Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
30 апрел, сешанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Шоҳиста БОЗОРОВА

27.02.2024


ЙЎЛСОЗЛАР “ЗАКОВАТ”ДА БЕЛЛАШДИ

Қарши шаҳридаги Ёшлар марказида Қашқадарё вилояти автомобиль йўллари бош бошқармаси таркибидаги муассасалар ишчи ва ходимлари ўртасида “Заковат” интеллектуал ўйинининг вилоят босқичи бўлиб ўтди. 

Унда бошқарма таркибидаги корхоналардан жами 18 та жамоа иштирок этди. Ҳар бир жамоада 6 нафардан иштирокчи бўлиб, улар мутахассислар, йўлни сақлаш ишлари билан шуғулланувчи ходимлар ва оддий ишчилар ҳисобидан шакллантирилган. Иштирокчиларнинг 35 нафари ўттиз ёшгача бўлган ёшлар бўлиб, 5 нафари хотин-қизлардир.

Аҳамиятли жиҳати шундаки, ўйинда мантиқий, тарихий, бошқотирма саволлар билан бирга ходимларнинг соҳага оид қонунчиликдан қанчалик хабардор экани ҳам синовдан ўтказилди. 

Беллашув якунига кўра, 1-ўрин Қарши йўллардан мунтазам фойдаланиш давлат муассасасининг “Автойўл” жамоасига  насиб этди.  2-ўринни Яккабоғ тумани йўллардан фойдаланиш давлат муассасасининг “Заковатли йўлчилар” жамоаси, 3-ўринни Қарши тумани йўллардан фойдаланиш давлат муассасасининг “Келажак лидерлари” жамоаси эгаллади. Шунингдек, “Энг яхши китобсевар билимдон”, “Энг яхши сардор”, “Мантиқий саволлар билимдони”,  “Энг тезкор заковатчи” номинациялари бўйича билимдонлар тақдирланди. 

- Йўл хўжалиги соҳасида меҳнат қилаётган ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини ошириш, уларга мотивация бериш мақсадида ташкил этилган “Заковат” интеллектуал ўйини қизиқарли саволлар ва муросасиз баҳсларга бой бўлди, – деди Қарши йўллардан мунтазам фойдаланиш давлат муассасасининг “Автойўл” жамоаси аъзоси Фазлиддин Наврўзов. - Тайёргарликлар жараёнида китоб ўқиш, изланиш, ўзаро фикр алмашиш, соҳага оид қонунларимизни қайта-қайта варақлаб, такроран ўқишга имконият бўлди. Жамоамиз билан 1-ўринни қўлга киритган бўлсак, ўзим “Энг яхши китобсевар билимдон” номинациясида ғолиб бўлдим.

Ғолибларга статуэтка, диплом ва қимматбаҳо совғалар топширилди. Барча жамоалардан саралаб олинган 6 нафар иштирокчидан ташкил топган жамоа “Заковат”нинг республика босқичида иштирок этади. 

Шоҳиста БОЗОРОВА

Report typo