Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 июнь, сешанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Собир НАРЗИЕВ

14.04.2023


ЧЎЛ БАҒРИДАГИ ДЕНГИЗКЎЛ

Табиат ва инсон

Бир қисми Бухоро вилоятининг Олот тумани, яна бир қисми эса вилоятимизнинг Миришкор туманидаги сарҳадсиз кенгликлар бўйлаб чўзилган Денгизкўл ҳақида кўп эшитганмиз, аммо унинг тарихини ҳаммамиз ҳам яхши билмаймиз.

Тарихий манбаларда қайд этилишича, Денгизкўл ўрта асрларда “Боргини фарох”, яъни “Катта кўл” деб аталган. X асрга оид ёзма манбаларда Денгизкўл “Қоракўл”, “Бухайрайи Сомжан” (“Сомжан кўли”) номлари билан аталган.

X асрда араб географи Ибн Ҳавқал томонидан чизилган Ўрта Осиё харитасида “Бахр ул-Бухоро” (“Бухоро денгизи”) номи билан кўрсатилган.  Муҳаммад  Наршахий (X аср) бу кўл ҳақида “кенглиги йигирма фарсах (140-160 километр) бўлиб, Бухоро дарёсининг ортиқча суви шу кўлга йиғилган, унда сув жониворлари кўп, бутун Хуросонда бу ердагидек миқдорда қуш ва балиқ тутилган эмас”, деб ёзган.

Хуллас, Денгизкўл ҳақидаги турли маълумотлар, афсонаю ривоятлар бизни ушбу кўлни бориб кўришга ундади. Бир гуруҳ ҳамкасблар билан йўлга чиқдик.

Миришкор туманининг Помуқ шаҳарчасидан чиққач, чегараси йўқ чўл муҳити сизни қарши олади. Айни кунларда куннинг меъёридан ортиқ қизиши чўлда икки ҳисса билинади. Шундай чўлда денгиздай кўлнинг бўлиши ухлаб тушга кирмайди. Бу ёғи чанг тузон. Яланглик бўлгани боис чўлда шамол шиддатли эсади. Баҳор келиши билан кўримсизгина яшил тусга кирган саксовуллар кучли шамолдан сингудек тебранади.

Ниҳоят. баланд паст-довонлардан ўтганимиздан сўнг, Денгизкўл бизни қарши олди. Охири кўринмайдиган баҳри-муҳит ҳар қандай кишини ўзига ром этиши тайин. Кучли шамолдан ҳосил бўлган тўлқинлар қирғоққа  мавжланиб урилади.

Қирғоқда ҳосил бўлган чўкиндиларда денгиз чиғоноқлари кўзга ташланади. Балиқчи қушлар жуфт-жуфт бўлиб, кўл узра пастлаб учади. Кўл қирғоғининг яланглик қисмларида тўқайзорлар ҳосил бўлган. У ерда эса ёввойи табиат қайнайди. Инсониятдан йироқда бўлгани боис кўплаб қушлар тўқайзорни макон қилган. Кутилмаган меҳмонларни келганини кўриб, хўркиб осмонга кўтарилади. Узоқроққа бориб яна қўнади. Тўқайда ёввойи ўрдак, ғоз, ҳатто қалдирғочларни ҳам кўриш мумкин. Хуллас, чўл ва уммон бир-бирига мос келмайдиган икки табиат ҳодисасини шу ерда кузатиш мумкин. Кўлдан 10 қадам узоқлашсангиз, қумликлар макон қилган саҳро, яқинлашсангиз салқин ҳаволи кўл табиати сизни қарши олади.

Собир НАРЗИЕВ

Муаллиф олган суратлар.

Report typo