Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
26 апрел, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

16.10.2020


ДХХ ходими бўлишни орзу қиларди, гўёки бунга эришди ҳам, фақат...

Китоб туманида яшовчи 24 ёшли Фурқат (исмлар ўзгартирилган) ёшлигида хавфсизлик хизмати ходими бўлишни орзу қиларди. Мактабни тугатиб, олийгоҳга ҳужжат топширди, бироқ ўқишга киролмади. Янада пухта тайёрланиб, мақсадига эришиш учун қатъий ҳаракат қилиш ўрнига эгри йўлдан юришни маъқул кўрди.

Ҳарбий кийим ва сохта гувоҳнома тайёрлатиб, ўзини ДХХ ходими сифатида ҳис қила бошлайди. Дастлаб Шаҳрисабз шаҳрида уй ижарага олиб, хонадон эгасига ДХХда ишлашини айтади. Табиийки, уй эгалари унга ишонади. Фурқат уларга акасининг Ўзбекистон ва Қозоғистон Республикалари чегарасини қўриқлаш вақтида отишмада яралангани, шунинг учун отаси ундан пул сўрагани ҳақида айтади. Сўнг “Маош келгунича” деб хонадон бекасидан 1000 доллар  олади. Аслида йўқ маош келмайди, демакки, пул ҳам эгасига қайтмайди.

Шундан кейин у Шаҳрисабз шаҳри, Китоб ва Нишон туманларида ҳам ҳар хил фириблар билан фуқароларни чув туширишда давом этади.  

Бузоқнинг югургани сомонхонагача, деганларидек, унинг ҳаракатлари узоқ давом этмайди, қўлга олиниб, маҳкамага тортилади.

Жиноят ишлари бўйича Шаҳрисабз шаҳар суди раиси Лазиза Расуловага таяниб шаҳар ҳокимлиги ахборот хизматининг хабар беришича, судда мазкур ҳолат кўриб чиқилиб, жабрланувчиларга етказилган зарар қопланмагани инобатга олинган ва Фурқатга нисбатан 7 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Report typo