Абдуқайим - Абдушукур ўғли. Иди қурбонгача, икки ой муддатда ўқувчилар адади (сони) 12 тага етди".

Табиийки, янги усул мактабларида ўқитиш самарали бўлишини таъминлаш учун дарслик, қўлланма ва янги адабиётлар, шунингдек, талабчан ва иқтидорли муаллимлар зарур эди. Бу орада Ёш бухороликлар (Бухоро амирлигидаги жадидлар партияси (фирқаси). Дастлаб "Тарбияи атфол" ("Болалар тарбияси") махфий жамияти шаклида тузилган.) томонидан уларни китоб ва муаллимлар билан таъминлаш, ўғил-қизларни хорижда таълим олиш ишларига кўмаклашиш асосий мақсадларидан бири бўлган "Бухоройи шариф" ширкати тузилади ва унинг муассислигида Садриддин Айний жадид мактаблари учун ёзган "Тартил-ул Қуръон" ("Қироат китоби"), "Заруриёти диния" ("Диний китоб") ва "Таҳсиб ус-сибён" ("Болалар тарбияси") номли ўқиш китоблари 1909 йил Оренбургда илк марта нашр этилади.

Адиб "Таҳсиб ус-сибён" дарслигини Исмоил Гаспринскийнинг "Хўжаи сибён" ("Болалар муаллими") китоби таъсири остида ёзган. Бу китоб 1917 йилда Самарқандда (1914 йилда ёш бухороликлар томонидан ташкил этилган) "Маърифат кутубхонаси" томонидан  иккинчи марта нашр этилади. Афсуски, унинг 1909 йилги нашри ҳозиргача топилгани маълум эмас ёки давр синовлари орқали бизгача етиб келмаган.

Ушбу дарслик 88 бет, 7 бўлимдан иборат бўлиб, араб алифбосида, тожик тилида ёзилган. Китоб адабий ва диний характерга эга бўлиб, унда  келтирилган маълумотлар ўқувчиларни бефарқ қолдирмаслиги табиий. Муаллиф "Таҳсиб ус-сибён"да тарбия ва илм олишнинг маркази бўлган мактабнинг ролига алоҳида эътибор беради: "Киши мактаб билан одам бўлади". Инчунин, адиб ўзининг   маорифпарварлик ва тараққийпарварлик қарашларига таяниб, тарбиянинг асосий мақсади "ватанига, ўз халқига ва миллатига хизмат қилувчи кишилар етиштириш" эканлигини айтади, халқнинг иқтисодий аҳволини аҳоли ўртасида маърифат тарқатиш йўли билан яхшилаш мумкин, дея ҳисоблайди. Шунинг учун ҳам у "Фан халққа бойлик келтиради", деб ёзган эди.

Садриддин Айний "Бухоро инқилоби тарихи учун материаллар" асарининг "Бухоройи шариф" ва "Турон" газеталари", "Газеталарнинг тўхтатилиши" ва "Газеталарнинг таъсири" каби бўлимларида 1912-1913 йиллар давомида ёш бухороликлар томонидан йўлга қўйилган дастлабки матбуот ва нашриёт ишлари, яъни "Бухоройи шариф" ва "Турон" номли газеталарнинг нашр этила бошланиши ва бошқалар тўғрисидаги муҳим маълумотларни ҳам келтириб ўтади.

Унинг таъкидлашича, 1912 йилда "Тарбияи атфол" махфий жамияти аъзоларидан Муҳиддин Мансуров ва Мирза Сирож Ҳаким кабиларнинг саъй-ҳаракатлари туфайли амирликда тожик тилида чоп этилувчи "Бухоройи шариф" газетасини чиқаришга рухсат олинади. Газетанинг мудирлигига Россия сиёсий агентлигида таржимон бўлиб фаолият юритаётган Ҳайдархўжа Мирбадалов тайинланади. "Элчихона цензорлик ҳақи ўз қўлида бўлмоқ шарти билан Бухоро ҳукуматидан Ливий ва Ҳайдархўжа исмларига газета учун имтиёз олиб берди. Бокудан муҳаррирлик учун асли бухоролик Мирза Жалол Юсуфзода чақирилди. Бир қадар ҳарф ва бир неча мураттиб келтирилиб форсий тилда "Бухоройи шариф" исмида кундалик бир газета чиқарилди. Газетанинг биринчи сони 4 рабиус - соний 1330 ҳижрий - 1912 милодий 11 мартда якшанба куни нашр бўлди", деб аниқ қайд этган адиб.

