Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
29 апрел, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Ўз мухбиримиз

28.03.2024


Доривор ўсимликлар: ОРИГИНАЛ БИЗНЕС-ҒОЯ, ИСТИҚБОЛЛИ ЛОЙИҲА, САМАРАЛИ НАТИЖА

Ихтисослашган савдо ярмаркаси

Вилоятимиз дорихоналарида ҳар куни миллиард-миллиард сўмлик дори воситалари, шу жумладан, хорижий мамлакатлардан келтирилган ўта қиммат фармацевтик препаратлар сотилади. Ваҳоланки, уларнинг айримлари ўрнига воҳамиз ҳудудида табиий ўсаётган ёки махсус плантацияларда маданий ҳолда етиштирилаётган, нархи борасида анча арзон бўлган доривор ўсимликларни қўллаб, худди шундай ва ҳатто каттароқ ижобий таъсирга эришиш, муайян касалликларни даволаш ва олдини олиш мумкин. Бироқ, минг афсуски, дорихоналар мижозларининг асосий қисми бу имкониятдан деярли фойдаланмайди. Бундай шароитда маҳаллий доривор ўсимликларнинг афзалликларини аҳоли ва шифокорлар орасида кенг тарғиб қилиш, уларни етиштириш ва қайта ишлаш билан шуғулланувчи корхоналарнинг техник ва маркетинг салоҳиятини ошириш, соҳада илм-фан ва ишлаб чиқариш ўртасида кооперация алоқаларини мустаҳкамлаш зарурдир.

Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ҳамда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси вилоят ҳудудий бошқармаси томонидан Қарши шаҳрида ташкил этилган доривор ўсимликлар ихтисослашган савдо ярмаркасида батафсил сўз юритилди.

Вилоятимизнинг турли шаҳар ва туманларидан келган доривор ўсимликлар етиштирувчи ва қайта ишловчи тадбиркорлик субъектлари ҳамда ўрмон хўжаликлари вакиллари қатнашган мазкур тадбирнинг асосий мақсади иштирокчилар ўртасида кенг қамровли кооперацияни йўлга қўйишдан иборат бўлди.

- Ушбу ихтисослашган савдо ярмаркаси мамлакатимиз Президентининг 2022 йил 20 майдаги "Доривор ўсимликларни маданий ҳолда етиштириш ва қайта ишлаш ҳамда даволашда улардан кенг фойдаланишни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори ижроси доирасида ўтказилмоқда, - деди Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ҳудудий бошқармаси бошлиғи ўринбосари Ойбек Умрзоқов. - Ярмаркада шу соҳада фаолият кўрсатаётган ишбилармонлар ўзаро тажриба алмашиб, ҳамкорлик ўрнатишаяпти ва айни пайтда доривор ўсимликларни чуқур қайта ишлаш ва қадоқлаш, тайёр маҳсулотларни ички ва ташқи бозорларга чиқариш, ўз брендини яратиш бўйича кенг маълумотларга ҳам эга бўлишаяпти.

Ўтган йили Қамаши, Китоб ва Шаҳрисабз туманларидаги ўрмон хўжаликлари билан шартномалар тузиб, Талимаржон шаҳрида доривор ўсимликлар қадоқлашни йўлга қўйган "Star Pharm Line" масъулияти чекланган жамияти вакиллари ярмаркада ўз маҳсулотларининг тақдимотини ўтказишар экан, келажакдаги режаларини ҳам ошкор қилишди.

- Бугунги кунда мойчечак, иттиканак ўти, эман пўстлоғи, наъматак ва яна бир қатор доривор ўсимликларни дастлабки қайта ишлаб, 12 турдаги маҳсулот ишлаб чиқараяпмиз, - дея маълум қилди жамиятнинг таъсисчиси ва раҳбари Валижон Қаршиев. - Ихтисослашган ярмарка ва  бошқа шу каби тадбирларда иштирок этиш орқали яқин келажакда ҳамкорларимиз сафини ҳам, маҳсулотларимиз турини ҳам кенгайтиришни мўлжаллаяпмиз.

Тадбирда ўз маҳсулотларини намойиш этган корхоналарнинг вакиллари воҳамизда табиий ўсаётган доривор ўсимликларнинг фойдали хусусиятларига ҳам алоҳида урғу бериб, уларга нима сабабдан хорижда ҳам талаб катта эканлигини тушунтиришди. Бу борада, айниқса, Шаҳрисабз туманидаги "Камар дориворлари"  МЧЖ раҳбари, халқ табобати бўйича бир нечта китобларнинг муаллифи Мелиқул Холов фаоллик кўрсатди.

- Халқ орасида "олтин илдиз" номи билан машҳур биргина родиола илдизини олайлик, - дея мисол келтиради у. - Инсон танасига таъсир кучи ва самарадорлиги сабаб бу ўсимликни кўпинча женьшенга қиёслашади. Ундан тайёрланган қайнатма ва дамламалар чарчоқни олади, организмнинг захира ресурсларини фаоллаштиради. Родиола асосида ишлаб чиқарилган препаратлар невроз, неврастения, гипотония, руҳий зўриқиш ва стрессларда марказий асаб тизими фаолиятини нормаллаштиради.

Шу билан бирга Мелиқул Холов корхонасига ажратилган майдонларда нафақат родиола, балки анзур пиёзи, чаканда (облепиха) ва бошқа доривор ўсимликлар етиштирилишини таъкидлаб, жорий йилдан бошлаб улар асосидаги маҳсулотлар экспортга чиқарилишини маълум қилди.

Қамаши туманидаги "BBU-Azamat" масъулияти чекланган жамияти эса аллақачон экспортбоп доривор ўсимликлар етиштириш лойиҳасини амалга ошириб, уни тобора кенгайтириб бормоқда.

- 155 гектар майдонда қора ва қизил рангли гулхайри, ширинмия, сеструм, мойчечак каби 15 турдан ортиқ доривор ўсимликларни етиштириб, дастлабки қайта ишлаймиз, - дейди "BBU-Azamat" МЧЖ директорининг ўринбосари Дўстмурод Чориев. - Европа Иттифоқи мамлакатларида фармацевтика, парфюмерия-косметика ва озиқ-овқат саноатида қимматбаҳо хомашё сифатида кенг қўлланиладиган бу маҳсулотларни Польша, Германия, Испания ва бошқа давлатларга етказиб берамиз. Ўтган йилнинг ўзида корхонамизда доривор ўсимликлар экспорти 1 миллион доллардан ошди.

Ярмаркада ЎзССП вилоят ҳудудий бошқармаси мутахассислари барча иштирокчилар билан индивидуал суҳбатлашиб, мавжуд бизнес-ғоялар асосида истиқболли лойиҳаларни яратиш ва уларни амалиётга татбиқ этиш бўйича тавсиялар беришди.

Ўз мухбиримиз

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар. 

Report typo