Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
29 май, чоршанба. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Иқтисодиёт
  • Депутатлар Тошкентдаги меҳмонхона лойиҳасини ишлаб чиқиш, болаларни оромгоҳларда дам олдириш ва Журналистлар уюшмаси вилоят бўлимини сақлаш учун миллион-миллион маблағ ажратишди

Ўз мухбиримиз

20.07.2023


Депутатлар Тошкентдаги меҳмонхона лойиҳасини ишлаб чиқиш, болаларни оромгоҳларда дам олдириш ва Журналистлар уюшмаси вилоят бўлимини сақлаш учун миллион-миллион маблағ ажратишди

Маҳаллий Кенгашларда

Жорий йил 17 июль куни халқ депутатлари вилоят Кенгаши вилоят маҳаллий бюджетининг қўшимча манбалари ҳисобидан 36,5 миллиард сўмни турли тадбирларга йўналтириш бўйича қарор қабул қилди.

"E-qaror" ягона электрон тизимида жойлаштирилган мазкур ҳужжатга кўра, ажратилган маблағнинг энг катта қисми (10 миллиард сўм)  "Президент таълим муассасалари мактабларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш, замонавий мебель ва жиҳозлар, ўқув-лаборатория асбоб-ускуналари, ахборот-коммуникация технологиялари, мультимедиа ҳамда видео-кузатув воситалари билан таъминлаш билан боғлиқ харажатлар учун" мўлжалланган.

Ҳарбий-маъмурий секторни ривожлантириш жамғармасига 4,5 миллиард сўм ўтказилади, яна 3,85 миллиард сўм эса Қарши шаҳри Мустақиллик маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида барпо этилган спорт мажмуасидаги қурилиш ишларидан юзага келган қарздорликни қоплашга сарфланади.

2 миллиард 580,6 миллион сўм вилоят ҳокимлиги бошқарув аппарати раҳбарлари ва ходимлари, ишчи-хизматчилари ҳамда техник хизмат кўрсатувчилар, халқ депутатлари вилоят Кенгаши котибияти, сайлов котиби, мурожаатлар бўлими ҳамда Қабуллар уйи ишчи-хизматчилари ва масъул ходимларига лавозим маошининг ҳар ойлик иш ҳақига қўшимча устама тўловлари амалга оширилиши учун жорий йилнинг III чораги билан боғлиқ харажатларга йўналтирилади.

1 миллиард 839 миллион сўм Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги Қашқадарё вилоят бошқармасига "Янги Ўзбекистон ёшлари бирлашайлик" фестивалининг вилоят босқичи ҳамда волейбол бўйича спорт мусобақаси, шунингдек, ёшлар фестивали ва Ёшлар куни байрамини ўтказиш учун қилинган харажатларга берилади.

Яна тахминан шунча маблағ (1 миллиард 820 миллион сўм) вилоят ҳокимлиги "Ягона буюртмачи хизмати инжиниринг компанияси" давлат унитар корхонасига Қарши шаҳридаги 17-ихтисослаштирилган мактаб-интернати биносини жорий таъмирлаш ишлари учун ҳам ажратилмоқда. Дарвоқе, ушбу мактаб-интернат биносини капитал таъмирлаш (волейбол, баскетбол, минифутбол ҳамда болалар майдончаларини қуриш) билан боғлиқ қарздорликни қоплаш учун маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари маблағлари ҳисобидан тағин 739.3 миллион сўм талаб этилади.

Вилоятимиздаги сел омборлари ва сел сув омборларининг хавфсизлигини таъминлашга 1,5 миллиард сўм, ижтимоий соҳа объектларини кўмир ёқилғисига ўтказиш бўйича лойиҳа олди ва лойиҳа-смета ҳужжатларини тайёрлаш билан боғлиқ харажатлар учун 1,1 миллиард сўм, "Чироқчи" эркин иқтисодий зонаси ва Қарши халқаро аэропортининг чегараларини ажратиш учун 4 километр масофада барпо этилган девор қуриш ишлари туфайли юзага келган қарздорликни қоплашга роппа-роса 1 миллиард сўм тақдим этилади.

Шунингдек, вилоятимиз маҳаллий бюджети қўшимча манбаларидан яна бир қатор мақсадлар, жумладан, Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек тумани Чингелди маҳалласидаги "Янги Ўзбекистон" боғига туташ ҳудудда меҳмонхона қуриш ишларининг лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқишга  (795,9 миллион сўм), Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун "Хорижий тилларни ўқитиш бўйича энг яхши мактаб" танлови вилоят босқичида ғолиб чиққан мактабларни тақдирлашга (600 миллион сўм), оилавий болалар уйлари тарбияланувчилари, васийлик ва ҳомийлик, патронатга ва фарзандликка олинган ҳамда ўз ота-онаси тарбиясига қайтарилган 7-14 ёшда бўлган 78 нафар боланинг оромгоҳларда дам олиш харажатларини қоплаб беришга (109,2 миллион сўм), Журналистлар уюшмаси вилоят бўлимининг фаолиятини сақлаш ва моддий-техника базасини мустаҳкамлашга (33 миллион сўм) ажратилаяпти.

Кенгаш қарорида мамлакатимиз Президентининг  жорий йил 24 февраль куни Қашқадарёга қилган ташрифи давомида берилган топшириқларга асосан электр энергия, ичимлик ва оқова сув таъминоти, ички йўлларни таъмирлаш ҳамда ижтимоий соҳалардаги муаммоларни бартараф этиш мақсадида республика бюджетидан 200 миллиард сўм миқдорида мақсадли ссуда ажратилгани ва ушбу маблағ ҳисобидан Деҳқонобод тумани Пудинали Оққишлоқ маҳалласида ичимлик суви тармоқларини қуришга 1 миллиард  435,7 миллион сўм, Шаҳрисабз шаҳрининг тарихий майдонида ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларига 1 миллиард 853,7 сўм маблағ йўналтирилгани ҳам инобатга олинган.

Ўз мухбиримиз

Report typo