"Бухоро амирлигининг аксар аҳолиси - Қоракўл, Чоржўй, Қарши, Карки, Шаҳрисабз, Китоб, Янги Қўрғон, Зиёвуддин, Хатирчи каби вилоят ва туманлар тамоман турки - ўзбек тилида сўзлашувчилардир. Шу нарса ҳам инобатга олиниб, ўзбек тилида бир газета нашр қилишга қарор берилди". Шунга кўра, 1912 йил 14 июль куни "Турон" газетасининг 1-сони нашр қилинади. Яъни ҳафтада тўрт марта "Бухоройи шариф", икки марта "Турон" газеталари чиқа бошлаган. "Газеталар камоли муваффақият билан 1913 йил январь бошигача давом қилди".

"Хулосаи калом, 1913 йил 2 январда рус элчихонаси исмидан Петров имзоси билан идорага ушбу мазмунда бир мактуб келди: "Бухоро амири жаноб олийнинг хоҳишлари билан ушбу кундан эътиборан "Бухоройи шариф" ва "Турон" газеталари тўхтатилди. Мана шундай бўлиб, "Бухоройи шариф" 1912 йилдан 2 январь 1913 йилга довур 153-сон чиқиб ва "Турон" 14 июль 1912 йилдан бошлаб мазкур тарихгача 49-сон чиқиб тўхтамоққа мажбур бўлди. Янги мева келтира бошлаган ушбу икки ниҳол, истибдод ва зулм болтаси билан халқ боғчасидан чопилиб отилдилар".

Албатта, бу ўринда Садриддин Айнийнинг янги усули жадид мактабларини тараққий эттириш, халқни маърифатга етаклаш, дунёда бўлаётган ишлардан хабардорлигини оширишга қаратилган жонбозлигини ҳам алоҳида қайд этиб ўтиш керак. Унинг Бухоро жадидчилик ҳаракати ва жадид мактабларида олиб борган фаолияти оғир ижтимоий-сиёсий даврга тўғри келди. Мамлакатда айни шу пайтларда юзага келган ислоҳотчилик ҳаракатлари унинг дунёқарашида кескин ўзгаришлар ясади. Мутаассиб руҳонийлар ва амирлик ҳукуматининг Ёш бухороликларга қаттиқ қаршилик кўрсатиши ҳам адибнинг маорифпарварлик ғояларидан воз кечишига сабаб бўла олмади. Аксинча, бу воқеалар унга қайта куч ва ғайрат бағишлади.

Айний домла умрининг қарийб ўн-ўн беш йилини жадид мактабларида келажак авлодларга таълим бериш, миллий адабиётлар яратиш, ёшларни ўз Ватанига содиқ фарзанд қилиб тарбиялашга сарфлади. Шу билан халқ орасида маърифатпарвар олим ва шоир, адиб сифатида танилди. Унинг Бухорода жадид мактаблари очиш ва уларнинг сафини кенгайтириб, халқ фарзандларини ўқитишдаги саъй-ҳаракатлари ҳозирда ҳам ўзига хос ибрат ва намуна мактабини ўтамоқда.

Умуман, жадидчилик ҳаракати ғоялари ўша даврдаги мустабид тузумнинг ҳар қандай кўринишдаги тўсиқ ва қаршиликларига қарамай,  яшаб қола олди. Маърифатпарвар жадид боболаримизнинг Ватанни озод кўриш, халқ ва миллат маърифати ва ҳаётини юксалтириш орзулари бугун тўла рўёбга чиққан.  

Ғайбулла ХАМИДОВ,

Ўзбекистон Республикаси жамоат хавфсизлиги университети профессори

Report typo