Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
7 февраль, сешанба. 2023 йил                         Махсус версия RU

Ш.БОЗОРОВА

31.03.2022


ИНСОН АЗИЗ...

Уч авлод учрашуви

Қарши шаҳрида "Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!" шиори остида уч авлод учрашуви  ўтказилди.

"Инсон азиз..." деб номланган ушбу тадбирда давлат ва жамоат ташкилотларининг масъул ходимлари, миллий маданий марказлар вакиллари, маҳалла фаоллари, халқ хўжалиги соҳаларида меҳнати синган нуронийлар ҳамда ёшлар жам бўлишди.

Тадбирда вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Муротжон Азимов, Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазири Турсинхон Худойбергенов, вилоят ҳокими маслаҳатчиси Январ Иноятов ва бошқалар сўзга чиқиб, юртимизда кекса авлод вакилларига кўрсатилаётган эътибор, Президентимизнинг жорий йил 1 мартдаги  "Оила ва хотин-қизлар билан ишлаш, маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони ҳамда "Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида"ги қарорининг мазмун-моҳияти, уларнинг Янги Ўзбекистонни барпо этишдаги аҳамияти ҳақида сўз юритдилар.

Тадбирда вилоятимиз равнақи учун фидокорона меҳнат қилган Рўзмат Ғоипов, Раҳмонқул Қурбонов, Карол Маҳмудов, Бекмурод Элбоев, Чўли   Бегимқулов каби инсонларнинг номлари ҳурмат билан тилга олинди. Бекмурод Усмонов, Муҳаммади Рўзиев, Хурсанд Тошев, Комил Амиров каби сувчиларимизнинг моҳирлиги, тиним билмай қилган меҳнатлари эътироф этилди.  Улар томонидан амалга оширилган эзгу ишларни давом эттиришга чорлаш ҳамда миллатсевар бўлишнинг  савоби бу маърифий тадбирнинг бош ғояси ва мазмуни бўлди.

Тадбирда нуронийлар ўзларининг бой тажрибаси,  касбий фаолияти ва бугунги янгиланишлар мисолида ўтган йиллар билан  ҳозирги даврни қиёслаб, ёшларга ўз ҳаётлари ҳақида ҳикоя қилиб бердилар.

Тадбир санъат усталари  иштирокидаги катта концерт дастурига уланиб кетди.

Ш.БОЗОРОВА

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

Report typo