Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
8 февраль, чоршанба. 2023 йил                         Махсус версия RU

Шоҳиста БОЗОРОВА

07.05.2021


ЭСЛАШ ОҒИР, АММО УНУТИБ БЎЛМАЙДИ

9 май - Хотира ва қадрлаш куни

Дунё тарихида энг даҳшатли қирғин сифатида муҳрланиб қолган Иккинчи жаҳон уруши миллионлаб бегуноҳ одамларнинг бевақт ўлимига, мислсиз йўқотишлар ва талафотларга сабаб бўлган. Бу урушда кўп миллатли Ўзбекистон халқи ҳам ҳақиқий жасорат ва фидойилик кўрсатиб, фашизм устидан қозонилган ғалабага улкан ҳисса қўшган.

Иккинчи жаҳон уруши жангларида 2 миллионга яқин юртдошимиз иштирок этган бўлса, улардан бири Касби туманининг Муғлон маҳалласида истиқомат қилаётган Хайрулло бобо Шерматовдир. Салкам бир асрни яшаб қўйган бу оқсоқол 1942 йил июнда 17 ёшида ҳарбий комиссариатга ариза бериб, урушга кетган экан.

- Маршал Рокоссовский қўмондонлигидаги 2-Белоруссия фронтида ўқчи полкда бўлим командири бўлиб хизмат қилганман, - ғурур билан таъкидлайди Хайрулло бобо. - Смоленск вилоятида биринчи жангга кирганман. Варшавани озод қилишда қатнашганман. Германия чегарасигача душманни қувиб борганмиз. Урушни, ўлимни, ажал билан ҳаёт олишувини ўз кўзим билан кўрганман. У кунларни эслаш мен учун жуда оғир бўлса-да, уларнинг бирортасини унутганим йўқ.

- Ҳеч эсимдан чиқмайди, - дея давом этади оқсоқол. - Яраланиб, "санчаст"га тушдим. Бир ҳафтадан сўнг тузалиб қисмга қайтадиган бўлдим. Поезд йўли ёқалаб кетаяпман. Кўзим поезд йўли шпаллари орасида сочилиб ётган куйган, қорайиб, мўнтиқ бўлиб қолган оёқ ва қўл бармоқларига, суякчаларига тушди. Улар кўп эди. Мен уларни телпагимга териб олдим, поезд йўлдан  пастга тушиб, ерни ковладим-да кўмиб қўйдим. Фашист газандалари асирларни поезд печкаларида ёққан эканлар... Қўй, у кунларни эсламайлик! Яратганга шукр, бугунгидек дориломон кунларни ҳам кўриб турибман.

Шу кунларда ўзининг 97 баҳорини қаршилаётган 9 нафар фарзанднинг падари бузруквори, юздан зиёд набира ва чевара, 6 нафар эваранинг суюкли бобоси Хайрулло бобо Шерматов ўз бошидан кечирган суронли ва даҳшатли кунларни сўзлаб бераркан, шундай дейди: 

- Бугунги давр ёшларига ҳавасим келади. Қандай бахтли замонда яшаяптилар. Илоҳим, ёмон кунни кўрманглар! Дунё тинч бўлсин, мамлакатимиз бундан ҳам гуллаб-яшнасин!

Шоҳиста БОЗОРОВА

Report typo