Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 июнь, сешанба. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Жамият
  • Ичимлик суви таъминоти ва канализация хизматлари: тарифлар қандай шакллантирилади?

Ўз мухбиримиз

19.12.2023


Ичимлик суви таъминоти ва канализация хизматлари: тарифлар қандай шакллантирилади?

“Қашқадарё сув таъминоти” МЧЖда “Вилоятда ичимлик суви таъминоти ва канализация хизматлари кўрсатиш тарифларининг шаклланиши ва истеъмолчиларнинг тўлов интизоми” мавзусида матбуот анжумани ўтказилди.

Унда жамият масъул ходимлари журналист ва блогерларга мавзу юзасидан атрофлича маълумот берди, савол-жавоблар асосида соҳага оид ютуқ ва муаммолар ҳақида сўз юритилди.     

Айтиб ўтилганидек, Қашқадарёда халқаро молия муассасалари иштирокида ичимлик суви таъминоти ва канализация хизматлари кўрсатиш сифатини яхшилаш бўйича қатор йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда. Натижада аҳолининг марказлашган ичимлик суви билан таъминланганлик даражаси 52,2 фоизга етказилди, сифат ошмоқда. Қарши ва Шаҳрисабз шаҳарларида канализация тизимлари такомиллаштирилмоқда, янги тармоқлар қурилмоқда.

Албатта, бу ишлар катта маблағ эвазига амалга ошириб келинмоқда ва аҳолининг фаровон ҳаёт кечиришига қулай шароит яратиш учун мамлакатимизда кечаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг муайян йўналиши доирасида бажарилмоқда.

Ана шундай бир паллада аҳоли ва юридик шахсларга кўрсатилаётган ичимлик суви таъминоти ва канализация хизматларидан қарздорликнинг ортиб кетгани ташвишли ҳолат. Анжуманда қайд этилганидек, айни пайтда “Қашқадарё сув таъминоти” МЧЖнинг бу борада истеъмолчилар олдида шаклланган ҳақдорлиги 95 миллиард сўм атрофидани ташкил этса, шунинг қарийб ярми Қарши шаҳри ҳиссасига тўғри келади.

Ваҳоланки, айнан кўрсатилаётган ичимлик суви таъминоти ва канализация хизматлари учун белгиланган тарифлар асосида ундириладиган тўловлар хизмат кўрсатувчи ташкилот фаолиятини таъминлаш, ишчи-хизматчилари иш ҳақини тўлаш, моддий-техника базасини янгилаб бориш, қувурлар ишчи ҳолатини сақлаб туриш, кредиторлар олдидаги мажбуриятларини бажариш, ишлаб чиқариш сарф-харажатларини қоплаш кабиларга йўналтирилади. Яъни хизмат тариф нархларини шакллантиришда ана шулар инобатга олинган ва тўғридан-тўғри тўлов интизоми таъсирига тушади.        

Масалан, “Қашқадарё сув таъминоти” МЧЖ бир ойда ишлаб чиқариш ва таъминот учун 2 миллиард 800 миллион сўмлик атрофида электр энергияси сарфларкан. Кичик маблағ эмас, тўғрими?! Истеъмолчи кўрсатилаётган ичимлик суви таъминоти ва канализация хизматлари ҳақини вақтида тўламаса, жамият коммунал тўловни қандай амалга оширади, тизимда ишловчи 1 минг 200 нафардан ортиқ одамга қандай иш ҳақи беради, вазифа ва мажбуриятларини қандай бажаради?! 

- Демак, тўлов интизоми борасидаги муаммо занжир йўсинида бошқа муаммоларга йўл очиши мумкин. - Шундай экан, тизим истеъмолчиларини бу масалада ҳам эътиборли ва интизомли бўлишга ҳамда сувни беҳуда исроф қилмасликка чақирамиз, - дейди МЧЖ директори Бекзод Шоимов.

Матбуот анжуманидан сўнг ОАВ вакиллари 3-баландликка сув узатиш насос станциясида бўлишиб, у ерда амалга оширилган модернизация ишлари билан танишдилар.

Ўз мухбиримиз

Report typo