Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
11 октябрь, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Б.САЙФИЕВ

25.01.2024


ДУНЁГА КЕЛИБ, БИР ШАМЧА ЯЛТ ЭТИБ КЕТМАГАН УМР УМРМИ?

Сараланган сатрлар

Ўзбек халқининг ардоқли адиби Шуҳрат Иккинчи жаҳон урушида қатнашиб, кўрган-кечирганларини "Шинелли йиллар" романида акс эттираётган чоғда, 1951 йилда бир неча қаламкашлар қатори "халқ душмани" сифатида қамоққа олинади. Москвада тасдиқланган "қора рўйхат" асосида қамалганларни айблаш учун НКВД ходимлари қўлида тайинли ашёвий далил, асосли исбот бўлмаса-да, қуруқ туҳмат билан Шуҳрат 25 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган ва Сибирдаги лагерлардан бирига юборилган. Фақат Сталин ўлимидан кейингина озодликка эришган адиб тузум ноҳақлиги, адолатсизликлари, мантиқсиз айблашлар ҳақидаги қарашларини "Олтин зангламас" романида ўта таъсирчан услубда ифода этган. Афсуски, роман чоп этилгандан сўнг ҳам марказга "юмалоқ хат"лар ёзиш тўхтамаган, "Олтин зангламас" романи тинимсиз муҳокама этилиб, Москвадаги тегишли идораларга тинимсиз жавоб хатлари йўллаб турилган.

Бугун шу асардан эътиборга молик лавҳаларни сараладик. Адибнинг аччиқ ҳаёт йўлидан сўзловчи, тақдир синовлари қаршисида эгилмаган, букилмаган инсон кечмишлари Сизни мутаассир этишига шубҳамиз йўқ...

*  *  *

Олам нақадар чиройли! Ҳар нарсанинг ўз ҳаёти, ўз ҳусни, ўз камолоти бор. Ўз кўрки, ўз фазилати билан бир-бирини тўлдиради, бир-бирининг ҳуснини очади, бир-биридан ажралмас бир бутунлик ташкил этади.

*  *  *

Ўттиз тишли оғиздан чиққан сўз ўттиз уруғли элга таралади.

*  *  *

- Бир шоир айтган экан: ёлғоннинг тахтида шоҳ бўлгандан - ростгўйнинг чорбоғида гиёҳ бўл, деб.

- Мен ҳайронман, наҳот ўша одамлар "Ёлғон гапирганимни ҳеч ким билмайди", деб ўйлашган. Дунёда ёмон кўрганим - ёлғон билан қўрқоқлик! Ёлғонлари кўзларидан шундоқ кўриниб туради.

- Кўринмайди, деб ўйлашади-да!

- Бекор! Масалан, мен дарров биламан. Товуш қандайдир ғалати эшитилади, юзими, кўзими, ҳаракатими, ишқилиб, бир нимаси "Ёлғон! Ёлғон!" деб туради.

*  *  *

Вақт - севги дояси.

*  *  *

Ғаразли дўст - беғараз душмандан ёмон.

*  *  *

Киши турадиган уйнинг тўрт бурчаги бор, болам. Икки бурчагидан бол, икки бурчагидан зардоб оқади. Болидан лаззат кўрган зардобига ҳам чидаши керак.

*  *  *

Гулни деб тиканни ҳам суғоради киши.

*  *  *

Ҳар ким ўз айбини билса, қорни ёрилиб ўлади.

*  *  *

Бошлиқларни танқид қилиш арслонни ўпишга ўхшайди, даҳшати кўп, роҳати йўқ!

*  *  *

Омади кетган кишининг аталадан тиши синади.

*  *  *

Одам боласи кимга тилёғламалик қилишга мажбур бўлса, ўшани ёмон кўради, тер тўкиб, ҳалол қўлга киритган муваффақияти ҳасад уйғотади.

*  *  *

У аминки, қаршисида ўтирган одам - жиноятчи, у шунга ишонади, унинг жиноятини бўйнига олишига шак келтирмайди, унга юқорида шундай дейишган, у шундай топшириқ олган. Бундан ташқари, унинг қўлида турли каналлардан келган ва тўпланган маълумотлар бор. Гарчанд бу маълумотларни бошқа бўлим, бошқа кишилар тўплаган ва тартибга солган бўлса ҳам унинг "ҳаққоний материал" эканига у шубҳа қилмайди. Чунки у органнинг хато қилиши мумкин эмас, деган ақида билан яшайди. Бу маълумотларнинг ҳаммаси бўлмаса ҳам бир қисми (баъзан маълумотларнинг ҳаммаси ҳам) сохта, ўз айбининг очилиб қолишидан чўчиган туҳматчи, ғаламис, худбин, ичиқора, қасоскор кишиларнинг иши эканини хаёлига ҳам келтирмайди, бинобарин, ана шу сохта маълумотлар асосида савол тузади, тергов қилади, қоралайди. Бечора айбланувчи эса терговчининг саволига тушунмай ҳайрон бўлади, ўзини ҳимоя қилади, лекин бари бефойда. Терговчи буни душманнинг найранги, деб ундан кулади, "Яширяпсан, жиноятингни бўйнингга олгинг келмаяпти, фактлар топаяпсан, барча қаршиликларинг фойдасиз", деб комил ишонч билан терговни зўрайтириб юборади.

*  *  *

Халқ, биласанми, нима? Довул, ҳар қандай тўсиқни йўлдан олиб ташлашга қодир довул!

*  *  *

Дунёда ҳалок бўлишига иқрор кишидан тили ўткир ва узун одам бўлмайди.

