Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
14 июль, якшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

НАСРИДДИН

02.02.2023


"ЕРҚЎРҒОН" БОЗОРИДА ҚАЧОНГАЧА ЛОЙ КЕЧАМИЗ?

Раҳбар ўзгаргани билан муносабат ўзгармас экан, муаммо ўз жойида тураверади

 Фототанқид

"Ерқўрғон" бозори тарафга ўтсангиз, бундан буёғига катта резина этик билан боринг. Ярим белгача лойга ботмай десангиз, маслаҳатимизга амал қилганингиз яхши. Лойгарчилик йўқ қилинади, тоза, озода йўлдан одамга ўхшаб юраман, деб хомхаёлга берилмаганингиз яхши.

Агар шу вақтгача бозор ҳақида ёзилган мақолаю турли постларни жамласа, илон пўст ташлаб юборарди. Бозор хўжаларининг бир туки қилт этмади-я!

Лекин қачонгача? Қачонгача бу хўжасизлик? Ахир ўрта асрлар эмаски, бозорга тоза кийимда кетиб, ярим белгача лойга ботиб қайтсак?!

Кўрамиз: пул йиғиш деса, паттачилару "стоянкачи"ларнинг қўли қўлига тегмайди. Шу пулларнинг ақалли бир-икки ойлигини таъмирга сарфлашса, ҳудуд ҳам анча обод бўлиб қолармиди?

"Лойқўрғон", э узр, "Ерқўрғон" бозори ҳақидаги ёғингарчилик мавсумида айтилаётган навбатдаги гаплар бекорчиликдан эмас ҳар ҳолда. Ўзини ҳурмат қилган одам бундай шароитда юришни албатта истамайди. Тузук шароит талаб қилишга эса тўла ҳақли. Шуни эсдан чиқармаслик керак.

НАСРИДДИН

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

 

Report typo