Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
20 апрел, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ, Икром АВВАЛБОЕВ, Ўлмас БАРОТОВ,

12.10.2021


Инсон қадрини улуғлаш - энг олий саодат

Президент Шавкат Мирзиёев жойлардаги бунёдкорлик ишлари, йирик лойиҳалар билан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида 11 октябрь куни Қашқадарё вилоятида бўлди.

Давлатимиз раҳбари сафарини Қарши туманидаги Абу Муин Насафий мақбарасини зиёрат қилишдан бошлади. Қуръон тиловат этилди, Яратгандан юртимизга тинчлик, фаровонлик тилаб дуо қилинди.

Бу улуғ мутафаккир ХI асрда яшаган. Мотуридия таълимотининг давомчиси, ақида илмининг етук билимдони сифатида динимиз софлигини сақлаган, адашганларни маърифат билан тўғри йўлга бошлаган. Лекин узоқ йиллар унинг мероси ҳам, қадамжоси ҳам эътибордан четда қолиб кетган эди.

Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан аллома мақбараси обод ва улкан зиёратгоҳга айлантирилди. Давлатимиз раҳбари ушбу   бунёдкорлик ишлари билан танишди.

Бу ерда янги масжид, музей, кутубхона ва маъмурий бинолар қурилган. Дарахтлар, гуллар экилиб, сўлим боғ ташкил этилган. Абу Муин Насафий китобларининг номи ва ўгитлари ёзиб қўйилган. Зиёратгоҳда XI асрга оид ёдгорлик ва қудуқ, XIII асрда қурилган эски масжид ҳам сақланиб қолган.

Президентимиз янги масжид ва музейни кириб кўрди. Музейда Абу Муин Насафийнинг ҳаёти ва асарлари мультимедиа воситалари орқали акс эттирилган. Бу ерда қадимги Самарқанд қоғозига битилган Қуръони каримнинг асл нусхаси, матога тўқиб ёзилган муқаддас оятлар ҳам сақланмоқда.

Шавкат Мирзиёев аллома асарлари бугунги кунда ҳам долзарблигини, уларнинг мағзини халқимизга, ёшларга етказиш кераклигини таъкидлади. Шу мақсадда Қарши давлат университети қошида Абу Муин Насафий номида илмий марказ ташкил этиш таклифини билдирди.

Шавкат Мирзиёев Қарши шаҳрида қашқадарёлик сайловчилар билан учрашди.

Мамлакатимизда ихтисослаштирилган таълимнинг янги тизими - Президент мактаблари ташкил этилди. Жорий йилда Қарши шаҳрида ҳам шундай мактаб фойдаланишга топширилди.

Давлатимиз раҳбари Қашқадарё вилоятига ташрифи чоғида ушбу  муассасани кўздан кечирди.

168 ўринли мактаб биноси ва ётоқхона Президент мактаблари стандарти асосида қурилган. Фан хоналари, лабораториялар, спорт залларида энг замонавий шароитлар яратилган.

Бу йил мактабга 10 мингдан зиёд ўқувчи ҳужжат топшириб, шундан 144 нафари қабул қилинди. Таълим жараёни ривожланган давлатлар тажрибаси асосида ишлаб чиқилган ўқув режалари ва дастурлари бўйича инглиз тилида олиб борилади. Бунинг учун энг малакали ўқитувчилар, жумладан, 10 нафар чет эллик мутахассис жалб қилинган. 15 ўринли ўқитувчилар меҳмонхонаси қурилган.

Президент Шавкат Мирзиёев ўқувчилар билан суҳбатлашди.

- Бу ҳаётларингиздаги биринчи энг катта ғалабангиз. Ана шу ғалаба билан сизларни табриклайман, ота-онангизга раҳматлар айтаман. Ўз келажагингизга замин яратаяпсиз. Вақтдан, бу шароитлардан унумли фойдаланинглар. Бугунги муваффақият - тарих. Янаям кўпроқ ўқиб, изланишдан тўхтаманглар. Келгусида янги Ўзбекистоннинг муносиб фарзандлари бўлиб етишасизлар. Мен бунга ишонаман, - деди давлатимиз раҳбари.

Президент мактаби билан вилоятдаги бошқа мактаблар ўртасида тажриба алмашинувни йўлга қўйиш, шу асосида аниқ фанларни ўқитиш методологиясини янгилаш зарурлиги таъкидланди.

Давлатимиз раҳбари Қашқадарё вилояти Қатағон қурбонлари хотираси музейини бориб кўрди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 8 октябрдаги фармойишига мувофиқ, қатағон қурбонларининг хотирасини абадийлаштириш ва  меросини ўрганиш бўйича кўп ишлар қилинмоқда. Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятларда қатағон қурбонлари музейи ташкил этилди.

Қашқадарёдаги музей Одина масжидида жойлаштирилган. Бу чуқур маънога эга. Чунки у тарихий бино.

Одина масжиди 1386 йилда Соҳибқирон Амир Темур томонидан бунёд этилган. 1868 йили Чор Россияси босқини даврида масжиднинг айвон қисми тўпга тутилиб, вайрон қилинган. Мустабид тузум даврида дастлаб омборхонага, 1938 йилдан қамоқхонага айлантирилган.

- Мустабид тузум даврида халқимизнинг қадр-қиммати, инсоний шаъни ва ғурури оёқости қилинган. Шундай табаррук жойнинг қамоқхонага айлантирилгани ҳам бунга мисол. Биз бугун мамлакатимизда инсон қадрини улуғлашга алоҳида эътибор қаратаяпмиз. Ўтганлар ҳурматини ҳам жойига қўйишимиз керак. Бу ерда Қатағон қурбонлари хотираси музейи ташкил этилгани - тарихий адолатнинг тикланиши, - деди Президент.

Музей 11 та бўлимдан иборат. Уларда Туркистон ўлкасида олиб борилган мустамлакачилик сиёсати ва қатағонларни акс эттирувчи ноёб тарихий фотосуратлар, хариталар, ашёлар ва бошқа манбалар акс эттирилган.

Шунингдек, музейда ёшлар клуби ҳамда кутубхона ташкил қилинган.

Давлатимиз раҳбари шу ерда журналистларнинг саволларига жавоб берди.

Шу билан Президент Шавкат Мирзиёев Қашқадарё вилоятига ташрифини якунлаб, Бухорога жўнаб кетди.

Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ, 

Икром АВВАЛБОЕВ, 

Ўлмас БАРОТОВ,

ЎзА мухбирлари

Report typo