Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 сентябрь, пайшанба. 2021 йил                         Махсус версия RU

Ж.БОЙМУРОДОВ

27.08.2021


ХОТИНИНИ БЎҒИБ ЎЛДИРГАН ЭР 13 ЙИЛГА ОЗОДЛИКДАН МАҲРУМ ЭТИЛДИ

Жиноят ишлари бўйича Нишон туман судининг очиқ суд мажлисида ўз турмуш ўртоғини қасддан ўлдирган М.К.га нисбатан юритилган жиноят иши кўриб чиқилди.

Мазкур суд раиси Шаҳобиддин Ҳасановнинг маълум қилишича, 1977 йилда туғилган, уч нафар фарзанднинг отаси, мавсумий ишчи М.К. оилавий келишмовчилик сабабли турмуш ўртоғи Қ.С. билан жанжаллашиб, сўнг уни бўғиб ўлдирган.

М.К. ўз жиноятини яшириш мақсадида хотинининг танасини кўрпага ўраб, сўнг велосипедда ҳудуддан оқиб ўтувчи Миришкор каналига олиб бориб, ташлаб юборади.

Эртаси куни М.К. хотини уйдан чиқиб кетиб, қайтиб келмагани, йўқолиб қолгани ҳақида аввалига унинг яқинларига, сўнг ички ишлар бўлимига мурожаат қилади.

Ички ишлар ходимлари томонидан Қ.С.га нисбатан қидирув ишлари олиб борилаётган бир пайтда, Касби туманидаги каналлардан биридан аёл кишининг мурдаси топилади. Кўп ўтмай унинг Қ.С. экани аён бўлган.

Ўтказилган суд тиббий-экспертиза хулосаларидан сўнг аёлнинг сувга чўкишидан аввал бўғиб ўлдирилгани маълум бўлди. Қолаверса, Қ.С. “йўқолиб қолиши”дан бир кун аввал укасига телефон қилган ва идиш-товоқни вақтида ювмагани учун эри уни ургани, рўзғорида умуман тинчлик бўлмаётганини айтиб йиғлаган эди.

Хуллас, рад этиб бўлмас даллилар қаршисида М.К.нинг ўз қилмишини тан олишдан бошқа чораси қолмайди.

Суд ҳукмига кўра, М.К.га 13 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди.

Ж.БОЙМУРОДОВ

Report typo