Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
30 апрел, сешанба. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Маданият
  • “Чанқовуз ва сибизға” халқаро фольклор фестивали: асрлар оша етиб келган куйлар

Ўз мухбиримиз

10.06.2023


“Чанқовуз ва сибизға” халқаро фольклор фестивали: асрлар оша етиб келган куйлар

;

Кеча Қарши шаҳридаги “Одина” мажмуасида ўтказилган “Чанқовуз ва сибизға” халқаро фольклор фестивали қадимий чолғуларни халқ орасида кенг оммалаштириш ва моҳир созандаларни излаб топиб, уларнинг ижро анъаналарини ёш авлодга етказиш ва умумтуркий маданий меросни дунёга тарғиб қилиш каби эзгу мақсадларга қаратилди.

Илгари хабар берганимиздек, мазкур фестиваль Ўзбекистон томонидан Туркий давлатлар ташкилоти билан ҳамкорлик доирасида илгари сурилган “Табаррук зиёрат” туризм концепциясига асосан туркий халқлар ўртасида маданий алоқаларни янада мустаҳкамлаш ва ташкилотга аъзо мамлакатлардан туристларни жалб қилиш учун уюштирилган.

- Президентимиз қарорига мувофиқ ташкил этилган бу фестивалга тайёргарлик жараёнида мен шогирдларим билан бирга ота-боболаримиздан мерос қолган ва ҳозирги пайтда, афсуски, йўқолиб бораётган кўплаб қадимий чолғуларни, масалан, ёғоч ва суяк чанқовузлар, ғажир най, қурай, турли хил сибизғаларни тиклаб, тадбир доирасидаги кўргазмада намойиш этдик, - дейди “Ҳунарманд” уюшмаси аъзоси, заргарлик буюмлари ва мусиқа асбоблари устаси Шариф Раупов. -  Бу фестиваль эса бизга турли ҳудудлардан келган ижрочилар ва ҳунармандлар, фольклор жамоалар вакиллари ва олимлар билан алоқаларни янада кенгайтириб, ишларимизни фаол давом эттириш учун имконият яратди.

Фестивалда нафақат чанқовуз ва сибизға, балки лой ҳуштак, чўпон най ва бошқа қадимий чолғуларнинг моҳир ижрочиси бўлган ҳаваскор ва профессионал мусиқачилар якка ҳамда жамоа бўлиб қатнашишди. Кўпгина ҳолларда эса иштирокчилар томонидан импровизация асосида, яъни тайёргарликсиз, бевосита ижро пайтида шундай ноёб мусиқий композициялар яратилдики, томошабинлар уларни гулдурос олқишлар билан кутиб олишди. Чанқовуз оҳанги ва сибизға куйи ҳам фольклор қўшиқлар, ҳам замонавий мусиқа билан уйғунлашиб, барчада ажойиб таассурот қолдирди.

-Эсимни таниганимдан бери лалмида ўсадиган қамишдан мана шундай сибизға ясаб чаламан, - дейди қўлидаги миттигина мусиқа чолғу асбобини кўрсатиб Деҳқонобод туманидаги Усмондара қишлоғида яшовчи Аҳмад бахши Жўраев. – Унинг куйи менга достонларимиз қаҳрамонлари ҳаётидаги оғир дамлар, айниқса, ёридан айрилиқда юрган вақтларини тасаввур қилишга ёрдам беради. Хаёлан халқимиз ўтмиши, тарихига саёҳат қилгандек бўламан. Бугунги фестивалда ёшларнинг ҳам қадимий чолғуларимизга қизиқишини, уларнинг ижро маҳоратини кўриб, жуда ҳурсанд бўлдим. Демак, чанқовуз ва сибизға каби созларимиз абадий яшайди.

 

Фестиваль иштирокчиларининг чиқишлари таниқли санъат ва маданият арбоблари, соҳа мутахассислари, тадқиқотчилар ва амалиётчилардан  иборат ҳайъат аъзолари томонидан баҳоланиб, “Энг яхши чанқовуз ижрочиси”, “Энг яхши сибизға ижрочиси”, “Энг ёши улуғ иштирокчи”, “Устазода созанда” “Энг яхши соз ясовчи уста”, “Мухлислар эътирофига сазовор бўлган энг яхши иштирокчи” каби номинацияларда ғолиблар аниқланди. Уларга тадбирнинг асосий ташкилотчилари – Ўзбекистон Республикаси Маданият ва туризм вазирлиги, Республика маданият муассасалари фаолиятини ташкил этиш илмий-методик маркази ва Қашқадарё вилояти ҳокимлигининг дипломлари ва эсдалик совғалари топширилди.

Ўз мухбиримиз

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар

 

 

Report typo