*  *  *

Сокинликнинг ҳам ўз товуши бор. Бунинг нималигини қалин деворли, темир эшикли, дераза ўрнида кичик туйнукли камерада ўтирган одамгина яхши билади: бу шунақа товушки, қулоғингдан зинғиллаб ўтиб, бутун асабларингни қақшатиб, қалбингга электрдек чирсиллаб тегиб туради.

*  *  *

Ҳеч кимники сезмаса ҳам, она юраги сезади, она қалби билади.

*  *  *

Ҳақиқат зўлдир эмас, нишобга думаласа, у қирғий қўнмас қиядан ҳам жойини топади.

*  *  *

Кишиларга ишониш, эртасидан умидвор бўлишимиз керак. Ахир балиқ эмас-ку, зўравони ожизини ютиб ҳаёт кечирса.

*  *  *

Темирни занг, одамни ғам чиритади.

*  *  *

Кўчадаги гапни десангиз, "Кўйлагимни ювиб нима қиламан, барибир яна кир бўлади", деганга ўхшаган гап. Орқадаги узунқулоқ гапга қулоқ солмаган ютади. Оғзига кучи етмаганлар нималар демайди!

*  *  *

Тўрга тушган балиққа қармоқнинг кераги йўқ.

*  *  *

Чивин бирлашса, филни ҳолдан тойдираркан.

*  *  *

Ёнган оловнинг тутунини яшириб бўладими?

*  *  *

Туҳматнинг оёғи қисқа, узоққа бормайди, ҳақ жойини топади. Ҳақиқат тўқ данак, кўмса кўкариб чиқади.

*  *  *

Она юртнинг ёмони бўлмайди, дўстим. Она  юртни ёмонлаган хор бўлади, одамнинг пачоғи юртига тил теккизади.

*  *  *

Бир хил одамнинг гуручдан курмак тергандек имиллаб ишлашини кўрсам, пақ ёрилиб кетай дейман. Атайин шунақа ишлармикан ўшалар ё бўлгани шумикин? Атайин қилишади. Менимча, қалби билан ёниб меҳнат қилмаган киши севинганида ҳам хандон солиб кулолмаса керак.

*  *  *

Киши қаҳри тош ёргандай, меҳри темирни эритади!

*  *  *

Гожлик билан тошни тепсанг, оёқ оғрийди, холос.

*  *  *

Киши умри бир қултум сув, қулт этди - вассалом, адойи тамом.

*  *  *

Одамлар ўқнинг ақли йўқ, дейди, бу бекор гап. Ўқ ақлли. Ўқ аввалам қўрқоқни қидиради, кейин  бошқага тегади. Боболаримиз "Қирқ йил қирғин бўлса, ажали етган ўлади", деб бекорга айтмаган. Ўша ажал ёвқурлигидан, довюраклигидан, ўлимни ўйламаганидан етмаган!

*  *  *

Одатда, ниманики моне тутилса, қизиқувчилар шунча кўп бўлади.

*  *  *

Баҳорда лой кечган кузда мой чайнайди.

*  *  *

Йўқ, шон-шараф излаган ҳам, ўлимни ўйлаган ҳам жанг қилолмайди. Лекин ўлимни писанд қилмаган ҳам панд ейди. Снаряд тушиши билан вақтида ётиб, вақтида туриш, вақтида бирор тепанинг орқасига ёки чуқурликка чопиб ўтиб олиш қўрқоқлик эмас, балки жанг санъати. Ана шу лаҳзадаги онгли ҳаракат яшаш мақсадида, душманга чап бериб, яна курашга вақт топиш учун қилинади. Кимки, ана шу лаҳзада ўлимни ўйлар экан, ваҳимага берилар экан ёки уни писанд қилмай бепарво бўлар экан, нобуд бўлиши турган гап. Жанг ўлим, ваҳима ва манманликни ёмон кўради. Чунки майдон мардлар учун, эътиқоди бутунлар учун, кўплар қатори яшаш умиди билан ёнганлар учунгинадир.

*  *  *

Эҳ, кўкси сўқирлик кўзи сўқирликдан қанчалик ёмон-а! Шунча ажойиб машиналар кашф этган доно одамлар, нега кишининг юрагини, фикру эътиқодини рўйи-рост кўрсатадиган, аниқлаб берадиган бирорта асбоб ўйлаб тополмайдилар! Ана шунда қандай яхши бўларди. Терговчилар ҳам қаршисига  турғизиб қўйиб, "Қани кимсан, нимасан, юрагингни очиб ташла!" деб қон қилиб ўтирмас эди. Ана шу машинани рўбарў қиларди-ю, ҳаммасини биларди-оларди.

*  *  *

Ҳақиқат ўз ўрнини топади. Лекин унинг кўп вақт поездга ўхшаб кечикиб келиш одати бор. Шуниси ёмон!

*  *  *

- Баъзи одам умрида бир марта, фақат бир мартагина рўйи-рост туриб "олға!" дейиш учун туғилади, узоқ ҳам яшамайди. Модомики, шундай экан, умрнинг узун-қисқаси йўқ. Дунёга келиб, бир шамча ялт этиб кетмаган умр умрми? Одамдан "Қанча яшадинг?" деб эмас, "Дунёга келиб нима қилдинг?" деб сўраш тўғри бўлади. Биров бутун бир китоб ёзади...

- Бошқа биров "шип" этган товуш эшитса, кирпига ўхшаб бошини ичига олиб яшайди... Эҳ, ҳаёт, ҳаёт! Нақадар мураккаб нарса! Мен шу ҳаёт китобига бир вергул қўёлсам, жон дердим.

Б.САЙФИЕВ тайёрлади.

Report typo