Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
16 июнь, якшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Шоҳиста БОЗОРОВА

22.07.2022


ДАВЛАТ ИДОРАЛАРИГА КАДРЛАР ТАНЛАШ ЖАРАЁНИ ШАФФОФМИ?

Матбуот анжумани

Давлат фуқаролик хизматчилари вакант лавозимларининг ягона очиқ портали - vacancy.argos.uz сайти орқали 5 минг 805 марта вакант лавозим бўйича танловлар эълон қилиниб, уларда 50 минг 996 нафар номзод танловда иштирок этиш учун ҳужжат топширди. Ҳар бир вакант лавозимга ўртача 8-9 нафардан номзод тўғри келмоқда.

Бу ҳақда бугун Қарши шаҳридаги "Журналистлар уйи"да Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги вилоят филиали вакиллари иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида айтиб ўтилди.

- Ўтказилаётган танловлар юзасидан мурожаатлар учун махсус бот фаолият кўрсатмоқда, - деди филиал раҳбари Бекзод Жўраев. - У орқали вилоятдаги танловлар билан боғлиқ масалаларда номзодлар ёки танловларда иштирок этишни истаган фуқароларнинг саволларига жавоб бериб келинмоқда. Давлат органлари ва ташкилотларига ишга қабул қилиш жараёнларини рақамлаштириш орқали ушбу жараёнда инсон омилини камайтиришга эришилди. Бу эса ўз навбатида давлат идораларига кадрлар танлаш жараёни шаффофлигини таъминлаб, бир қанча коррупцион омиллар юзага келиш эҳтимолини камайтирмоқда.

Матбуот анжуманида таъкидландики, вилоятнинг 16 та туман (шаҳар) ҳоким ўринбосарлари фаолиятини "Энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари" (ЭМСК-КРI) орқали баҳолаш тизими 2020-2021 йиллар давомида эксперимент тарзида йўлга қўйилди. Биринчи навбатда маҳаллий ижро ҳокимияти органларининг вазифа ва функцияларидан келиб чиқиб 200 га яқин кўрсаткичлар ўрганилиб, шундан 70 та энг устувор аҳамиятга эга кўрсаткичлар бўйича туман (шаҳар) ҳокимлари ва уларнинг ўринбосарлари фаолиятини баҳолаш ЭМСК-КРI жорий этилди.

- Вилоят ҳокимининг 2022 йил 15 майдаги қарорига мувофиқ "Вақтинчалик тартиб" ишлаб чиқилди ва амалиётга жорий этилди, - деди ўз сўзида Бекзод Жўраев. - Унга кўра, 39 та вазифа ва 46 та кўрсаткич ишлаб чиқилган. Қарорга мувофиқ юқори натижага эришган ҳоким ўринбосарларини моддий рағбатлантириш ҳамда ярим йил ва йил якунида кетма-кет "қониқарсиз" кўрсаткичларга эга бўлган ҳоким ўринбосарларини интизомий жавобгарликка тортиш масаласи киритилган. Шунга мувофиқ, ҳозир 2022 йилнинг биринчи ярим йиллигида амалга оширилган баҳолаш жараёни якунига етказилмоқда.

Ҳоким ўринбосарларининг 2021 йил якунлари бўйича фаолиятини баҳолаш натижаларига кўра 88 нафар ҳоким ўринбосарларидан 49 нафари яшил (85 баллдан юқори), 27 таси сариқ (70 баллдан 85 баллгача), 12 таси қизил (70 баллгача) кўрсаткичларни қайд этган.

Шунингдек, матбуот анжуманида секторлар рейтинги бўйича ҳам маълумот бериб ўтилди. Таъкидландики, Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 23 августдаги "Ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар фаолияти самарадорлигини баҳолаш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига мувофиқ вилоятдаги 60 та (2022 йилдан - 64 та) сектор фаолияти 25 та индикатор кўрсаткичлари асосида баҳолаб борилмоқда.

2021 йил натижаларига кўра вилоятда 60 та сектордан 1 та яшил, 56 та сариқ ва 3 та қизил (Нишон ва Миришкор туманларидаги 2-сектор, Ғузор туманидаги 4-сектор) кўрсаткичларни қайд этган. Сектор раҳбарларининг жорий йилнинг биринчи ярим йилликдаги фаолиятини баҳолаш ишлари эса мутасадди ташкилотлар томонидан ўрганилмоқда.

Анжуманда вилоятда ёш фаол кадрлар учун ташкил этилган “Келажак лидерлари” клуби фаолияти ҳақида ҳам тўхтаб ўтилиб, ушбу клуб аъзолари келгусида вилоятнинг “олтин захираси” бўлиши алоҳида таъкидланди.

- Ёшларнинг келажакда фаолият самарадорлигини ошириш ва ижтимоий-иқтисодий соҳаларда билим кўникмаларини доимий ривожлантириб бориш, лавозимга мосланувчанлигини таъминлаш мақсадида ёшларни давлат фуқаролик хизмати соҳасида “устоз-шогирд” тамойили асосида оталиққа олиниши уларни янада кўпроқ ўқиш, интилиш, ўз устида тинимсиз ишлаш ҳамда келажакда ҳақиқий лидер бўлиб етишишлари учун мотивация бераяпти, - деди Б.Жўраев.

Матбуот анжуманида ОАВ вакиллари ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.

Шоҳиста БОЗОРОВА

Report typo