Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 июнь, сешанба. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Тиббиёт
  • ФАЁЗА БОЛТАЕВА – “ҲАМШИРА – 2023” РЕСПУБЛИКА КЎРИК-ТАНЛОВИ СОВРИНДОРИ

Шоҳиста БОЗОРОВА

12.05.2023


ФАЁЗА БОЛТАЕВА – “ҲАМШИРА – 2023” РЕСПУБЛИКА КЎРИК-ТАНЛОВИ СОВРИНДОРИ

12 май – Халқаро ҳамширалар куни муносабати билан  пойтахтимиздаги Алишер Навоий номидаги кино саройида  бўлиб ўтган тадбирда “Ҳамшира-2023” кўрик-танловининг республика босқичи ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Юксак эътирофга сазовор бўлганлар орасида 2-ўринни қўлга киритган Муборак тумани тиббиёт бирлашмаси жонлантириш бўлими навбатчи ҳамшираси Фаёза Болтаева ҳам бор.

Жонлантириш бўлими шифохонанинг энг муҳим таркибий қисмларидан бири ҳисобланади. Бу ерда ишлаётган ходимларнинг елкасида доимо улкан масъулият туради. 2018 йилда Муборак тиббиёт коллежини тамомлаган Фаёза Болтаева 5 йилдан буён мана шу масъулиятли юкни ҳис қилган ҳолда меҳнат қилиб келмоқда.

- Ҳар бир касбнинг ўз масъулияти, машаққати бор, - дейди Фаёза Болтаева . – Инсон ўз вазифасини бажарар экан, аввало халқ хизматида эканлигини унутишга хақли эмас. Шу сабабли ҳар доим билим ва малакамизни ошириб бориб, бурч ва вазифаларимизни виждонан адо этолсаккина бизга билдирилган ишончни тўлиқ оқлаган бўламиз. Менинг бу ютуғим барча қашқадарёлик ҳамширалар, тиббиёт ходимлариники деб биламан. Мана шу даражага етиб келишим учун шарт-шароит яратиб берган ота-онамга, туман тиббиёт бирлашмаси жамоасига ўз миннатдорлигимни билдираман.

Шунингдек, сана муносабати билан ўтказилган тадбирда 15 та номинация бўйича  “Йилнинг энг яхши ўрта тиббиёт ва фармацевтика ходими” танлови совриндорлари ҳам тақдирланди. Улар орасида “Йилнинг энг яхши тиббий бригада ҳамшираси” номинацияси бўйича Шаҳрисабз шаҳар тиббиёт бирлашмаси 1-сон оилавий поликлиника тиббий бригада ҳамшираси Зулайхо Қараева 2-ўринни, “Йилнинг энг яхши муолажа ва эмлаш ҳамшираси” номинацияси бўйича  Қашқадарё вилоят фтизиатрия ва пульмонология маркази даволаш бўлими муолажа ҳамшираси Шоҳиста Авазова 2-ўрин, “Йилнинг энг яхши шошилинч ёрдам ҳамшираси” номинацияси бўйича  Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Қашқадарё филиали реанимация  бўлими навбатчи ҳамшираси  Гулбаҳор Примова  2-ўринни қўлга киритдилар.

Тадбир доирасида тиббиётимиз ривожига алоҳида ҳисса қўшиб, жамоатчилик эътирофига сазовор бўлган бир гуруҳ шифокор ва ўрта тиббиёт ходимларининг хизматлари ҳам эътироф этилди. Жумладан,  Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази Қашқадарё филиали кардиохирурги Адҳамбек Жалилов “Ҳудудий муассасада мураккаб операциялар ўтказган моҳир жарроҳ”, Чироқчи туманидаги “Ўзбекистон” оилавий шифокорлик пункти патронаж ҳамшираси, II даражали “Саломатлик” ордени соҳибаси  Холбека Бобоқулова “Мураккаб шароитдаги матонатли фаолияти учун”  номинациясида ғолиб деб топилди.

Касб байрами ва мукофотлар муборак бўлсин!

Шоҳиста БОЗОРОВА

 

Report typo