Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
29 март, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Темур НИЗОМОВ

11.05.2021


"ГЕОЛОГ" МАЖМУАСИ, "ШЎРТАН ҚАЛДИРҒОЧИ" ОРОМГОҲИ ВА ИНТЕНСИВ БОҒЛАР...

 Хусусийлаштириш

Вилоятимизда давлат иштирокидаги корхоналарнинг 118 та бўш турган, ихтисосли бўлмаган ва фойдаланилмаётган объекти тез орада Давлат активларини бошқариш агентлигига ўтказилиб, кейинчалик оммавий савдолар орқали сотилади.

Республика ҳукуматининг шу йил 4 майдаги қарорига асосан бундай объектлар рўйхатига Қашқадарёдаги бир қатор саноат гигантлари, хусусан, "Шўртан газ кимё мажмуаси" масъулияти чекланган жамияти, Шўртан ва Муборак нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармалари, Муборак газни қайта ишлаш заводи, "Талимаржон иссиқлик электр станцияси" акциядорлик жамиятининг активлари ҳам киритилган.

Масалан, "Шўртан газ кимё мажмуаси" МЧЖни оладиган бўлсак, мазкур корхонанинг вилоятимизда жойлашган 20 тага яқин объекти хусусийлаштирилади. Бунинг учун улар дастлаб давлат мулки сифатида баланс қийматида Давлат активларини бошқариш агентлигига ўтказилади, сўнг эса оммавий савдоларга чиқарилади. Объектлар орасида Қарши шаҳридаги "Геолог" маданий ва спорт-соғломлаштириш тармоғи цехи ва "Дельфин" чойхонаси, Шаҳрисабз тумани Оқдарё маҳалласидаги 48 гектарлик интенсив боғ борлиги алоҳида эътиборга лойиқдир. Айни пайтда Нишон туманидаги иссиқхона хўжалиги, қўйхоналар ва дала шийпонлари, майда шохли моллар бўрдоқичилик комплекси, қурилиши тугалланмаган сутни қайта ишлаш цехи, аграр сектор билан боғлиқ бошқа бир қатор иншоотлар, шунингдек, Нуристон шаҳридаги уй-жойдан фойдаланиш хизмати, Ғузор туманидаги маҳалла гузари ва кўкаламзорлаштириш тармоғи ҳам оммавий савдолар орқали тадбиркорларга сотилади.

Муборак газни қайта ишлаш заводининг балансида ҳам ўтган йиллар давомида корхона маблағлари ҳисобидан қурилган, аммо асосий ишлаб чиқариш билан боғлиқ бўлмаган кўплаб объектлар мавжуд. Тез орада уларнинг аксариятини, шу жумладан, Муборак тумани Кончилар маҳалласидаги иккита 60 ўринга ва битта 4 та оилага мўлжалланган ётоқхона ҳамда чойхона, савдо ва маиший хизмат маркази, автобекат, Ёшлик маҳалласидаги 4 қаватли маъмурий  бино, шунингдек, Шаҳрисабз тумани Янгибоғ ва Китоб тумани Тупчоқ маҳаллалалари ҳудудидаги интенсив боғларни хусусийлаштириш назарда тутилмоқда. Ҳукумат қарори билан тасдиқланган рўйхатда завод ҳисобидан Косон туманида барпо этилган йирик молхона ҳам акс эттирилиб, яқин вақт ичида унинг мулкдори алмашиши эҳтимолдан холи эмас.

Худди шу тариқа Шўртан ва Муборак нефть ва газни қазиб чиқариш бошқармалари (НГҚЧБ)га қарашли мевали ва истироҳат боғлари, ёрдамчи хўжаликлар ва деҳқончилик тармоқлари, иссиқхона комплекслари ва мева-сабзавотларни сақлаш учун мўлжалланган музлаткичли омборхоналар, гўшт ва сутни қайта ишлаш цехлари, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш мажмуалари ҳамда   бошқа кўплаб объектлар, масалан, Яккабоғ туманидаги "Шўртан қалдирғочи" болалар оромгоҳи савдога чиқарилади.

Ўз навбатида Муборак НГҚЧБнинг  Муборак туманидаги жисмоний тарбия ва соғломлаштириш маркази турар жой мажмуаси ҳамда Шўртан НГҚЧБнинг балансидаги Ғузор марказий стадиони ва спорт академияси мулкий мажмуалари тегишли равишда "Машъал" ва "Шўртан" профессионал футбол клубларининг устав капиталига давлат улушини ошириш эвазига берилади.

Қашқадарёда давлат иштирокидаги корхоналарнинг оммавий савдога чиқариладиган объектлари орасида, шунингдек, Халқ банки ва "Асака" акциядорлик тижорат банки, "Ўзбекистон почтаси", "Ўзбектелеком", "Ўзагросуғурта", "Қашқадарё Агрокимёҳимоя" акциядорлик жамиятлари ва яна бир қатор хўжалик юритувчи субъектларга қарашли бўлган шохобча, бино ва иншоотлар бор. Мисол учун, ушбу рўйхатга "Ўзбекнефтгаз" акциядорлик жамиятининг Қарши шаҳри Насаф кўчасида жойлашган ва ҳозирги пайтда меҳмонхона сифатида ишлатилаётган "Геолог" ётоқхонаси, турли маъмурий ва ёрдамчи бинолари, трансформатор ва иссиқхонаси киритилган. Шу каби юзлаб объектларнинг оммавий савдолар орқали сотилиши, бир томондан, ҳозир уларни балансда сақловчи ташкилотларнинг харажатларини камайтириб, давлат даромадларини оширса, иккинчи томондан, турли соҳаларда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг янада ривожланишига хизмат қилади.

Республика ҳукуматининг "Давлат иштирокидаги корхоналарнинг активларидан самарали фойдаланишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорига мувофиқ, вилоятимиздаги бир қатор корхоналарга қарашли 13 та объект давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларига кейинчалик самарали фойдаланиш учун давлат мулки сифатида баланс қийматида оператив бошқарув ҳуқуқи асосида бепул ўтказилади. Масалан, Деҳқонобод тумани Чўлқудуқ маҳалласи ҳудудидаги бир қаватли 9 хонали турар жой биноси "Деҳқонобод калий заводи" акциядорлик жамиятидан вилоят ҳокимлиги балансига ўтса, Ғузор тумани Шўртан қўрғонидаги болалар боғчасини Шўртан НГҚЧБдан Мактабгача таълим вазирлиги қабул қилиб олади.

Қарор билан устав капиталидаги акциялар пакетлари (улушлари) давлат  бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва хўжалик жамиятларига баланс қийматида ўтказиладиган ташкилотлар рўйхати ҳам тасдиқланган. Унга асосан, масалан, вилоятимиздаги "Яккабоғ воҳа текс" МЧЖнинг "Ўзбекнефтгаз" АЖ балансида бўлган 4,79 фоизлик улуши Давлат активларини бошқариш агентлигига берилади. Қарор талабига мувофиқ давлат акциялари пакетлари ва улушлар жозибадорлигига қараб битта лот асосида савдога чиқарилади. Улар оммавий савдоларда уч ой давомида сотилмаган тақдирда Давлат мулкини сотишда тендер савдоларини ўтказиш бўйича давлат комиссияси томонидан белгиланган бошланғич нархда қайта савдога чиқарилади.

Темур НИЗОМОВ

Report typo