Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
7 февраль, сешанба. 2023 йил                         Махсус версия RU

Ўз мухбиримиз

22.10.2021


Депутатлар блогерларга пул ажратди, нима учун?

Маҳаллий Кенгашларда

Халқ депутатлари Қамаши тумани Кенгаши беш нафар блогерга "Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик жараёнини оммавий ахборот воситалари(!)да ёритиб борганлиги учун" 21 миллион сўм ажратишга қарор қилди.

Буни Кенгаш томонидан жорий йил 9 октябрда қабул қилиниб, белгиланган тартибда e-qaror.gov.uz порталида эълон қилинган ҳужжат тасдиқлаб турибди. 

Халқ депутатлари туман Кенгашининг "Қамаши тумани маҳаллий бюджетининг қўшимча манбалари ҳисобидан маблағларни йўналтириш тўғрисида"ги қарори тегишли бандларида блогерларга маблағ ажратиш бўйича қуйидаги жумлалар битилган (уларни таҳрирсиз, асл ҳолида келтиришни лозим топдик):

"...Қамаши туманида 2021 йил Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик жараёнини ёритиб бориш мақсадида тумандаги 4 та секторга ҳамда туман бўйича блоггерлар тайинланган. Ушбу блоггирларга Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик жараёнини оммавий-ахборот воситаларида ёритиб борганлиги учун блоггерларга ажратиладиган маблағ жами 21 млн сўм 4-иловага мувофиқ Қамаши туман маҳаллий буджетнинг қўшимча маблағлари ҳисобидан ажратилсин...

...Қамаши тумани ҳокимлиги бош ҳисобчиси (Маматов) 4-иловага мувофиқ ушбу блоггирларнинг махсус карта рақамларига маблағларни белгиланган тартибда ўтказиб беришни таъминласин."

Қарорнинг 4-иловасига назар ташласак, унда "Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик жараёнини оммавий-ахборот воситаларида ёритиб борганлиги учун блоггерларга ажратиладиган маблағлар" акс эттирилган экан.

Хусусан, "Qamashi.uz" Telegram-каналини юритаётган ва  1-сектордаги жараёнларни ёритган Нурбек Расуловга 1 миллион сўм, "Qamashi_TV" Telegram-канали вакили (2-сектор) Фахриддин Чориев, "Qamashikunuz" Telegram-канали вакили (3-сектор) Бекзод Бойиров, Faсebook тармоғидаги шахсий саҳифа  муаллифи (4-сектор) Умида Холмирзаева ҳамда "Turon 24/7" Telegram-канали   вакили (туман бўйича) Ўролжон Камоловга 5 миллион сўмдан, жами 21 миллион сўм   маблағ ажратилиши айтилган.

Энг қизиғи, "Qamashi.uz" Telegram-канали Қамаши тумани ҳокимлигининг расмий канали ҳисобланиб, унда сайловга тайёргарлик жараёнларини ёритган "блоггер" аслида туман ҳокимининг матбуот котибидир. Эҳтимол, у блогерлик фаолиятини ҳам юритаётгандир, аммо "Qamashi.uz" Telegram-каналига доир ишлари бевосита хизмат вазифасига киради.

Яна бир тушуниш қийин бўлган жиҳати, "Qamashi_TV", "Qamashikunuz" ва "Turon 24/7" Telegram-каналларида ҳам, Умида Холмирзаеванинг Faсebook тармоғидаги шахсий саҳифасида ҳам Қамаши туманидаги сайловга тайёргарлик жараёни жуда фаол ва кенг ёритилган, деб бўлмайди. Масалан, "Qamashi_TV" Telegram-каналида кейинги икки ой давомида жойлаштирилган "пост" - хабарларда "сайлов" сўзи атиги беш марта учрайди, ўшандан иккитаси Кенгаш қарори эълон қилинган санадан кейин, 20 октябрда. Қарорнинг 4-иловасида қайд этилган бошқа блогерларнинг ижодида ҳам сайловга тайёргарлик масаласи бир-икки маротаба тилга олинган бўлса, олингандир, аммо бунга алоҳида эътибор қаратилмаган. Бироқ депутатлар блогерларга туман бюджетидан анчагина маблағ ажратишга қарор қилишган экан, демак, бунинг қандайдир сабаби бор, фақат ўрнига "сайловга тайёргарлик жараёнини оммавий ахборот воситаларида ёритиб борганлиги учун", деб ёзиб қўйилган.

Тўғри, ким учундир 21 миллион сўм катта пул саналмас, аммо халқ депутатлари туман Кенгашининг айнан шу кун - 2021 йил 9 октябрдаги қарори билан Самарқанд ва Пахтаобод маҳалла фуқаролар йиғинларида аҳолининг ҳовли деворларини таъмирлаш билан боғлиқ харажатлар учун ҳам умумий ҳисобда 14,8 миллион сўм миқдорида маблағ ажратилган. Блогерларнинг "ёрдами" эса бундан қарийб 1,5 баравар қиммат баҳоланган.

Ўз мухбиримиз

Report typo